Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” номи билан аталадиган Қуръони каримнинг нусхаси дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзма асарларидан ҳисобланади. Катта Лангар Қуръони деб номланиши, унинг Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида сақланганига бориб тақалади. “Катта Лангар Қуръони”нинг сақланиш тарихи Саҳифалар узоқ вақт давомида “Катта Лангар шайхлари” деб ном олган Ишқия тариқати вакиллари томонидан асраб келинган. Маҳаллий аҳолининг ҳикоя қилишича Катта Лангар Қуръони 1917 йилларда Асрорхўжа ота исмли кишининг қўлида бўлган, 30 йилларгача унинг ўғли Уста Абдулло ота, ундан кейин Ёқуб бобонинг қўлида сақланган. Ундан Қулфи момонинг қўлига ўтиб 1957 йилгача у кишининг қўлида сақланган. 1957 йилдан Тўхта Бобо Ражабовнинг қўлида сақланган. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида Ўзбекистонда диний ва миллий қадриятларга қарши кураш авж олгач, ушбу қўлёзманинг ҳам катта қисми атайин йўқ қилинган ёки яширилган. Ҳикоя қилишларича, 1984 йили ўша вақтда тегишли ташкилот вакиллари томонидан ҳеч қандай далолатнома қилинмаган ҳолда Лангар Қуръонининг 67 саҳифаси олиб кетилган. Унинг қаерда эканлиги ҳалигача маълум эмас. Шунда қишлоқ оқсоқолларидан Тўхта бобо Ражабов қўлёзманинг 12 саҳифасини асраб қолишга муваффақ бўлади. Орадан ўн йил ўтиб, мустақиллик йилларида ушбу муборак саҳифалар яна Катта Лангар зиёратгоҳига қайтарилади. Қўлёзманинг қадимийлиги Аслида бу қўлёзма бизнинг юртимизга қандай келиб қолганлиги ҳақида ҳалигача ҳеч ким аниқ маълумот айта олган эмас. Аммо биз шуни биламизки, ушбу қўлёзма устида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган олимларнинг таъкидлашларича, ушбу қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги чорагида, араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади. Ҳозирги кунда ушбу қўлёзманинг 81 саҳифаси Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Машҳур шарқшунос, академик И.Ю.Крачковский ўзининг “Араб қўлёзмалари устида” китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда институт томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган[1]. 1998 йилда профессор Е.А.Резван Шарқ қўлёзмалари институтида Е 20 инвентар рақами остида сақланаётган мазкур қўлёзма ҳақида хориж матбуотида инглиз тилида “The Qur’an and its World” мақоласини эълон қилди. Орадан бир неча ой ўтиб, француз шарқшуноси Франсуа Дерош Санкт-Петербургга хат йўллаб, у билан бирга Ўзбекистондаги Катта Лангар қишлоғидан топилган Қуръон саҳифалари фотонусхаларини ҳам юборади. Бу нусхалардаги ёзув тури ва услуби институтда Е 20 рақами остида сақланаётган қўлёзманики билан айнан бир ҳил эди. Кейинчалик Е.Резван ушбу қўлёзманинг айрим саҳифалари Катта Лангар қишлоғида, шунингдек Тошкент ва Бухорода ҳам сақланиши ҳақида хабар топади. 1999 йилда Катта Лангар Қуръони билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга илмий экспедицияни амалга ошириб, бир гуруҳ шарқшунос олимлар билан Тошкентда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Усмон мусҳафи ва Лангар Қуръонининг бир саҳифаси, Шарқшунослик Қўлёзмалар институтида сақланаётган 1та саҳифасини, Лангар ота масжидида сақланаётган 12 саҳифани бориб кўради. Кейинчалик бу ҳақда “Усмон Қуръони изидан” деган ҳужжатли фильм ҳам тайёрлайди[2]. 2000 йилнинг май ойида россиялик ва голландиялик олимларнинг изланишлари натижасида, Гронинген (Голландия) университети Изотоп тадқиқотлари марказида мазкур қўлёзма пергаментининг намуналари замонавий техникалар ёрдамида радиокарбон таҳлилидан ўтказилади. Текширув натижаларига кўра, ушбу қўлёзма милодий 775-995 йиллар оралиғида кўчирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса берилди. Олимлар ушбу хулосага таяниб, қўлёзма VIII асрнинг сўнгги чорагига тегишли, деган тўхтамга келишган. Бу хулосани француз шарқшуноси Ф.Дерош ҳам тасдиқлайди. Қўлёзмалар қаерларда сақланмоқда? Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд: Биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Шарқ қўлёзмалари институтида 11604 рақами остида сақланаётган саҳифада “Бақара” сурасининг 26-61-оятлари кўчирилган....
