islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 14, 2019

Day

Лаънат айтиш мумкин(ми)?!

Мўминлар барча намуна бўладигандек гўзал хулқли, тили ва қўли билан бошқаларга озор етказмайдиган олижаноб кишилардир. Бундай сифатларга эга инсонлар лаънатдан тилларини сақлашлари лозим. Лаънатлаш комил мўминнинг сифатларидан эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир”. Икки “Саҳиҳ” ҳадисда ҳам Собит ибн Заҳҳокдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир”. Абу Дардодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Лаънатловчилар қиёмат кунида шафоатчи ҳам, гувоҳ ҳам бўлмайдилар” (Муслим ривояти). Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: “Сиддиқ киши лаънатловчи бўлиши дуруст эмас”, дейилган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мўмин таъна қилувчи, лаънат айтувчи, ахлоқсиз ва беҳаё сўзловчи бўлмайди” (Термизий ривояти). Шунга кўра, мусулмон киши ўзининг биродарларини лаънатлаши мумкин эмас. إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ “Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз”. Гуноҳ ишлардан тийилмайдиган кимса бўлса ҳам, айнан “фалончи”, дея лаънатланмайди. Балки гўзал усулда хатолари тушунтирилади, йўл-йўриқ, маслаҳатлар берилади. Лаънатланган киши шу лаънатга лойиқ бўлмаса, айтувчининг ўзига лаънат қайтиши борасида қаттиқ огоҳлантиришлар келган. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар банда бирон нарсани лаънатласа, лаънат осмонга кўтарилади. Бироқ осмон эшиклари унинг қаршисида ёпилади. Сўнг ерга қайтади. Бироқ унинг қаршисида ер эшиклари ҳам ёпилади. Кейин ўнгга-сўлга юради. Агар бирон қўнимгоҳ топмаса, ва лаънатланган киши муносиб бўлса, унга қайтади. Муносиб бўлмаса, айтган одамга қайтади” (Абу Довуд ривояти). Афзал сўзга кўра, муайян инсонни лаънатлаш жоиз эмас. Кофир ҳолида вафот этгани аниқ бўлган Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл, Фиръавн, Ҳомон кабиларни лаънатлашга рухсат берилган. Аммо ҳали тирик бўлиб, гуноҳ ишлар қилаётган ёки куфрда яшаётганлар номини айтиб, лаънатлаш жоиз эмас. Чунки уларнинг гуноҳ ишлари аниқ бўлса ҳам умрининг охири қандай якун топиши бирор кимсага маълум эмас. Кофирга келсак, тавба қилиб, иймонга келиши мумкин. Ҳанафий, Шофеий ва Ҳанбалий мазҳабларига кўра, куфрда бўлганларни ҳаётлик чоғида лаънатлаш мумкин эмас. У вафот этмагунча ҳолати ҳеч кимга ойдин бўлмайди. Аллоҳ таоло ҳам лаънатни кофир бўлиб, дунёни тарк этишга боғлаб қўйди. إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَمَاتُوا وَهُمْ كُفَّارٌ أُولَٰئِكَ عَلَيْهِمْ لَعْنَةُ اللَّهِ وَالْمَلَائِكَةِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ “Албатта, куфр келтирган ва кофирлик ҳолида ўлганларга–ана ўшаларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва одамларнинг–барчанинг лаънати бўлгай”. Бироқ қораланган сифат эгаларини лаънатлаш жоиз. Масалан, “Аллоҳ золимларни лаънатласин”, “Аллоҳ кофирларни лаънатласин”, дейиш мумкин. Аллоҳ таоло айтади: “Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур” (Ҳуд сураси, 18). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибо еювчини, едирувчини, котибини ва гувоҳларини лаънатлаганлар” (Муслим ривояти). Умумий тарзда лаънат айтиш жоиз бўлса ҳам, бу нарса тилни лаънатга одатлантириб қўйиш эҳтимоли бор. Шу сабабли уни айтмаслик афзал амаллардан саналади. Чунки лаънатнинг асл моҳияти Аллоҳ раҳматининг четланиш ва куфрда вафот этганларни дуоибад қилишдир. Мўмин эса бошқаларни куфрда вафот этишини тилаши жоиз эмас. Чунки кофирнинг куфрида қолишига рози бўлиш ва буни Аллоҳдан сўраш куфр ҳисобланади. Мусулмонлар бошқаларга ҳам яхшиликлар келишини ва ҳамманинг иймонда вафот этишини хоҳлайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туясини лаънатлаган аёлни туясидан маҳрум қилиш билан жазолаганлар. Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам сафарда эдилар. Бир вақт ансорий аёллардан бири аччиқланиб, миниб келаётган туясини лаънатлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитдиларда: “Устидаги нарсаларни олиб, ўзини қўйиб юборинглар. Зеро, у лаънатлангандир”, дедилар. Ўша туя одамлар орасида юрганию, унга ҳеч ким тегмаганини мен ҳозир ҳам кўриб тургандекман” (Муслим ривояти). Баъзи ўринларда лаънат жоиз бўлса ҳам, уларнинг ҳаққига...

