Бугунги кунимизда бировнинг савдоси устига савдо қилиш, бировнинг совчилиги устига совчилик қўйиш одатлари кўпайиб кетди. Бу ишларга, аслида, ислом динида қандай қаралади? Бунга ҳадис орқали жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзиларингиз баъзиларнинг савдоси устига савдо қилишидан, бировнинг совчилиги устига аввалги совчи уни тарк қилмагунича ёки ўзи совчиликка изн бермагунича совчи қўйишидан қайтардилар”, дедилар. Бу ҳадис-и шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни ўзаро ораларида муҳаббат ва улфат ҳисларини боғлашга қизиқтирмоқдалар, ҳамда, адоват, ўзаро нафрат ва азият бериш сабабларининг баъзиларидан огоҳлантирмоқдалар. Бунга мана бу сўзлари далолат қилмоқда: “Киши биродарининг савдоси устига савдо қилмайди, биродари совчи қўйган аёлга биродари устидан совчи қўймайди. Фақатгина, аввалги совчи уни тарк қилса ёки иккинчи совчига ўз розилиги билан изн берсагина совчи қўйиши мумкин”. Ҳадисдаги баъзилар деган сўздан ҳар бир киши маъноси тушунилади. Бошқанинг савдоси устига савдо қилишнинг кўриниши қуйидагича: бир киши нарса сотиб олаётган харидорнинг ҳузурига келадида: бу савдони буз, мен сенга мана шу нархга ёки ундан арзонроққа бундан яхшисини бераман, дейди. Ёки бир киши билан савдо қилаётган сотувчининг олдига келиб: бу нарсангни унга эмас менга сот, мен ундан кўпроқ пул бераман, дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ҳадис-и шарифларида мана шундай ишлар ҳаром бўлгани учун инсонларни улардан қайтармоқдалар. Уламолар ҳам бошқанинг савдоси устига савдо қилиш ҳаром эканига бирдек ижмоъ қилганлар. Чунки бу ишда биродарига азият бериш, унинг қалбида нафрат туйғуларини уйғотиш бор. Бизнинг динимизда бировга зарар бериш ҳам, бировдан зарар кўриш ҳам йўқдир. Энди бировнинг совчилиги устига совчи қўйишга келсак, бунда бир киши бир аёлга совчи қўяди, улар ўзаро келиши, розилик билдиришади, фақатгина никоҳ аҳдининг ўзи қолган бўлади. Шу пайт бошқа бир одам ўша аёлга совчи қўяди. Бу иш ҳам худди юқоридаги сингари ҳаром эканига уламолар ижмоъ қилганлар. Бунда ҳам биродарига азият бериш бор. Чунки мусулмонга бошқа бир мусулмоннинг моли, жони, обрўси ва шаъни ҳаромдир. Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар: Инсонларга азият берадиган ҳар бир нарсадан сақланиш; Жанжал келтириб чиқарадиган, қалбларни нафратлантирадиган, душманликни юзага келтирадиган нарсаларнинг баридан сақланиш; Бировнинг савдоси устига савдо қилишнинг ҳаром экани; Бировнинг совчилиги устига совчи қўйишнинг ҳаром экани. Охират кунига иймон келтирган ҳар бир оқил мусулмон учун бундай ҳаром амаллардан қайтишида мана шу ҳадиснинг ўзи кифоя қилади. Аллоҳ барчамизни Қуръонга ва суннатга амал қиладиганлардан қилсин. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Нуриддин Муҳаммаджон 837
Уммат ғамхўри, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам исломий жамиятда бирдамлик ҳукмрон бўлиши учун, мўмин-мусулмонларнинг ўзаро алоқалари мустаҳкам бўлиши учун зарур кўрсатмларни бериб кетганлар. Ул зот жумладан бир ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: من صنع اليه معروف فليجزئه فان لم يجد ما يجزئه فليثن عليه فانه اذا اثنى فقد شكره و ان كتمه فقد كفره و من تحلى بما لم يعط فقد لبث ثوبى زور Кимгаки яхшилик қилинса, уни қайтарсин. Агар қайтарадиган нарса топа олмаса, унга мақтов айтсин. Чунки уни мақташ билан унга ташаккур билдирган бўлади. Агар яширса, неъматнинг қадрига етмай куфрони неъмат қилган бўлади. Ва кимки ўзида йўқ нарса билан ясанишга уринса, бас икки ёлғон (ёлғончилик ва мақтанчоқлик) либосини кийибди. (Имом Бухорий. Адаб ал-Муфрад / 215). Демак, инсон кимдандир қай йўсинда бўлса ҳам яхшилик кўрса, масалан совға олгандир, илм олгандир, хожатини битириб бергандир ва ҳоказо… Ўша яхшилик қилган одамга миннатдорлик тарзида муносиб яхшилик билан жавоб қайтарсин. Бу суннатдир. Қолаверса, яхшилик қилган одам унинг муносиб жавобидан кейин яна ҳам яхшилик қилгиси келади. Ораларида муҳаббат пайдо бўлади. Дўстлик, биродарлик риштаси мустаҳкамланади. Бу одам яхшиликни қадрига етар