Отамиз Одам алайҳиссаломга илм ўргатган ва у илмни англаш учун, фаҳмлаш учун бизларга ақл берган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Барча илмларни ўзларига мужассам айлаган ва у илмларни бизларга мерос қолдирган муаллимимиз, мураббийимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саломлар бўлсин. Аллоҳ таолонинг каломида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида таьлим берувчи ва олувчи толиби илм ва узтози каримлар ҳақида хабар ва маьлумотлар келган. Аллоҳ таоло биз мўминларга қарата шундай хитоб қилади: يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси 11-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динда фақиҳ бўлган инсон одамларнинг афзалидир. Агар унга ҳожат тушса, фойда беради. Агар беҳожат бўлсалар, ўзига фойда беради”,“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганларингиз”,“Аллоҳнинг китобидан кимики бир оят ўргатса, Қиёмат кунида ўша оят табассум чеҳрали ҳолатда инсонни кутиб олади”,“Менинг ўринбосарларимга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” У зотдан сўрашди: Ўринбосарларингиз кимлар? “Суннатимни тирилтириб, уни Аллоҳнинг бандаларига ўргатган зотлар”,“Ким инсонларга таълим бериш мақсадида бир бўлим илм ўрганса, унга етмиш сиддиқнинг савоби берилади” деганлар. Ийсо алайҳиссалом айтадилар: “Ким илм ўрганиб, унга амал қилса ва уни бошқаларга ўргатса, бутун осмон фаришталари орасида “Буюк…” деб чақирилади”. Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳу дедилар: “Албатта фаришталар толиби илмнинг илм талаб қилганидан миннатдор бўлиб, қанотларини унга ёзишади” Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳи дейдилар: Илм аҳлини улуғлаганлари боисидан фаришталар илм талаб қилиб келган ҳар бир инсонни оёғининг остига ўз қанотларини ёядилар. Ва яна бирор ерда агар илм мажлиси бўлса, улар учишдан тўхтаб, мажлис аҳлига қулоқ соладилар ва қанотлари билан толиб илмларнинг бошлари узра қанотларини ёядилар. Муҳаммад ибн Исмоил Таймий дейдилар: бир киши бу ҳадисни эшитиб, масхаралаб: Эй толиби илмлар, оёқларингизни кўтаринглар, яна фаришталар қанотини синдириб қўймайлик, деганида ўша заҳоти икки оёғи қуриб шал бўлиб йиқилиб қолди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси 500 йиллик йўлга тенг”. Ислом динимиз бизларга ўзимизнинг ўқитувчиларимиз ва устозларимизга қандай муносабатда бўлишимиз, илм аҳлини ҳурмати қандай жойига қўйишимиз кераклигини ўргатади. Бугунги кунга келиб, мусулмон бўлиб ёки мусулмонларнинг фарзанди бўла туриб, ўзимизнинг устозларимиз, муаллимларимизга нисбатан ҳурматимиз, муомаламиз тамоман юз тубан бўлиб, жаҳолатга қараб кетмоқда. Ҳаттоинки айрим ота-оналар ўзларининг фарзандларининг гапига қулоқ солиб, илм нурини тарқатадиган устозларини, билимсизлик ботқоғидан қутқариб, илмли доно қилиб қўйган муаллимларини кўнгилларини синдириб кетадилар. قَالَ عَلِيٌّ كَرَّمَ اللَّهُ وَجْهَهُ: «أَنَا عَبْدُ مَنْ عَلَّمَنِي حَرْفًا إنْ شَاءَ بَاعَ وَإِنْ شَاءَ اسْتَرَقَّ» Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа мени сотсин, хоҳласа мени қул қилиб ишлатсин”. Бизлар ҳам бизларга ва фарзандларимизга илм ўргатган устозларимизга мана шундай даражада таъзимда бўлишимиз зарур. Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи толиби илм устоз танлашда ушбу нарсаларга аҳамият беришини айтадилар: аҳли илмлар орасида энг олимини, парҳезкор ва тақводорроқ, ёши улуғ, юмшоқ кўнгил, сабр матонатли ва салобату виқорлик. Устозга кўрсатиладиган одоблар қуйдагилар: Устоз келганда ҳурмати учун ўрнидан туриш فَلَمَّا رَآى سَعْدَ بن مُعَاذٍ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ لأَصْحَابِهِ : قُومُوا إِلَى سَيِّدِكُمْ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Қурайзанинг амири Саъд ибн Муозни кўрганларида, саҳобаларга қараб: “Ҳурматли кишиларингиз келганда, ўринларингиздан туринглар” дедилар. Устознинг олдида овозни баланд қилиб гапирмаслик يَا...
Бугун, 12 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов бошчилигида “Катта Лангар Қуръони ва унинг тарихий аҳамияти” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Семинарда Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Ё.Бухарбоев ва институтининг 15 нафар иқтидорли талаба-ёшлари иштирок этдилар. Ислом динининг асосий манбаси ҳисобланган Қуръони карим мўмин-мусулмонлар учун муқаддас китоб саналади. Айниқса, унинг энг қадимий нусхалари халқимизнинг бебаҳо мероси сифатида қадрланади. Юртимиздаги ана шундай маънавий мерослардан бири Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган VIII асрга оид “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларидир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 майда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, қадимий ёзма асарларни тарғиб этиш борасида илмий-амалий анжуманлар ўтказилмоқда. Мазкур семинар ҳам шу мақсадга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, диний таълим муассасалари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. “Катта Лангар Қуръони ва унинг тарихий аҳамияти” семинарини ўтказишдан мақсад бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган тарихий ва нодир қўлёзма асарларни кенг жамоатчиликка таништириш ва улар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб боришни тарғиб этишдан иборатдир. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Музаффар Комилов семинар иштирокчиларига ўз табрикларини йўлладилар. Сўзга чиққан нотиқлар Диний идора раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ҳаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ ва мутахассис Ғуломжон Холбоев кабилар Катта Лангар Қуръонининг ёзилиш тарихи, матн услублари, ҳошиялари ҳамда юртимизга келиши ва сақланиши билан боғлиқ бўлган нодир маълумотларни етказдилар. Илмий семинарда Катта Лангар Қуръони ҳақида кўпчиликка маълум бўлмаган жуда ҳам ноёб ва қизиқарли маълумотлар ҳам баён этилди. Келгусида бу ҳақда сайтимизда батафсил баён этамиз. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати маълумотларидан олинди 861