Шавкат Мирзиёев: Миллий руҳ кучли бўлса, ирода, жанговар салоҳият ҳам юқори бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига мувофиқ Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати. 14 январь куни ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев йиғилганларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, уларга мукофот топширишни юксак шараф деб билишини таъкидлади. – Бу мукофотлар сизларга айнан Ватан ҳимоячилари кунида топширилаётганида чуқур рамзий маъно бор. Биз бу байрамда Қуролли Кучларимизни, барча аскар, сержант, офицер ва генералларни, муҳтарам фахрийларимизни шарафлаймиз, уларга энг эзгу тилакларни билдирамиз. Сизларнинг тимсолингизда ҳозир бутун армиямизни, барча ҳарбийларимизни қутлаб тургандек бўлаяпман. Жонажон Ватанимиз ҳимояси ва тинчлиги йўлидаги фидокорона хизматингиз ва жасоратингизни ҳаммамиз яхши биламиз, юксак қадрлаймиз. Шу маънода, бу мукофотларни халқимиз ва давлатимизнинг Қуролли Кучларимизга, унинг барча шахсий таркибига кўрсатаётган чексиз эҳтироми сифатида қабул қилишингизни истайман, – деди Шавкат Мирзиёев. Мамлакатимизнинг янги Мудофаа доктринаси асосида Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва интеллектуал тайёргарлигини ошириш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, полигонларда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Ҳарбийларни уй-жой билан таъминлаш, оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратилмоқда. Мудофаа тизимида инсон омили ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ўз қасамёдига содиқ, кенг билим ва малакага эга, ақл-заковатли, мард ва азму шижоатли ҳарбийлар армиянинг қудратли кучидир. Ғалабани таъминлайдиган ҳам, шахсий таркибни тарбиялайдиган ва ўз ортидан эргаштирадиган ҳам шулар. – Ҳар қандай таҳдид ва хатарларга муносиб зарба беришга тайёр миллий армиямиз – халқимиз, мамлакатимизнинг ишончли ва мустаҳкам қалқонидир. Шунинг учун биз ҳозирги кунда ҳарбий кадрларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлиги билан бирга ватанпарварлик тарбиясига жиддий аҳамият қаратяпмиз. Яъни, ҳар бир аскар ва сержантда, офицер ва генералда, бутун шахсий таркибда миллий руҳ ва ғурур кучли бўлиши керак. Миллий руҳ – бу енгилмас куч. Миллий руҳ кучли бўлса, ирода, жанговар салоҳият ҳам юқори бўлади. Келажакда ҳарбий бўлишни орзу қиладиган ботир фарзандларимиз миллий руҳни, муқаддас Ватан тақдири учун масъулият туйғусини қаердан олади? Ватанимиз бой тарихидан, Амир Темур каби буюк аждодларимиз жасоратидан олади. Ўз оиласи, меҳрибон ота-онаси ҳамда эл-юртимизнинг ишончи, ғамхўрлиги ва эътиборидан олади. Ёшларга ҳамиша ўрнак ва намуна бўлиб келаётган сиз каби чинакам фидойи ҳарбийлардан олади, – деди Президент. Давлатимиз раҳбари соҳада қилинадиган ишлар ҳали кўплигини, ҳарбий-маъмурий секторлар ишини такомиллаштириш устувор вазифа бўлиб қолишини қайд этди. Барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, таълим-тарбия муассасалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан амалий ҳамкорликни янада фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади. – Миллий армия ва ҳарбийларимиз халқимизга қанча яқин, бир тану бир жон бўлса, шунча қудратли бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев. Маросимда Қуролли Кучлар сафида ва давлат идораларида кўп йиллардан буён муносиб хизмат қилиб келаётган ҳарбийлар ва раҳбар ходимларнинг бир гуруҳига генерал унвонлари берилиши маълум қилинди. – Генерал бўлиш ҳар бир ҳарбий хизматчининг муқаддас орзуси. Сизларни ана шундай юксак унвонга эришганингиз билан чин қалбимдан табриклайман. Лекин шуни доим ёдда тутишимиз керакки, ҳарбий хизматда ва давлат бошқарувида бундан ҳам юқори мартаба, бундан ҳам олий унвон бор. Бу – халқимиз, Ватанимизнинг ишончига, ўз муқаддас бурчига...

