islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Жаннатда Аллоҳ таолони кўриш ҳақида эътиқодимиз

Мотуридия мазҳабидаги мўътабар уламолардан бири бўлган Нажмиддин Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ «Ақоиди Насафий» асарида қуйидагиларни ёзган: «Аллоҳ таолонинг бандаларига кўриниши ақлан жоиз, нақлан вожибдир. Ҳа, охират диёрида мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларини тасдиқловчи самъий далиллар келгандир. Шунга кўра бирор маконда бўлмасдан, бирор муқобил тарафда турмасдан, ёки нурга чулғанмасдан, ёки кўрувчи билан Аллоҳ таоло ўртасида масофа собит бўлмасдан кўринади». Аҳли сунна уламолари Аллоҳ таолони жаннатда кўриш собитлигига Қуръони каримдаги ушбу оятни далил қилиб келтирганлар: وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَاضِرَةٌ إِلَى رَبِّهَا نَاظِرَةٌ  «У кунда чиройли юзлар бор. Ўз Роббисига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23 оятлар). Бошқа бир оятда кофирларнинг қиёмат кунида Аллоҳ таолони кўришдан тўсилишлари шундай хабар берилган: كَلَّا إِنَّهُمْ عَنْ رَبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَمَحْجُوبُونَ «Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар» (Мутоффифин сураси 15 оят). Уламолар ушбу оятни мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришлари ҳақлигига далил қилганлар. Бу ҳақида имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ушбу оятда мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларига далил бор», деган. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: «Унинг душманлари тўсилган ва Уни кўра олмаганларидан кейин, Ўзининг дўстларига тажаллий (Ўзини намоён) қиладики, У Зотни кўрадилар», деган. Аллоҳ таолони жаннатда кўриш ҳақлигига ҳадиси шарифларда ҳам кўплаб далиллар келган. Жумладан Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Бизлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, у зот тўлин ой кечасида ойга назар солдиларда: «Сизлар яқинда Роббиларингизни бу ойни кўргандек кўрасизлар, Уни кўришда қийналмайсизлар, агар қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин намозга куч сарфлашга қодир бўлсаларингиз, албатта, уни адо қилинглар»,дедилар”. (Муттафақун алайҳ). Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида қуйидагиларни айтганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу ойни кўргандек кўрасизлар» дейишлари кўриладиганни кўриладиганга ўхшатиш эмас, балки кўришни кўришга ўхшатишдир. Аллоҳ таолони кўришни ойни кўришга ўхшатишда икки хил маъно бор: Тўлин ой кечасида ойни кўриш тўғрисида ҳеч қандай шак-шубха бўлмайди; Ойни кўришда кўрувчилар қанча кўп бўлишларидан қатъи назар ҳеч бир машаққатсиз барчалари баравар кўраверадилар”. Мўминлар Жаннатга киргач, уларга кўзлар кўрмаган ва қулоқлар эшитмаган сон-саноқсиз неъматлар берилади. Ўша неъматларнинг энг улуғи Аллоҳ таолога назар солиш ҳисобланади. Бандалар Аллоҳ таолони шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз кўрадилар. Бу ҳақда Сўфи Оллоҳёр бобомиз ўз байтларида шундай келтирган: Кўнгулда кечса, кўзга тушса ҳар шай Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай. Яъни инсоннинг кўнглида Аллоҳ таолонинг қандайлиги тўғрисида қандай фикр ўтса ҳам, унинг кўзига қандай улуғвор нарса кўринса ҳам Аллоҳ таоло барчасидан бошқа бўлган, олий ва буюк Зотдир. Идроксиз кўриш деганда эса кўрилган нарсани тасвирлаб бера олмайдиган, унинг қандайлигини тушунтириб бера олмайдиган ҳамда ёдида сақлаб қола олмайдиган даражада кўриш маънолари тушунилади. Шунга кўра мўминлар жаннатда Аллоҳ таолони бирор шаклсиз, идроксиз ва ҳеч бир тимсолсиз равишда кўрадилар, деб эътиқод қилишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизга жамолини кўриш бахтини насиб этсин. Омин! Тошкент Ислом институти талабаси Турғунбоев Нуриддин 856

“Салгина эпкинга ҳам айланаверадиган онгсиз пирпиракка ўхшамаслик керак”

