islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 13, 2020

Day

Миср бош имоми Аҳмад Тоййиб Рим папаси Францискнинг таклифини маъқуллади

Мисрдаги Инсоний биродарлар бирлашмаси Динлараро Олий қўмитаси барча дин вакилларини 14 май куни Рамазон рўзасини тутишни таклиф қилди. Бу таклифини қўллаб-қувватлаб, Рим папаси Франциск католиклар ва барча динларга мансуб одамларни Рамазонда бир кун рўза тутишга ва пандемияга барҳам бериш учун Худога дуо қилишга чақирди. “Бутун инсоният Худодан инсонларга коронавирус пандемиясини енгишда ёрдам беришини сўрашлари керак“, дейди Рим папаси Франциск. Динлараро Олий қўмитанинг ушбу таклифини Пападан ташқари Мисрнинг Ал-Азҳар университети Имоми Аҳмад Тоййиб ҳам олқишлади. Имом, шунингдек, дунёдаги барча одамларни ушбу пандемияни тўхтатиш мақсадида Аллоҳ учун ибодат қилишга ва хайрия ишлари билан шуғулланишга чақирди. Папа Франциск нима деди? “Ибодат умумбашарий қадрият бўлганлиги сабабли, 14-май куни қўмитанинг барча динлардаги имонлиларни бирлашишга чақирганини олқишлайман. Ушбу кунда Рамазон рўзасини тутишга, хайрия қилишга ва инсониятга коронавирус пандемиясини енгишда ёрдам бериш учун Худога дуо қилишга чақираман“, дейди Папа. Рим папаси Францискнинг ёрдамчиси Монсеньор Йоаннис Лахзи Гайд, 14 майни тарихий кун деб атади. Лахзи Гайд Мисрдаги Динлараро Олий қўмитанинг аъзоси ва руҳонийси ҳисобланади. “Ушбу кунда бутун инсоният биринчи маротаба ягона мақсад учун бирлашди. Ҳар бир инсон ўз эътиқодига кўра бирга ибодат қилади, бу кунда Худога бўлган иймон бир-биридан фарқ қилмайди, балки бирлашишидан далолат беради“, дейди Гайд. Унинг фикрича, вирус барча одамларни бирлашишга, бир мақсад йўлида ҳаракат қилишга ўргатди. Гайд, ушбу муаммолардан бирдамликсиз чиқиб кетиш мумкин эмаслигини қўшимча қилди. “Вирус бизни заифлигимизни ва биродарлар сифатида бирлашиш зарурлигини англашга мажбур қилди. Биз бу муаммолардан алоҳида чиқа олмаймиз. COVID-19 барчамизни тиз чўкишимизга мажбур қилди. Аммо тиз чўкиш ибодат қилиш учун энг яхши имкониятдир”, дейди Гайд. Маълум қилинишича, Рим папаси Франциск ва Инсоният қардошлиги олий қўмитасининг инсониятни бирлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари бутун дунёда динга асосланган камситувчи амалиётларга барҳам бериши мумкин. Қўмитанинг таъкидлашича, одамлар олимларни вакцина топишини дуо қилиб сўраши керак. Жаҳон раҳбарлари чақириқни қўллаб-қувватламоқда Рим папаси Францискнинг Рамазон ойида рўза тутишга чақириши дунё миқёсида қўллаб-қувватланди. Дунё етакчилари, шу жумладан БАА шайхи Муҳаммад бин Зайд Ан-Наҳян, Ливан Президенти Мишель Аун ҳам бу чақириқни қўллаб-қувватладилар. Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари Антонио Гутерриш ҳам 14 май куни Папанинг чақирувини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, у “инсоният учун дуо қилишда“ қатнашишини маълум қилди. “Қийин кунларда биз тинчлик, инсоният ва ҳамжиҳатлик учун биргаликда туришимиз керак“, дейди Гутерриш . Шу билан бирга, Константинополнинг экуменик патриархи Бартоломей ҳам бу чақириқни қўллаб-қувватлади. У ўзи раҳбарлик қиладиган диний жамоани ушбу кунда Рамазон рўзасини тутиб Худога дуо қилишга чақирди. Инсоний биродарлар бирлашмаси Динлараро Олий қўмитаси Бирлашган Араб Амирликлари ўтган йили барча динларнинг энг яхши аъзоларидан ташкил топган Олий қардошлик қўмитасини тузишга ёрдам берган эди. Қўмита мақсади Инсоннинг қардошлиги тўғрисидаги ҳужжатларда кўзда тутилган принциплар ва қадриятларни қўллашдир. Ҳозирда Испания, Италия, БАА, Англия, Болгария, Миср, АҚШ ва Либериядан 11 аъзоси бор. Бундан ташқари, қўмита мақсадларига динлараро алоқалар орқали эришишга интилади. Қўмита диний дунё етакчиларини “ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшаш қадриятларини қўллаб-қувватлаш ва тарқатиш“ га чақиради. Таъкидланишича, айни пайтда, Рим папаси Францискнинг Рамазон ойида рўза тутишга даъват қилиши исломофобияга қарши туриши мумкин. Маълумотларга қараганда, Исломофоблар коронавирусдан дунё бўйлаб мусулмонларни ёмон кўрсатиш учун фойдаланишган. Қалампир.уз 223

Ёшларни илм-фанга йўналтирувчи янги лойиҳа ишга тушди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан юртимиз ҳудудида туғилиб илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган мумтоз алломаларимиз фаолиятини кенгроқ ёритиш мақсадида www.moziy.edu.uz сайти ишга туширилди. Ушбу сайт ва унда эълон қилинадиган лойиҳалар бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Юсуф Абсоатов билан суҳбатлашдик. – Юсуф Абсоатов, ушбу сайтни ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳақида айтиб ўтсангиз? – Тарихда, умуман бугунги кунга қадар илм фан соҳасида катта илмий тадқиқотларни амалга оширган олимларимизни авлодларга яқиндан таништириш, ўзбек илм-фан дарғалари номлари ва қутлуғ саналарига бағишлаб турли лойиҳалар ҳамда онлайн олимпиадалар ўтказишни мақсадида ушбу сайтни ташкил қилдик. Бунда асосан, машҳур алломаларимизнинг кўпчиликка маълум бўлмаган қирралари ҳақида туркум мақолалар бериб бориш, умрини илм-фанга бағишлаган, бироқ бугунги авлод танимайдиган фидойи олимларимиз, уларнинг ихтиролари ҳақида маълумотлар тўплаш ва эълон қилиш асосий мақсадларимиздан бири ҳисобланади. Шунингдек, маълумотлар базасини шакллантириш учун республикамиздаги етакчи илм масканлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, олимларимиз номи билан аталувчи республика ва халқаро олимпиадаларни онлайн тизимда ташкил қилиш ва ғолибларни рағбатлантириш вазифалари мавжуд. Сайтнинг расмий телеграм канали(@мозиедууз) ва бошқа ҳамкор каналлар орқали мақолалар, лойиҳалар ҳақидаги маълумотларни кенг кўламда бериб боришни, амалга оширилаётган ишлар хусусида фойдаланувчиларнинг фикрларини ўрганиб камчиликларни бартараф етиш ва таклифлар асосида янги рукн ва лойиҳаларни ташкил этишни режалаштирганмиз. – Агар сир бўлмаса, ушбу ғоянинг пайдо бўлиш тарихини айтиб бера оласизми? – Устозимиз кимё фанлари доктори, профессор Ҳамдам Акбаров билан суҳбат асносида, Ўзбекистон илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган кимёгар олимларимиздан бири профессор Р.Тиллаев хотирасига бағишлаб телеграм орқали онлайн олимпиада ўтказиш фикри келди. Бу икковимизга ҳам маъқул тушди. Кейин фикримиз кенгайиб, бошқа фанларда ўз ҳиссасини қўшган олимлар хотирасига ҳам ўтказсак бўлади, деган ғоя туғилди. Буни вазирлик ходимлари билан муҳокама қилдик ва ушбу олимларимизни нафақат республикага, балки халқаро миқёсда танитиш кераклиги муҳим эканини таъкидланди. Вазирлик томонидан олимпиадани фақат телеграм орқали эмас, балки платформа орқали ўтказиш кераклиги ва сайт номини www.мозий.эду.уз шаклида ташкил этиш таклифи киритилди. – Лойиҳа доирасида қайси олимлар хотирасига бағишлаб олимпиада ўтказишни режалаштиргансизлар? – Жорий йилнинг 18 май куни кимёгар олим профессор Раҳим Тиллаев хотирасига, июнь ойида ахборот технологиялари соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Жўра Абдуллаев хотирасига бағишланган онлайн олимпиадаларни ўтказишни режалаштирганмиз. Республика ва Халқаро олимпиадаларимиз тест шаклида ташкил этилади. Унинг саволлари 25 та бўлиб, шулардан 2 таси олим ҳаёти ва фаолиятига бағишланади. Бундан мақсад ёшларимиз ўзбек олимларининг фаолиятини ўқиб ўрганиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидек мамлакатимиздагидек бой тарих ва буюк алломалар ҳеч қаерда йўқлигига ишонч ҳосил қилади. Манба: uza.uz 217
1 2 3