Ватанпарварлик – мўминлик белгиси

Жорий йилнинг 14 январь куни Тошкент ислом институтида Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучларининг ташкил этилганини 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган “Ватанпарварлик – мўминлик белгиси” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда “Ҳадис ва Ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси Абдурасул домла Тошпўлатов ҳамда 1-курс талабалари иштирок этди. Тадбирда Ватанга бўлган муҳаббат Ўз киндик қони тўкилган, ота-боболари хоки ётган она юртни дунёда тенгсиз, муқаддас Ватан деб биладиган одамнинг мақсад-муддаолари аниқ, ғурур ва ифтихори юксак бўлиши таъкидлаб ўтилди. Тарих сабоқларидан маълумки, ҳар қандай эзгу ният, орзу ва мақсаднинг рўёбга чиқиши, аввало, Аллоҳ таборака ва таолонинг инояти ва жамиятдаги мустаҳкам тинчлик ва хотиржамликка боғлиқдир. Бу барча замонларда ўз исботини топган ҳақиқатдир. Аллоҳ инсонни халқ қилди. Ўзи ундан яратгани ва унга қайтарадигани ерга, заминга, она тупроққа муҳаббатни инсон фитратига қориштирди. Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”. Зикр қилганларимиздан кўриниб турибдики, ватанни севиш ёки айримлар истеҳзо билан тилга оладиган сўз – ватанпарварлик, ибодат даражасига кўтарилган соф ва асл исломий қадриятдир. Бундай сифатга эга бўлиш мўминнинг асосий хусусиятларидан биридир. Ватан деганда, ҳамиша ўзимиз туғилиб ўсган, кўз очиб кўрган, таълим-тарбия олиб вояга етган, неча-неча авлод-у аждодларимиз яшаб ўтган, уларнинг ақл-идроки, меҳнати сарф қилинган юрт кўз олдимизга келади. Ватан она каби азиз ва мукаррамдир, инсонга бахт-иқбол берадиган заминдир. Абдулла Авлоний айтганидек: “Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган жойини жонидан ортиқ суяр… Биз туркистонликлар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйганимиз каби, араблар арабистонларини, қумлик иссиқ чўлларини, эскимуслар шимол тарафлар, энг совуқ қор ва музлик ерларни бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши туронлик осон ерларга ўз ватанларини ташлаб ҳижрат қилурлар эди”. Ватан – бу халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. Ватан – муқаддас қадрият. Тараққиёт ватандан бошланади. У инсоннинг киндик қони тўкилган жой, инсонни ижтимоий етимликдан асровчи манзил, маънавий камолот ва фуқаролик майдони, ҳаёт мактаби, фаровонлик ва бахт-саодат ўчоғидир. Инсон учун ватан ягонадир. Ватаннинг катта-кичиги ҳам, бой-камбағали ҳам бўлмайди. Ватан танланмайди. Ватан бизнинг молимиз эмас. Шунинг учун ҳам у пулга сотилмайди ва сотиб олинмайди. Ватан инъом этилмайди, қарзга берилмайди. Ватан ҳар бир фуқаро учун муқаддас ва бетакрордир. Ватанни энг олий неъмат сингари бошимиз узра баланд кўтариб, ҳар он ва ҳар сонияда унинг тупроғини кўзларга суртиб, унга таъзим бажо айлашимиз фарзандлик бурчимиздир. Муқаддас хадиси шарифларнинг маъноларида “Ватанни севмоқ иймондандир”, дейилган. Яъни иймони бут, виждони пок ҳар бир инсон ватанни севади, уни ғанимлар кўзидан асрайди, унинг яшнаши ва яшаши, ҳурлиги учун курашади. Ватан меҳрини, ватан сеҳрини, унинг мўътабарлиги-ю улуғворлигини сўз билан ифодалаш қийин. Ҳар бир баркамол инсон ватан камолоти ва истиқболи, эл-юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто ширин жонини ҳам аямайди. Бу ҳақда мавлоно Фузулийнинг, менинг битта ҳаётим бор, бордию мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини ватан учун сарфлаган бўлур эдим, деб айтган сўзлари ҳар биримиз учун бебаҳо ўгитдир. Бу каби ҳолатлар эса бизнинг жаннатмонанд, диёримизда тинч ва фаровон ҳаёт кечираётганимиз учун шукроналар қилишга ва шу барқарорлик ва осойишталикни асраб- авайлаш учун барча имкониятларни татбиқ этишга ундайди. Ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳ таоло Одам наслидан дунёга келган зурриётларни ер юзида турли...

