islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Aprel 26, 2020

Day

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ШАФОАТЛАРИ (иккинчи мақола)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам хабар берган ана шу шафоатни уламолар саккиз турга ажратганлар: 1. Барча Пайғамбарлар орасидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хос қилиб берилган улкан шафоат. Қуръони каримда ушбу шафоатга ишора келган: “Шоядки, Роббинг сени (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро сураси, 79-оят). Ояти каримада зикр қилинган “мақтовли мақом”ни жумҳур уламолар Пайғамбаримизга бериладиган қиёмат кунидаги улкан шафоат дейишган. 2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб қолган қавмларни жаннатга киришлари учун қиладиган шафоатлари. Баъзилар бу шафоат тўғрисида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам, у зотдан бошқадан ҳам саҳиҳ хабар келмаган, деганлар. Баъзилар эса ушбу оятни келтиришган: “Аъроф (арасот) узра (жаннат ва дўзахдагиларнинг) ҳар бирини сиймолари (аломатлари)дан таниб оладиган кишилар (бўлур)” (Аъроф сураси, 46-оят). Яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб қолган кишилар, бир тафсирга кўра ушбу ояти кариманинг умумий маъносига кирадилар. Яъни яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб ўртада туриб қолган кишилар Расулуллоҳнинг шафоатлари билан жаннатга кирадилар, дейишган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 305

Кечиримли бўлинг!

Аллоҳнинг амри келгунча афв этинг, кечиримли бўлинг, албатта Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Бақара сураси, 109-оят). Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир. (Аъроф сураси, 199-оят)     Икки йигит масжидга кириб келди. Улардан бири сўради: «Домла маҳаллада икки кун олдин жаноза бўлди, шу хонадонга таъзия билдириш учун келяпмиз, вафот этган акани мендан каттагина қарзи бор эди. Шу қарзни ҳозир кирганда айтсак, уйидагиларни ҳижолат қилмаймизми, ноқулай бўлмайдими», деб сиздан сўрамоқчимиз!  Мўминлар омонатдор бўлишади, бу қарзи бор кишини яқинлари адо қилишса керак, таъзия билдиргандан кейин оталарига айтиб кўринг, айни мусибат вақтида яна ҳам кўнгиллари юмшаб турган бўлади, пулингизни имкониятлари бўлса беришади… Яна бир маслаҳат, шу қарзни Аллоҳнинг розилиги учун кечиб юборинг! Аллоҳ таоло Ўзи сизга бу пулдан ўн балки етти юз баробар кўп қилиб қайтарар ёки сиз қанча йиллардан бери орзу-умид қилаётган нарсангизни берар дедим. Бу пулдан кечиб юбориш қийин, бу пулга битта машина беради!… деб чиқиб кетишди. Орадан бир соатлар ўтди. Ҳалиги йигитлар ҳаяжонланиб қайтиб келишди ва сизга ҳадямиз бор дея бўлган воқеани айтди. Таъзия билдиришга кирдик, Қуръон тиловати қилиб марҳумга бағишладик, секин марҳумни отасига яқинлашиб ўғлининг қарзи борлигини айтдим, у киши ҳозир деб уйга кириб чиқди ва менга 1500$ доллор бериб ўғлим сиздан қарзи борлигини айтганди, ҳозир шуни олиб туринг, қолганини кейинроқ қилиб берамиз деди. Шу пайт домла сиз айтган маслаҳат эсимга тушиб, қарзимни кечдим, бу пулларни ҳам олмаслигимни айтдим. Таъзияхонадан чиққанимизда телефонимга акам бир неча бор телефон қилган экан! Акамга телефон қилсам сен қаерда юрибсан, аёлингни мазаси қочиб қолди, дўхтирга олиб кетяпмиз, тез етиб кел деди. Шошиб йўлга чиқдик, Юнусободга етиб борганда акам менга яна телефон қилиб, ҳаммаси яхши суюнчи бер, аёлинг ҳомиладор экан деди… Мен светофордан орқага, масжидга қайтиб, сизнинг олдингизга тўғри маслаҳат берганингиз учун миннатдорчилик билдиргани келдим. Кўп йиллар шифокорга қатнадик, табибларга бордик, чет элда даволандик, анча мунча пул сарфладик. Лекин бефарзанд эдик! Энди Аллоҳ таоло бизга шундай неъматини бераяпти, бу неъматни пулга сотиб олиб бўлмайди, тиллоларга алмаштириб бўлмайди… Бу йигит шундай деганича миннатдорчилик билдириб чиқиб кетди. Бу воқеа кечиримли бўлиш, яхшиликка буюриш, жоҳиллардан юз ўгириш, ҳар бир ишда Аллоҳ таолонинг хоҳиши, амри борлиги, албатта Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодирлигининг фоний дунёдаги биргина исботидир! Энди муборак Рамазон ойига оз қолди, ҳар биримиз атрофимиздаги яқинларимиздан, кечирим сўрасак, уларни кечирсак, айни муддаодир. Зеро,  савоб, мартаба ва неъматларни зиёда қилгувчи Зот ҳам бизларни мағфират қилса, бу синовли кунларда бу «коронавирус» деган балони барча халқларнинг устидан кўтарса! Кутганимиздан зиёдасини берса, халқимиз фаровонликда яшасалар! Шу имкониятдан фойдаланиб ўзим ҳам  ҳаммадан каттаю-кичик, энг яқинларим, сиз азизлардан айрим ғийбатлар ва дилхираликлар ўтган бўлса кечирим сўраб қоламан! Аллоҳ таоло кечиришни яхши кўради, кечирим сўрагувчи ва кечириб юборувчиларни ҳам яхши кўради! Қибрай тумани «Ҳожи Туроб ўғли ҳожи Абдуллоҳ» масжиди имом хатиби Ахмаджонов Баходир Манба: fitrat.uz 415

