islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Dekabr 12, 2018

Day

Энг бой инсон

Иймон эътиқодли кишининг шукроналик, сабр-бардош ва қаноат туйғуси ўз-ўзидан унинг хулқ-атворда, шахс сифатларида ва оилавий муносабатларида қанчалик акс этиши, исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. Алишер Навоий  ҳазратлари асарларида келтирилган қаноат, шукр сўзларининг мазмун-моҳиятига аҳамият берсак, нақадар гўзал ҳолатда васф қилинганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Мисол учун, “Маҳбубул–қулуб” асарида “Қаноат  шундай бир чашмаки, унинг суви ҳеч қачон қуримайди, бир хазинаки, сарф этган билан камаймайди. Шундай бир зироатгоҳки, уруғидан иззат ва шафқат ҳосили унади. У гўё бир дарахтки, унинг шоҳида ҳурмат меваси пишади…”– каби фикрларини баён этган. Мутафаккир инсондаги иродани  қаноатга ўхшатади, уни сабрли бўлишга чорлайди. Муқаддас динимиз таълимотларида қаноатли бўлиш борасида келган илоҳий ўгитларга қулоқ солсак. قال النبي – صلى الله عليه وسلم -: وَارْضَ بِمَا قَسَمَ اللهُ لَكَ تَكُنْ أَغْنَى النَّاسِ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло сенга тақсимлаб берган нарсага рози бўл, шунда инсонларнинг энг беҳожатига айланасан” (Имом Термизий ривояти). “Ризо” (яъни берилган нарсаларга розилик) аччиқланиш ва ғазабланишнинг акси демакдир. Имом Муслим саҳиҳ тўпламида келтирилган ҳадиси шарифда бу маъно  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “أَعُوذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ” “(Аллоҳим) Сенинг розилигинг ила ғазабингдан паноҳ сўрайман” дея ўргатган дуоларида ўз тасдиғини топган. Бошқа бир ҳадиси шарифда Ул Зот шундай дейдилар: إن الله إذا أحب قوما ابتلاهم، فمن رضي فله الرضا، ومن سخِط فله السَّخَط صحيح سنن الترمذي. “Аллоҳ таоло агар бир қавмни яхши кўрса, ўша қавмни (мусибат ила) имтиҳон қилади. Кимда ким (бу қисматга) рози бўлса, (қиёмат кунида) унга ҳам розилик бордир. Кимда ким (бу қисматга) ғазаб қилса (қиёмат кунида) унга ҳам ғазаб бордир” (Имом Термизий ривояти). Уламоларимиз берилган нарсаларга розиликка қуйидагича: “Ризо – қалбнинг Парвардигор ихтиёрига таскин топмоғидир” деб таъриф берилган бўлса, яна бошқа бир таърифда “Ризо –тақдирнинг аччиқлиги сабабидан ҳам қалбнинг хурсанд бўлишидир”, дейилган. Бошқа олимлар: “Ҳар қандай ҳукмни хурсандчилик ила қарши олиш”, яна бир таърифда эса “Ҳар қандай ҳукм ўқилганда ҳам жазавага тушмаслик – ризодир” деб келтирилган. Розилик таслим бўлиб қўл қовуштириш эмас. Чунки аслида таслим бўлиш дегани бу –  мағлубиятга учрамоқ ва мақсадга эришиш учун  жидду жаҳд  қилмасликдир. Ҳақиқий розилик бўлса, мақсадга етишиш учун бор имкониятни ишга солиш, мабодо эриша олмаса, ана шунда ҳеч қандай жазавага тушмасдан, ғазабланиб, аччиқланмасдан Аллоҳ таоло тақсимлаб берганига рози бўлишдир. Бу айни турмуш қуриб фарзанд кўра олмаган, дардга чалиниб шифо топа олмаётган, Аллоҳ таолонинг тақдири ила фақирлик, ҳоли тангликка учраб қанча ҳаракат қилса ҳам бундан қутула олмаётган кишиларнинг розилигидир. Қуйида Аллоҳ таоло ёзиб, тақдир қилган нарсаларга рози бўлишдек сифат ила зийнатланишнинг шундай мартабалари келадики, натижада қалб доимий сурурни, нафс муқаррар неъматлар ҳиссини туя бошлайди. Абдулвоҳид ибн Зайд айтади: “Розилик – Аллоҳ таолонинг улуғ эшиги, дунё жаннати (энг буюк неъмати) ва обидлар чироғидир”. Абу Абдуллоҳ Баросий айтади: “Кимга розилик инъом этилган бўлса, фазилат даражаларнинг энг юқорисига етишибди”. Абу Усмон Ҳайрий: “Қирқ йилдан буён Аллоҳ таоло мени мен ёмон кўрган ҳолга ташламади ва ўша ҳолатдан мени мен ғазабланадиган бошқа бир ҳолга кўчирмади” (яъни ҳар қандай ҳолда ҳам мен норизо бўлмадим, ёмон ҳам кўрмадим, ҳеч қачон ғазабланмадим). Алқама розияллоҳу анҳу:   وَمَنْ يُؤْمِنْ بِاللَّهِ يَهْدِ قَلْبَهُ  “Ким Аллоҳга иймон келтирса Аллоҳ унинг қалбини ҳидоятга бошлайди” ояти борасида шундай дейди: “Бу кишига етган мусибат бўлиб, киши уни Аллоҳнинг ҳузуридан эканини билади ва унга таслим ила, рози...
1 2