Абдул Азим Зиёуддин домланинг «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» номли китоби нашрдан чиқди

Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин домланинг «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (1-китоб) нашрдан чиқди. Ушбу китобда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига янгича услубда ‎мурожаат этилган. Аниқ маълумотларга таянилгани асарнинг қийматини оширса, тез-тез ‎ҳаяжонли баёнларнинг келтирилиши бадиий ранг-барангликни таъминлайди. Хуллас, ‎ўқувчи бу китоб орқали сийратга оид билимларини тиниқлаштириб, кўп маълумотларига ‎аниклик киритиб олиши шубҳасиз.‎ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари буйича ‎қўмитанинг 2018-йилдаги 2966-сонли ҳулосаси асосида нашрга тайёрланган.‎ 206

Дунёда ўхшаши йўқ илмий марказ ва ҳадис мактаби

Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ёнида ташкил этилган илмий-тадқиқот маркази ва унга ёндош жойлашган Ҳадис илми мактаби Имом Бухорий ва бошқа мусулмон дунёси буюк мутафаккирларининг бой меросини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни ислом динининг асл қадриятларига садоқат руҳида тарбиялаш, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу тариқа дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган илмий меросимиз қайта жонланиб, янгиланаётган илм дунёсида ўз сўзини айтади. Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини илк бор Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида илгари сурган эди. Қисқа фурсат ичида иш бошлаган марказ фаолияти билан танишиш кишига илоҳий қудрат бағишлайди. Марказда алломаларнинг бебаҳо меросини ўрганишда ўзига хос мактаб яратган буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, улуғ фақиҳлар Бурҳониддин Марғиноний, Абуллайс Самарқандий, калом илмининг буюк мутафаккирлари Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий каби аждодлар бой меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш ва илмнинг шу соҳалари бўйича мукаммал билимга эга бўлган етук мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш учун барча керакли шароитлар яратилган. – Нафақат Марказий Осиёда, балки бутун мусулмон дунёсида ноёб бу марказ ислом динининг асл моҳиятини, унинг фалсафасини кенг тарғиб қилиш, илмий бойитишга салмоқли ҳисса қўшган алломаларимизнинг сўнмас мероси тимсолида ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан. – Бунга марказ биносини миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этишда ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз таклифлари билан, аввало, бинога кириш фойесида улкан гумбаз қурилиб, унинг ички томонига Қуръони каримнинг биринчи нозил бўлган оятлари, яъни “Алақ” сурасининг беш ояти ёзилди. Бу оятларнинг учтасида пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи вассалламга “Ўқинг” деб мурожаат қилинган. Бу ушбу даргоҳга кирганданоқ унинг мазмун-моҳиятини ифода этиб, марказнинг илму урфон, зиё маркази эканлигини намоён этади. Шунингдек, гумбазда Имом Бухорий ҳазратларининг “Жоме ас-саҳиҳ” китобларида келтирилган биринчи – “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқдир” деган ҳадиси битилдики, бу марказнинг ташкил этилиши бизнинг эзгу ниятларимиз билан боғлиқ, деган маънони ифодалайди. Буюк аждодларимизнинг руҳини шод этиш, файзли Ўзбекистонимизнинг муборак заминида макон топган ҳаётий билимларни яна шуълалантириш бизнинг эзгу ниятларимиздир. Марказнинг биринчи қаватида ташкил этилган музейга кирган киши асл илм манбаидан куч олиши табиий, ўзингизни руҳан поклангандек сезасиз. Музей марказига «Саҳиҳи Бухорий» китобининг қадимий қўлёзма нусхаси ва буюк муҳаддиснинг айни пайтда дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб асарларининг нусхалари қўйилган. Имом Бухорий ҳазратлари ўзларининг илмий сафарлари чоғида Бағдодда ҳадис илми билан шуғулланиб, мукаммал ҳадислар тўпламини яратгани ва уларни ёд олганларига Бағдод уламолари шубҳа билан қарайди. Шу сабабли улар Имом Бухорийни таклиф этиб, у кишининг илмларини синовдан ўтказишади. Музей тўридаги деворда ишланган суратда ушбу жараён акс эттирилган бўлиб, бу мазкур масканга келган киши қалбида буюк муҳаддис бобомиз билан фахрланиш туйғусини жўш урдиради. Марказ томонидан ўтган вақт давомида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. – Жумладан, дунёнинг 14 етакчи ислом тадқиқот маркази, университетлар билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди, – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Шовосил Зиёдов. – Бундан ташқари, Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистондаги илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Малайзиянинг Ислом илмлари...
1 2