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш тўғрисида Аҳзоб сураси 56-оятида шундай марҳамат қилади: إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз! يُصَلُّونَ (юсоллуна) – сўзи араб тилида “дуо қиладилар ва истиғфор айтадилар”- деган маънони билдиради. Шунингдек, Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 103-оятида эса: وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ “Ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”-деган. Муфассир олимлар ушбу оятнинг шарҳида “уларнинг ҳаққига мағфират ва раҳмат сўраб дуо қилинг!”- деган маъно борлигини айтишган. Фарз намозида дуо ва истиғфор бўлганлиги учун “солат”-“дуо” деб номланган. Шунингдек, намоз раҳмат маъносида ҳам келган бўлиб, бунга мисол қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Аллоҳим Абу Авфонинг аҳлига раҳм қилгин!”, деган дуоларини келтириш мумкин. Абул Олия айтади: “Аллоҳ таолонинг “солати” деган сўздан фаришталар ҳузурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига айтган мақтови бўлади ва малоикаларнинг “солати” дегани эса, уларнинг у зотнинг ҳаққига қилган дуоси назарда тутилган[1]. النَّبِيِّ : Жавҳарий айтади; “Набий” сўзининг маъноси Аллоҳ таоло ҳақида “хабар етказувчи киши”, деганидир. Чунки набий Аллоҳ таоло ҳақида хабар беради. Бу сўзнинг кўплик шакли “анбиё” бўлади. Ниҳоя китобида “набий” сўзи “набиъ” ва “набий” шаклларида келган. Собуний айтади: Қуръонда келган “набий” ва “расул” сўзларидан кўзланган мақсад ҳам набий ва расулларнинг хатмикунандаси Муҳаммад Расулуллоҳ алайҳиссаломдирлар. Мазкур ояти каримада жуда кўплаб гўзал маънолар мужассам. Шулардан: Аллоҳ таолонинг (إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّون عَلَى النَّبِيِّ) каломи Расулуллоҳга айтилган мақтов араб тилидаги таъкид юкламаси бўлмиш “إِنَّ” билан келган. Шунингдек, гапнинг аввалида исм-отнинг келиши иш ҳаракатининг давомийлигини билдирса, жумланинг охирида феъл билан тугалланганлиги, ушбу дуруд Аллоҳ таоло томонидан эканлигига ишорадир. Аллоҳ таоло томонидан бўладиган доимий мақтов вақти-вақти билан янгиланиб туради. Аллоҳ таоло ва фаришталар томонидан унинг ҳаққига салавот айтилган кишига бизнинг салавотимиз не ҳожат? Айтишимиз мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига салавот айтиш, у зотнинг биз айтадиган салавотларга эҳтиёжлари борлиги учун эмас. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло у зотнинг ҳақларига салавот айтиб турган бир пайтда, у зот малоикалар айтган салавотга ҳам эҳтиёжлари бўлмас эди. Салавот айтиш кишининг у зотга билдирган таъзими натижаси бўлиб, ушбу таъзимга яраша Аллоҳ таоло савоб беради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ким менинг ҳаққимга бир марта салавот айтса, Аллоҳ таоло унинг ҳаққига ўн марта салавот айтади”, деганлар. У зотнинг ҳақларига Аллоҳ таолонинг солати ва саломи бўлсин! Имом Фахр ар-Розий айтади: Солат-дуо деган маънони билдиради. Араб тилида “солла алайҳи”, дейилса, бу “унинг ҳаққига дуо” қилди деган маънони билдиради. Бу маъно Аллоҳ таолонинг ҳаққида номаъқул, чунки Аллоҳ таоло у зотнинг ҳаққига дуо қилмайди. Дуо бошқа бир кишининг ҳаққига учинчи бир кишидан манфаат етишини сўраш деганидир. Аллоҳ таоло томонидан бўлган солат раҳмат маъносида бўлса, малоикалар томонидан айтилган солат эса, истиғфор маъносида бўлади. Бу икки маъно раҳм қилинадиган ва истиғфор сўраладиган кишининг ҳолатига эътибор қаратишда бир хил ишлатилади. Юқоридаги сўздан кўзланган мақсад ҳам шу маънодадир[2]. Аллоҳ таоло бизни набий Муҳаммад алайҳиссаломга салавот айтишга буюрди. Биз у зот ҳақларига “соллайна алайҳи – у зотнинг ҳаққига дуо қиламиз” ёки “усоллий алайҳи – мен у зотнинг ҳақига дуо қиламан”-...