Ойлар султони – моҳи Рамазон юртимизга қут-барака ва офият олиб келсин!

Бутун мусулмон олами, хусусан юртимиз аҳли муборак Рамазон ойини катта ҳозирлик ила қарши олмоқда. Эзгулик, меҳр-шафқат ва сабр-қаноат ойи бўлган фазилатли Рамазон ойи бу йил дунёда коронавирус касаллиги кенг тарқалган оғир даврга тўғри келмоқда. Ана шундай қийин шароитда ҳам динимиз буюрган амалларни оила даврасида адо этиб келаётган мўмин-мусулмонларимиз ушбу фазилатли ойни Аллоҳ таолонинг чексиз раҳмати ва мағфиратининг белгиси сифатида, эртанги кунга катта ишонч ва хурсандчилик ила кутиб олмоқда. Юртимизда ҳам ушбу хасталикка чалинганлар мавжудлиги барчамиздан ҳушёрликни янада кучайтириб, карантин тартиб-қоидаларига қатъий амал қилишни талаб этади. Ўз навбатида бу йўлда чинакам қаҳрамонлик қилиб, жасорат кўрсатаётганларнинг ҳаққига мудом дуои хайрлар қиламиз. Юртларни қут-баракага буркайдиган, офату балоларни узоқ қиладиган, гуноҳлар мағфират этилиб, илтижоларимиз мустажоб бўладиган Раҳмат ойи ўлкамизда бир ойгина меҳмон бўлади. Маълумки, муборак Рамазон ойи рўзаси Исломнинг беш шартидан бири бўлиб, Қуръони карим оятлари ила рўза ибодати фарз қилинган. Ҳадиси қудсийлардан бирида Аллоҳ таоло томонидан: «Рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен бераман», – дейилади ва рўзанинг хос ибодат ҳамда улуғ савобга эга эканига ишора қилинади. Ҳар бир илоҳий амрда ўзига хос ҳикмат бор. Рўзанинг барча хусусияти ва ҳикмати ёлғиз Аллоҳга аён. Бир нарса аниқки, Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза танага ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди. Моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза этади. Бошқа ойларга нисбатан бу ойда Аллоҳга яқинлашиш, улуғ ажру мукофотларга сазовор бўлиш имкониятлари кўпроқ. Бу ойда қилинган бир савобли ишнинг ажри 70 маротаба кўпайтириб берилиши, Қадр кечасиниг минг ойдан афзаллиги, бу кечада қилинган ибодатнинг ажри минг ойлик қилинган ибодатнинг савобидан ортиқлиги ҳар бир кишига руҳ бағишлайди. Бу ойда ер юзининг турли тарафидаги мусулмонлар муштарак туйғу ва муштарак қарашлар билан бирлашадилар. Бир хил вақтда очиқадилар, чанқайдилар, эътиқодли ҳолатда Аллоҳга таслим бўладилар, муҳаббат намунасини кўрсатадилар. Яхшилик, хайру ҳасанот барчага баробар очилади. Аллоҳнинг афв ва мағфират хазинасидан ҳар бир мўмин ўз улуш ва насибасини олишга ҳаракат қилади. Кишилар рўза давомида ўзларини сабр-қаноат, машаққат ва қийинчиликларда тоблайдилар, Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига етиш ҳақида ўйлайдилар. Шубҳасиз, рўза исломнинг бошқа аҳкомлари ва ибодатлари каби жамият ҳаёти ва тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади. Хайру саховат ишлари мусулмонларни янада жипслаштиради, уларда меҳр-оқибат, дину диёнат туйғуларини жунбушга келтиради. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хушхабар қилганлар: «Агар бир киши рамазон ойида Аллоҳга яқинлигини мустаҳкамламоқчи бўлиб, бирор ибодат ёки хайрли амални бажарса, гўё рамазондан бошқа ойда бир фарзни бажаргандек бўлади. Ва кимки, рамазонда бир фарзни адо қилса, гўё рамазондан бошқа ойда етмишта фарзни адо қилгандек савобга эга бўлади» – дея марҳамат қиладилар. Ривоятларда Рамазон ойида Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хайру саховатлари янада зиёда бўлиши ҳақида кўп бор баён этилган. Шунинг учун ҳам бу ойда ёрдамга муҳтож кишиларга моддий жиҳатдан ёрдамлашишнинг айни мавсумидир. 20 апрель куни муҳтарам Президентимиз “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” қарорларини эълон қилдилар. Унда Рамазон ойининг ҳозирги синовли даврни енгиб ўтишдаги аҳамиятини инобатга олиб, бир қатор муҳим вазифалар белгиланди. Ушбу қарорда белгиланган вазифалар бугунги синовли дамларда мўмин-мусулмонларнинг қалбларига мамнунлик бахш этди, келажакка бўлган ишончларини янада мустаҳкамлади. Айниқса, эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш, меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида урғу қаратганлари барчани бирдек мамнун этди. Чунончи, 20 апрель кунги видеоселектор йиғилишда ҳам муҳтарам Президентимиз “Саховат ва кўмак”...