экан, унга ёрдам қилиб адашмапман, бундан кейин қўлимдан келса яна ёрдамимни аямайман, дейди. Агар қайтаришга нарса топа олмасачи? Бу ҳолатда оғзаки бўлса ҳам миннатдорлик билдириши лозим. Унга раҳмат айтиб ҳаққига дуо қилиши керак. Нафақат унинг ўзига, балки ғоибона, унинг таниш-билишларига ҳам уни ортидан мақташи керак. Масалан, маҳаллангиздаги фалончи яхши одам экан. Менга шундай-шундай яхшиликлар қилди. Аллоҳ рози бўлсин. Уни ёрдами билан муаммойим ечим топди ва ҳоказо. Бу билан ҳам яхшилик қилган одамнинг дили яйрайди. Эзгу амаллар қилишда давом этади. Ораларида ўзаро муҳаббат, биродарлик кучайиб боради. Моддий жавоб қайтар олмаса ҳам, ҳаққимга дуо қилибди, хурсанд эканини танишларимга изҳор этибди, яхшилигимни қадралбди. Яхши инсон экан, деб унинг ҳам қалбида ижобий фикр пайдо бўлади. Инсон фойдаланган одамига миннатдорлик билдириши билан нафақат унинг ўзига балки Аллоҳга ҳам шукр келтирган бўлади. Инсонлардан кўрган манфаатнинг қадрига етмаган одам Аллоҳнинг неъматига куфрон қилган бўлади. Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бир ҳадисларида шундай деганлар: لا يشكر الله من لا يشكر الناس Инсонларга раҳмат деймайдиган киши Аллоҳга ҳам шукр келтирмайди. (Имом Бухорий. Адаб ал-Муфрад / 218). Бир куни Мадинада муҳожирлар ансорларнинг уларга қилган беқиёс яхшиликларини ёдга олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай дедилар: Эй Аллоҳнинг Расули, ансорлар ҳамма ажрни олиб кетишди а ? Ул зот жавоб бердилар: Йўқ! Модомики сизлар уларнинг ҳаққига дуо қилиб турсангиз, уларни мақтаб миннатдорлик билдириб турсангиз… сизларга ҳам Аллоҳ уларга берган ажр-савоб мислини беради. (Имом Бухорий. Адаб ал-Муфрад / 217). Ижтимоий тармоқларда юртимиздаги имом домлаларни обрўсизлантириш, халқда уларга нисбатан ишонч туйғуларини йўқ қилиш учун фаол ҳаракат олиб борувчи фитначи гуруҳлар бор. Ўшаларнинг фитналаридан бири шуки, юрт раҳбарларини ҳаққига дуо қилган имомларни «сарой мулласи» деб ҳақорат қилишади. «Бу имом Аллоҳни қўйиб, тоғутга ибодат қилади, одамларни Аллоҳнинг йўлига бошламай бандасини йўлига етаклайди» — деганга ўхшаш гаплар билан оламга жар солишади. Аслида ўша «ақллилар» халқни алдашаётган бўлади. Юқоридаги ҳадисларга эътибор қилинса, халқ уларнинг тинчлигини, эмин-эркин ибодатини таъминлаб бераётган раҳбариятга муносиб жавоб қилиши керак. Уларнинг жавоби хайрли дуо билан бўлади. Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб қўйибдиларку?! «Инсонларга раҳмат деймайдиган киши Аллоҳга ҳам шукр келтирмайди«....
Жорий йилнинг 7 февраль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими ҳамда “Тиллар кафедраси” ҳамкорлигида Мир Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги муносабати билан “Ғазал мулкининг султони” номли бадиий кеча бўлиб ўтди. Тадбирда ТИИ Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ўткир Собиров, Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори филология фанлари доктори Узоқ Жўрақулов, Ўзбекистон халқ шоири “Тонг юлдузи” газетаси муҳаррири Ахтамқул Карим, «Тиллар» кафедраси профессори, филология фанлари доктори Нурбой Жабборов ҳамда 1,2-курс талабалари ва мураббийлари иштирок этдилар. Давра суҳбатидан олдин Қуръони карим тиловат қилиниб, савоби улуғ аллома ҳазрат Алишер Навоий руҳониятларига бағишланди. Шундан сўнг, филология фанлари доктори, профессор Узоқ Жўрақулов Мир Алишер Навоий ҳазратларининг илмий мерослари халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги ўрни, уни ўрганиш миллатимиз маънавий ҳаёти учун қанчалар долзарб эканини таъкидланди.Ўзбекистон халқ шоири Ахтамқул Карим эса ҳазрат Навоий қаламларига мансуб асарларда комил инсон, маънан етук кишилар қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги ўзи ижод қилган байтлардан ўқиб берди. Шунингдек,талабалар улуғ мутафаккир ҳазрат Навоий ҳаёти ва ижодларига оид ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. Меҳмонларга мазмунли суҳбати учун Тошкент ислом институти томонидан ташаккурнома берилди. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 1 187