Аллоҳга шукрки, юртимизда янги масжидлар қуриш, мавжудларини замонавий кўринишда қайта барпо қилиш ишлари давом этмоқда. Республикамизнинг бир неча ҳудудларида жоме масжидлар миллий андозаларга усулда бунёд этилмоқда. 11 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Оқ уй”, Тошкент вилоятидаги “Хўжа”, “Нодирхон қори” ва “Эрбўта қози” жоме масжидларининг қурилиши бошланишида қатнашдилар. Муфтий ҳазратлари дастлаб Тошкент шаҳри Миробод туманидаги “Оқ уй” жоме масжиди пойдеворига биринчи тамал тошини яхши тилак ва хайрли дуолари ила қўйиб бердилар ҳамда масжиднинг кўркам, барча талаб ва эҳтиёжларга мос бўлишига доир фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Айниқса, намозхонлар учун масжид кутубхонасини ташкил этиш ва ташриф буюрадиган нуфузли дунё уламолари, мартабали меҳмонлар билан ўзаро мулоқот ўтказиш учун муносиб шарт-шароитлар ҳозирлашни алоҳида таъкидладилар. Масжид бир вақтда икки мингдан ортиқ киши намоз ўқишига мўлжалланган. Масжид пойтахтимизга водий томондан кириб келиш манзили – Фарғона йўли кўчасида жойлашганини эътиборга олиб, йўловчилар учун алоҳида шарт-шароитлар ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, масжид ёнида лойиҳада назарда тутилганидек, мўъжаз меҳмонхона ва мажлислар зали ҳам қад кўтаради. Қурилиши бошланиши маросимида уламолар, маҳалла фаоллари ва нуроний отахонлар ҳам иштирок этдилар. Муфтий ҳазратдан кейин уламолар, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қуйдилар. Муфтий ҳазратлари Тошкент вилоятида барпо этилаётган янги масжидларда бораётган қурилиш жараёнлари билан танишиб, муҳим тавсияларини бердилар. Улардан бири Қуйи Чирчиқ туманидаги “Хўжа” жоме масжиди. Ўтган йили ушбу жомени қайта қуриш ишлари бошланган эди. Маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракати ила масжид пойдевори янгидан тикланиб, 11 февраль куни муфтий ҳазратлари хайрли дуолар ила масжид биносининг биринчи ғиштини қўйиб бердилар. Янги масжид 500 кишини ўз бағрига сиғдирадиган хонақоҳ, таҳоратхона, хизмат хоналаридан иборат бўлади. Муфтий ҳазратларининг навбатдаги ташрифлари Оққўрғон туманидаги “Нодирхон қори” жоме масжиди бўлди. Сиғими мингдан ортиқ кишига мўлжалланаётган мазкур жомега 2017 йил 9 ноябрь куни биринчи ғишт қўйилган эди. Ҳозирга келиб масжид биноси қад кўтариб, том қисми ёпилди. Оққўрғон туманидаги яна бир қурилиши давом этаётган “Эрбўта қози” жоме масжидида ҳам муфтий ҳазратлари бўлиб, қурилиш ишлари билан яқиндан танишдилар. Бу жойда барпо этилиши лозим бўлган шарт-шароитлар юзасидан тавсиялар бердилар. Масжид намозхонасининг сиғими 500 кишилик бўлиб, шу йилнинг охирига тугаши кўзда тутилган. Муфтий ҳазратлари янги бунёд этилаётган жоме масжидларга ташрифлари давомида мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, намозхонлар ибодат қилишлари учун яратилган қулайликлар ва жоме масжидларни ўзига хос услуб ва меъморчилик асосида бунёд этишга алоҳида эътибор қаратдилар. Масжидларга жам бўлган нуроний отахонлар муҳтарам Президентимизнинг диний-маърифий соҳадаги улкан ислоҳотлари сабабидан халқимизга туҳфа этилаёган ана шундай муҳташам жоме масжидлар учун миннатдорлик сўзларини изҳор этиб, она-Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаравонлигини тилаб муфтий ҳазратлари бошчиликларида дуои хайрлар қилдилар. Бундай эзгу ишларга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда, саховатпеша инсонлар ўзларининг ҳимматларини кўрсатишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Ҳақ таоло ушбу жоме масжидларнинг қад ростлаётган биносини файзу баракотли айласин. 816