Ғишт

Ўтган замонларда Ҳожимурод исмли бечораҳол киши яшаган бўлиб у тақводор ва тартибли инсон экан. Бир куни Ҳожимурод уйининг деворини таъмирлаётган вақтда ғиштлар орасида тўртбурчак шаклдаги олтин қуймасини кўриб қолибди. Ана шу пайтда у чексиз қувонибди. “Ва ниҳоят мен камбағалликдан қутуламан. Ўзимга ҳашаматли уй қураман. Ерга оқ мармар тердираман. Хоналарни қимматбаҳо уй жиҳозлари билан тўлдираман. Боғда гуллар экиб, гулзор қиламан. Турли хил мевали дарахтлар экаман, уларнинг шоҳларида дунёдаги энг нодир ва чиройли қушлар сайраб туради,” – деб ўйлабди у. Шунақа ўй-фикрлар билан ухлаб қолибди. Кейинги куни тушида ишчиларни, ошпазларни, уй хизматчиларини ишга ёллаётганини кўрибди. Учинчи куни ҳам оламшумул режалар тузишда давом этибди. Орзу қилавериб, овқатланишни ҳам, намоз ўқишни ҳам ва ҳатто унга бу неъматни берган Аллоҳ таолога ҳамд айтишни ҳам унутиб қўйибди. Ана шундай кунларнинг бирида, орзулар денгизига шўнғиган Ҳожимурод шаҳар атрофида юрар экан қабристон бўйида ғишт қуяётган бир устага кўзи тушиб қолибди. Уста тупроқ кавлаб олиб, уни сув ва сомон билан аралаштириб лой қилар, сўнг эса ғишт қолипларини лой билан тўлдириб чиқаётган экан. Ўша киши қабристон тупроғидан ясалган ғиштлар мустаҳкамроқ чиқишини айтганида, Ҳожимурод юзига таркаси тушгандек сесканиб кетибди ва ўзини урушиб ҳақоратлаган кези ортига қараб кетибди. “Эҳ, сен аҳмоқ! – дебди у ўзига. – Кун келиб сенинг қабр тупроғингдан ҳам кимдир ғишт ясайди. Сен эса, қўлингга олтин қуймаси тушиши билан эс-ҳушингни йўқотиб қўйдинг. Кундан-кунга умринг ниҳояланиб бораётган бўлишига қарамай, намоз ва дуоларни ҳам ташлаб қўйдинг. Ҳар бир ташлаган қадаминг билан ўлимга яқинлашиб бораяпсан-ку. Орзуларингни қўй! Аллоҳ таоло томонидан берилган бу қулай имкониятдан муносиб тарзда фойдалан. Пулларни керакли ўринларга ишлат. Ўйламасдан сарфлаб ташлама!” Шу пайти Аср намозининг азони эшитилибди. Ҳожимурод яхши амаллар қилишга шайланган инсонга хос қатъият билан масжид томон юзланибди. Агар Ҳожимурод Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини билганида эди, юқоридаги ақл-ҳушини йўқотиш ҳолатига тушмаган бўлар эди: “Агар Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, қарзимни тўлашга етадиганидан ортиғи менда уч кундан ошиқ туришини хоҳламайман”. (Имом Бухорий ривояти). “لَوْ كانَ لي مِثْلُ أُحُدٍ ذَهَبًا ما يَسُرُّنِي أنْ لا يَمُرَّ عَلَيَّ ثَلاثٌ، وعِندِي منه شيءٌ إلَّا شيءٌ أُرْصِدُهُ لِدَيْنٍ” Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 344
1 2