islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Mart 9, 2019

Day

Уламолар наздида вақтнинг қадри (1-қисм)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيم Бу кичкинагина номнинг ўзига гапларни жалб қиладиган катта ва кўп маънолардан иборат тарафлари бор. Фалсафачилар, тижоратчилар, деҳқонлар, хунармандлар, аскарлар, сиёсатчилар, ёшлар-у, қарилар, толиби илмлар-у, илм аҳлларининг ҳар бирлари наздида вақтнинг ўзига хос қадри бор. Мен сўзимни  толиби илмлар ва илм аҳллари наздидаги “Вақтнинг қадри”гагина хослайман. Бу уринишимдан толиби илмларнинг ҳимматлари сустлашган бугунги кунда азми қарорли ёш илм толиби бўлган ўсмирларнинг ҳимматига туртки ва рағбат бўлишини умид қилдим. Тиришқоқларнинг мақсадлари секинлаб қолиб, илм учун ёниб ҳаракат қиладиган талабларнинг топилиши нодир бўлиб қолди. Зийраклик ва зукколик йўқолиб, дангасалик ва лоқайдлик ҳукм сура бошлади. Бунинг оқибатида илм аҳлларининг сафларида заифлик ва ортта қолиш кўриниб қолди. Бандаларига Аллоҳнинг неъмати сон-саноқсиздир. Уларни санаб чиқишга ёки идрок қилишга башариятнинг умуман имкони йўқ. Бунга неъматларнинг кўплиги, бардавомлиги, осонгина эришилиши,  Аллоҳ таолонинг узликсиз бериб туриши ва инсонларнинг уларга турли йўллар билан етишиши сабабдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Aгaр Aллoҳнинг нeъмaт(лaр)ини сaнaсaнгизлaр, сaнoғигa етa oлмaйсизлaр. Ҳaқиқaтaн, инсoн ўтa зoлим вa жудa нoшукрдир”  (Иброҳим, 34). НЕЪМАТНИНГ АСЛЛАРИ ВА ФАРЪЛАРИ Неъматлар аслий ва фаръий бўлади. Фаръий неъматлар илм, жисм ва мол-мулкдаги кенглик, кечаларни қоим қилиш, Қуръон тиловатини кўпайтириш, Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш каби нафл ибодатларда бардавом бўлиш, юз, қўл ва оёқлардаги фитрий суннатларни муҳофаза қилиш, эркаклар учун жамоат жойларда хушбўй суртиш, бир бирига йўлиққанда қўл бериб кўришиш, масжидга ўнг оёқ билан кириш, ундан чап оёқ билан чиқиш, йўлдан азиятларни олиб ташлаш каби суннат амалларни ва шунга ўхшаш одоб, суннат, мустаҳаб ва баъзи вожибларни бардавом қилишдир. Буларнинг барчаси неъматларнинг фаръларидир. Буларни биладиганлар наздида неъматларнинг фарълари жуда ҳам кўпдир. НЕЪМАТЛАРНИНГ АСЛЛАРИ Неъматларнинг асллари ҳам сон саноқсиз, кўпдир. Уларнинг энг аввалгиси Аллоҳ таолога ва унинг ҳузуридан келган нарсаларга иймон келтириш ҳамда У зот буюрган ва вожиб қилган нарсаларда иймон тақозосига кўра амал қилишдир. Шунингдек саломатлик ва офиятлик неъматларнинг аслларидан бўлиб, қулоқ, кўз, қалб, аъзолар саломатлиги ҳам шулар жумласидандир. Ушбулар инсон ҳаракатининг меҳвари ва ўз вужудидан истифода қилиш тиргагидир. Илм ҳам неъматларнинг аслларидан бўлиб, ўта катта неъмат ҳисобланади. Инсоннинг тарққиёти, дунёвий ва ухровий саодатларининг барчаси унга боғлиқдир. Илм қандай бўлмасин улкан неъматдир. Уни ҳосил қилиш неъмат, ундан фойдаланиш неъмат, у билан фойда етказиш неъмат, уни сақлаш ва келажак авлодларга етказиш неъмат, инсонлар ўртасида уни ёйиш неъмат ва шулар кабиларнинг барчаси нематдир. Неъматларнинг аслларига мисоллар жуда кўп бўлса ҳам вақтнинг қийматини риоя қилиб узундан узоқ зикр қилмайман. ЭНГ КАТТА АСЛИЙ НЕЪМАТ Аслий неъматлардан, балки уларнинг энг буюги ва энг қимматлиси вақтдир. Бу саҳифаларни унинг қиймати ҳақида,  хусусан толиб илм ва аҳли илмларга нисбатан қиймати ҳақида сўзлаш учун жамладим. Вақт ҳаётнинг умри, инсоннинг борлиқ майдони, унинг даври, боқийлиги, фойда бериши ва фойдаланишининг саҳнасидир. Қуръони карим аслий неъматлар ичида ушбу асл неъматнинг улуғлигига, бошқасидан кўра қадрининг олий эканига  ишора қилган. Вақтнинг қиймати, қадрининг баландлиги ва таъсирининг катта эканига далолат қилувчи бир қанча оятлар келган. ВАҚТ НЕЪМАТИНИ БИЛДИРУВЧИ ОЯТЛАРДАН НАМУНАЛАР Ушбу ўринда вақт неъматини билдирувчи баъзи оятларнигина келтириб ўтаман: “Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила...