Одамларда кўп учрайдиган қалб касалликларидан бири ёмон гумон қилишдир. Қуръони каримда бадгумонликдан қайтарилган. Зеро, бир одам қалбида қандай ният борлигини – қалб сирларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Кўзи билан кўрмагунча биров ҳақида ёмон гумон қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Чунончи, гумонга суяниб иш тутиш, ўзгалар ҳақида юзаки хулоса чиқариш тўғри эмас. Қуръони каримда шундай хитоб қилинган: “Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан сақланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилиб юрманг, бир-бирингизни ғийбат қилманг! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродари гўштини ейишни яхши кўрадими?! Ахир ёмон кўрасизлар-ку! Аллоҳдан қўрқинг! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, Меҳрибондир” (Ҳужурот сураси, 12-оят). Бу ердаги “гумон”дан мурод – бир одам ҳақида ҳеч қандай ҳужжат-далили бўлмай туриб шубҳаланиш. Кўринишдан салоҳиятли, туппа-тузук инсон ҳақида ёмон гумон қилинмайди. Чунки бу туҳмат саналади. Туҳмат қилган, биродаридан шубҳаланган одам гуноҳга ботади. Гоҳида инсон хотирига кимдир ҳақида кутилмаган ўйлар, баъзи иккиланишлар келиб қолади. Буни бадгумонлик билан аралаштирмаслик керак. Ёмон гумонга нафс суянади, қалб мойил бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сизлар бадгумонликдан эҳтиёт бўлинглар! Зеро, бадгумонлик энг ёлғон сўздир. Жосуслик қилманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманг, бир-бирингизни ёмон кўриб қолманг, душманлик қилманг, Аллоҳнинг ака-ука бандалари бўлинглар”. Яна бир ҳадисда шундай дейилган: “Қайси бир мусулмон банда биродаридан шубҳаланса, Парвардигоридан шубҳаланибди. Чунки Аллоҳ “кўп гумонлардан сақланинглар”, деган”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Каъбани тавоф қилдилар. Кейин Каъбатуллоҳга юзланиб: “Сен нақадар поксан, ҳидинг нақадар хушбўй! Қанчалик улуғсан, ҳурматинг қанчалик баланд! Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасамки, бир мўмин банда ҳурмати Аллоҳ наздида сенинг ҳурматингдан улуғроқдир. Моли, қони, фақат яхши гумонда бўлиш (ҳурмати ҳам сеникидан улуғроқдир)”, дедилар. Ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: – Умматим орасида учта иллат: шумланиш, ҳасад ва бадгумонлик бўлади, – дедилар. Шунда бир киши сўради: – Ё Расулуллоҳ, улардан қандай қутулиш мумкин? – Агар (қалбингда биродарингга нисбатан) ҳасад пайдо бўлса, (Аллоҳга) истиғфор айт. Бировдан ёмон гумон қилсанг, (унга суяниб) иш тутма. Агар шумлансанг, (қилмоқчи бўлган ишингни тўхтатиб қўйма,) уни амалга ошир. Мусулмон одам биродари ҳақида яхши гумон қилади, ҳеч қандай далили бўлмай туриб ҳар хил ёмон хаёлларга бормайди. Зеро, яхши гумон қилиш Аллоҳга итоат этиш саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши гумон қилиш (Аллоҳга) чиройли ибодат қилиш сирасидандир”, деганлар. Ёмон гумон – маъсият, яхши гумон эса ибодатдир. Мўмин ака-укаларидан яхши гумон қилган инсон Аллоҳнинг амрига чиройли итоат этган бўлади, Парвардигорига қурбат ҳосил қилади. Кўнглида кири йўқ, шубҳа-гумонлардан холи инсонни Аллоҳ яхши кўради. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Биродаринг оғзидан чиққан сўзни яхшиликка йўйиш имкони бўлса, ундан ёмон гумон қилма”. Шунга кўра, мусулмон одам биродари қилаётган ишни, гапираётган гапини имкон қадар яхшиликка йўяди, “Бу билан нима демоқчи”, “Гап бу ёқда экан-да, мен билмай юрганаканман”, деб бўлар-бўлмас гапларни айтиб мусулмон биродари ҳақида гап тарқатиш яхши эмас. Салафи солиҳлар тавсиясига кўра, мўмин биродари сиртдан номаъқул иш қилаётганини кўриб қолса, унга етмишта узр қидирилади. “Мен билмаган бирон сабаби бордир”, “Бекорга бундай қилмаётгандир”, деб яхши гумонда бўлинади. Бадгумонликдан йироқ инсоннинг қалби хотиржам бўлади. Чунки бировнинг кетидан тушиб, хатосини қидириш, ғийбат қилиш билан киши ҳаёти пароканда бўлади, тинчи бузилади. Одамлардан яхши гумон қиладиган инсоннинг кўнгли тоза, ҳаёти осуда бўлади. Зиёвуддин РАҲИМ, “Қуръон – қалблар шифоси” китобидан Манба 987
Улуғ имом ва мужтаҳид олим, кўплаб машҳур асарлар муаллифи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Язид ибн Касир ибн Ғолиб ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ 224 ҳижрий санада Табаристонда туғилганлар. Ёшлигидан илмга муҳаббат қўйган олим ўн икки ёшларида илм талаби билан Миср, Шом, Ироқ диёрларида бўладилар. Сўнг Бағдодда қолиб таълим оладилар, бир қанча талабаларга устозлик қиладилар. Умрларининг охиригача шу ерда истиқомат қиладилар. У кишининг ёзган машҳур китоблари: Жомеъул баён фи тафсирил Қуръон; Китобут-тарих; Китобул-қироот; Вал-адад ват-танзил; Китоб ихтилофил-уламо; Тарихур-рижал минассаҳобати ваттобеъин. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ ўз асрининг тенгсиз илм соҳиби эдилар. У киши тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва бир қанча илмларнинг билимдони эдилар. Қуръон оятларининг маъноларини дақиқ жойларигача тушунган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билувчи, унинг саҳиҳ ва заифи, носих ва мансухини ажратувчи олим эдилар. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ тафсир илмида “Тафсир илмининг отаси” деган номга сазовор бўлганлар. Худди шунингдек, тарих илмида ҳам ушбу улуғ номга мушарраф бўлганлар. “Тафсири Табарий” ҳақида “Тафсири Табарий” китоби тафсир китобларининг ичида энг машҳур китоблардан бўлиб, тафсир илмида мукаммал ёзилган китоблардан биридир. Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ибн Жарирнинг тафсири тафсир китобларининг энг буюк ва машҳурларидан ҳисобланади. Ушбу китоб муфассирлар наздида нақлий тафсирларининг биринчиси, аҳамиятга ақлий тафсир манбаларидан биридир”. “Тафсири Табарий” китобининг дастлабки нусхаси (ўттиз минг варақ) ҳозирги нусхасидан (уч минг варақ) анча катта ва кенг бўлган, сўнгра муаллиф уни қисқартириб, ҳозирги кўринишга келтирганлар. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳнинг Қуръони каримни тафсир қилиш усуллари ҳар жиҳатдан очиқ-равшанлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар бир оятни тафсир қилишда: “Бу сўз Аллоҳ таоло каломининг таъвилида мана бундай ва бундай”, – дер ва ундан сўнг оятни тафсир қиладилар ва далил сифатида саҳоба ёки тобеъиндан қилинган ривоятларни санади билан келтирадилар. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу китобнинг шаъни ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, қуйидагиларни айтганлар: “Бу уммат Имом Табарийнинг тафсиридек тафсир китобини ёзмаганига ишонч ҳосил қилдим!”. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 1 278
Аллоҳ таоло ўз каломида тиловат қилувчи Аллоҳнинг каломини тиловат қилаётганда тадаббур ила тиловат қилиши кераклиги ҳақида марҳамат қилиб айтганки: “Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир”, деган (Сод, 29). “Албатта, у (Қуръон) сенга ҳам шарафдир, қавмингга ҳам. Ва, албатта, сўралурсизлар”, (Зухруф, 44). Дунё ва охиратнинг барча баракаси ушбу китобдир. Ким икки дунёнинг баракасини олишни хоҳласа, ушбу муборак китобга амал қилсин. Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, ушбу Қуръонни ўзига дастур қилиб олсин. “Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар”, (Нисо, 82). Мана, ўн тўрт аср ўтаётган бўлсада, илоҳий мўжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам. Фалакиёт, коинот, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт, табииёт ва бошқа нарсаларга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келмоқда. Қуръон каримни тадаббур қилиш, яъни, уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Исломни билмоқчи бўлган одам, ҳақиқатни англамоқчи бўлган киши бевосита Қуръони каримга мурожаат қилмоғи керак. Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам, унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди. “Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар”. Албатта, инсон ақли етганича ўрганади. Ҳеч ким: “Мен Қуръонни охиригача фаҳм этдим, бундан бошқа тушунча бўлиши мумкин эмас”, дея олмайди. “Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда қулфлари бордир?!” (Муҳаммад, 24). Бу ердаги баъзи мунофиқларнинг дилларида, эҳтимол, келажакда имон келтириш ниятининг ўзи йўқдир. Балки уларнинг дилларига Аллоҳ “имон келтирмайди” деб муҳр босиб қўйгандир, дейилмоқда. Қуръон оятлари ҳақида фикр юритишга ҳам ўша муҳрланган қалбларда салоҳият бўлмаслиги мантиқ юзасидан барчага маълумдир. Қуръони карим тиловат қилинаётган вақтда, уни тинглаш, жим туриб қулоқ солиш кераклиги ҳақида Аллоҳ таоло ўз каломида қуйдагича амр қилади: “Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз” (Аъроф, 204). Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар. Умуман, Қуръон карим Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор. Ҳар бир мўмин-мусулмон Қуръони карим тиловати қулоғига тушиши билан Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги амрини эсга олиб, дарҳол уни тинглаши ва жим туриши вожиб бўлади. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 917
Аввал хабар берганимиздек, 2018 йилнинг 29-декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида жорий йил якуни бўйича “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги йил сарҳисоби” мавзусида йиллик ҳисобот мажлиси бўлиб ўтди. Унда кўплаб масалалар қатори йил якуни бўйича ЎМИ тасарруфидаги Олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида самарали фаолият юритган устоз ҳамда ходимлар турли наминациялар бўйича тақдирландилар. Жумладан, институтимизнинг “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари“ кафедраси мудири Баҳодир Аъзамов “Энг илғор ўқитувчи” наминацияси бўйича ЎМИнинг мақтов ёрлиғи билан тақдирланди. Баҳодир Аъзамов, 2015-2017 йиллар мобайнида Андижондаги “Саййид Муҳйиддин махдум“ислом билим юртида ўқитувчи, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент ислом институти “Диний фанлар“ кафедраси Ҳадис фани ўқитувчиси, 2018-2019 ўқув йилидан буён янги ташкил этилган “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари“ кафедраси мудири сифатида фаолият юритиб келмоқда. 1 122
Банда учун Аллоҳ таолонинг лаънатига учрашдан ҳам оғирроқ мусибат бўлмаса керак. Ҳа, Аллоҳнинг раҳмати қай даража олий бахт бўлса, лаънатланиб раҳматидан мосуво бўлмоқ шу даража ачинарли бахтсизликдир. Аллоҳ ҳеч бир мўминни раҳматидан маҳрум қилмасин, лаънатига дуч келиб бадбахт бўлишдан асрасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёви, аҳли байт аъзоси Али розияллоҳу анҳудан баъзи асҳоблари бир кун шундай савол сўради: Ҳазрат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтга бошқа одамларга ўргатмаган нарсаларни ўргатганми? Биз билмаган нарсалар ҳам бормики хоссатан сизларга ўргатилган. Агар бўлса биз билан бўлишсангиз? Али розияллоҳу анҳу жавоб берди: Йўқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ўзимизга алоҳида бирор нарса ўргатмаганлар. Оммага нимани етказган бўлса, биз ҳам ўшани биламиз холос. Илло, мана бу қиличим қинида сақлаб юрган бир саҳифа бор. Ўшанда ёзилган нарсаларни сизларга айтиб бераман: عن الله من ذبح لغير الله، لعن الله من سرق منار الارض، لعن الله من لعن والديه، لعن الله من آوى محدثا Аллоҳ таолодан бошқасига атаб жонлиқ сўйганларни Аллоҳ лаънатлади! Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзлаштириб олганларни Аллоҳ лаънатлади! Ота-онасини лаънатлаганларни Аллоҳ лаънатлади! Динда янгилик пайдо қилганга жой берганни Аллоҳ лаънатлади! Имом Бухорий ривояти. Изоҳ: Лаънат деб Аллоҳ таолонинг раҳматидан мосуволикка айтилади. Ислом жонлиқни фақат Аллоҳнинг номи ила ва фақат унинг ризолиги йўлида қурбон қилишга буюради. Аллоҳдан ўзгасига аталган қурбонлик ҳам, унинг гўшти ҳам ҳаром бўлади. Бу ишни қилганлар эса тавба қилмаса лаънатга гирифтор бўлишади. Шунингдек, Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзлаштириб олиш ҳам ҳаром саналади. Ҳадисларда ер ўғриларини қабр қаттиқ қисиши ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳам жуда оғир гуноҳ. Ҳаттоки, Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алай ноқонуний ўзлаштирилган ерда яшовчи инсоннинг уйига мутлақо кириш мумкин эмаслигига алоҳида урғу беради. Касаллигида зиёрат учун ҳам кириш гуноҳ. Тўй қилса, таклиф этилганлар тўйига бориб уйида меҳмон бўлиши ҳам гуноҳ бўлади. Ота-онани лаънатлаш икки хил бўлиши мумкин. Тўғрида тўғри ўз оғзи билан ота-онасини ҳақоратлаб лаънатлаганлар ёки кимнингдир ота-онасини ҳақорат қилади, у ҳам жавоб тариқасида бунинг ота-онасини ҳақорат қилади. Натижада бировнинг ота-онасини ҳақоратлаш билан ўз ота-онасига ҳам лаънат олади. Қиёмат куни булар ҳам тавбасиз кетишса Аллоҳнинг раҳматидан мосуво бўлишар экан. Динда янгилик пайдо қилган одамни бидъатчи дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир бидъат залолат, залолат эса жаҳаннамга олиб бориши тўғрисида куюниб гапирганлар. Ислом уламолари бидъатчилар билан илиқ муносабатда бўлишдан қайтарадилар. Юқоридаги ҳадисда ҳам бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатлади деб бекорга айтилмаган. Салафи солиҳлар йўлини лозим тутган ҳар бир содиқ мўмин, бидъат аҳлидан иложи борича нарида юриши керак. Жазоирлик шайх Абдулазиз ибн Рийс ҳижрий 1429 ражаб ойининг 8 санасидаги илмий анжумандаги чиқишида сукутий ижмоъ ҳақида гапириб, унинг мисоли тариқасида икки масалани кўрсатиб ўтган эди: 1- Қуръонни махлуқ – яратилган, деган киши кофирдир, деган масалага боғланган ижмоъ; 2- Аҳли бидъатни ҳажр қилишлик ва у билан муносабатларни узишлик лозим эканига боғланган ижмоъ. Андижон шаҳар «Чинор» жоме масжид имом хатиби Авазбек Мўминов 753