Кишининг фаолияти ғоя билан суғорилмаган бўлса, қупқуруқ ва ғарибдир. Н. Г. ЧEРНИШEВСКИЙ Агар сенга ғоя ёқиб қолса, ундан руҳлан. Чунки Инсонда руҳланиш қобилияти бўлиши керак. Э. ТEЛМАН Зарур бўлганда жон фидо этмаган кишини оқил дейиш хато. Г. БИЧEР Олижаноб ғояларсиз инсоният яшай олмайди. Ф. М. ДОСТОЕВСКИЙ Одамзод бахти учун ҳамма нарсадан воз кечишга ўргатадиган ажиб ғояларни кишиларга сингдириш буюк санъатдир. СТEНДАЛ Инсониятнинг бутун мақсадлари, бутун меҳнатлари муҳаббатсиз нимага ҳам арзирди? М. Ю. ЛEРМОНТОВ Ғоядан қўрққан одам бора-бора ўз тушунчасини ҳам йўқотади. ГЁТE Инсонда изчил ва онгли эътиқод, фақат ё жамият таъсири остида ёки адабиёт ёрдамида ривожланиши мумкин. Н.Г. ЧEРНИШEВСКИЙ Тирик жон кучли эътиқодга эга бўлмаслиги мумкин эмас… Эътиқодсиз кишиларгина эътиқодни амалга ошира олмайдилар; калтафаҳм одамлар ёки виждонсиз одамларгина эътиқодсиз бўладилар. Я. Г. ЧEРНИШEВСКИЙ Ғояни фойдали деб эътироф эта туриб, лекин ундан фойдалана билмаслик ҳам мумкин. ГЁТE Ўз эътиқодингни айтмоғинг учун журъатли бўлишинг керак. Я. М. СEЧEНEВ Ҳар бир киши ўз эътиқодини ҳимоя қилиши учун мард бўлиши керак. А. ГУМБОЛДТ Эътиқод ўзимизники бўлгани учун эмас, балки ҳаққонийлиги учунгина қимматлидир. В. Г. БEЛИНСКИЙ Ҳар қандай қатъий эътиқодларимиз ҳам билимларнинг янада юксалиши туфайли улоқтириб ташланиши ёки жуда бўлмаганда ўзгартирилиши мумкин. Т. ГЕКСЛИ Фақат тентаклар ва мурдаларгина ҳеч қачон ўз фикрларини ўзгартирмайдилар. Ж. ЛОУЭЛЛ Эътиқод ўз табиатига кўра фаолсиз маънавий бойлик бўлолмайди. В. А. СУХОМЛИНСКИЙ Агар эзгу ишларга бошламаса, энг зўр маънавий истаклар ҳам уч пул. Ж. ЖУБEР Инсоннинг энг юксак хоҳишлари, ғоялари, ниятлари ва туйғулари кундалик ҳаётда ўз бурчини кўнгилдагидек бажаришга уни ундамаса, сариқ чақага ҳам арзимайди. Г. БИЧEР Ҳаётини ўз эътиқодига бағишлаган одам янги металлни ихтиро этган ёки янги газни топган тадқиқотчига қараганда ҳам инсониятга кўпроқ хизмат қилган бўлади. Ж. ЛОУЭЛЛ Эътиқодсиз одам нотавон, ҳар бир аъмоли йўқ одам ғариб кимсадир. Я. Е. РEПИН Жиддий одамнинг ғоялари кўп бўлмайди. Ғояси кўп одам ҳеч қачон жиддий бўлолмайди. П. ВАЛEРИ Салгина эпкинга ҳам айланаверадиган онгсиз пирпиракка ўхшамаслик керак. Ж. ЛОНДОН Менинг эътиқодларим юрагимнинг урушига қараб ўзгараверса, унда ҳолимга вой. Ф. ШИЛЛEР Биринчи учрашган кимсага ёқиш учун ўз фикрини дарров ўзгартираверадиган одамни биз бўлмағур, пасткаш, ҳеч бир ихлоси йўқ одам деймиз. Н. А. ДОБРОЛЮБОВ “Маърифат гулшани” китоби асосида тайёрланди “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчи Пўлатхон Каттаев   953

Зикр фазилатлари

Зикр – Аллоҳ таолонинг қудрати, неъматлари ва атроф оламга ибрат назари билан боқиб Буюк Яратувчини ёдга олишдир. Қуръони каримда Аллоҳ таолони зикр қилишга алоҳида буйруқ келган: فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ «Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман», (Бақара сураси, 152-оят). Аллоҳ таолони эслаш – зикр қилиш У зотга бўлган муҳаббат белгиси, бахту-саодатнинг боши ва асосидир. Зикрнинг фазилатлари шунчалар кўпки, уларни санаб адоғига етолмаймиз: Зикр – Аллоҳ розилигига эришишнинг воситасидир; Зикр – шайтонга зарба бўлиб, унинг кучини заифлаштиради; Зикр – қалбдаги ғам-ташвишларни кетишига сабаб бўлади; Зикр – ожиз бандага қувват бағишлайди; Зикр – қалб ва юзнининг нурли бўлишига сабаб бўлади; Зикр – ризқнинг мўл бўлишига сабаб бўлади; Зикр – қалбни ғафлатдан уйғонишига сабаб бўлади; Зикр – гуноҳ ва маъсиятлар ўчирилишига сабаб бўлади; Зикр – Аллоҳнинг сакинати ва раҳмати тушишига сабаб бўлади. Зикр – қалбдаги хавотирлар кетишига сабаб бўлади; Зикр – турли тил офатларидан ва бекорчи сўзлардан узоқда бўлишга сабаб бўлади; Зикр – дунё ва охират саодатига эришишга сабаб бўлади. Зикрнинг бундан бошқа биз билган ва билмаган фойдалари, фазилатлари бисёрдир. Зеро, кимгаки Аллоҳ зикр қилувчи тил,  уйғоқ қалб, теран фикр ато қилган экан унга кўп яхшиликни ато қилинган бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни зикр деб аталмиш неъматда бардавом қилсин! 3-курс талабаси Ниёзалиева Мунаввар 1 163

Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар

Ҳадя (совға) улашишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилганлар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ушбу тарғиб қилинган амални адо этишга имкон қадар ҳаракат қилиши фазилатли иш ҳисобланади. Мазкур фазилатли ишга тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар: Биринчи одоб – эзгу ният қилиш. Ҳадя берувчи аввало Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида бир мусулмоннинг кўнглини шод қилишни ният қилиши лозим. Зеро, амаллар ниятларга кўра бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя улашишнинг қандай самаралари борлигини шундай баён қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя  улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, – дедилар”. Имом Байҳақий ривоят қилган. Яъни ҳадя жамият вакилларининг ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга сабаб бўлади. Иккинчи одоб – ҳадяни қавму қариндош ва қўни-қўшнилардан бошлаш. Ҳадяни қавму қариндошлардан бошлаш афзал ҳисобланади. Чунки бу иш силаи раҳм бўлиб, ўртадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ҳадя улашишда қўни-қўшнилардан ва улар орасидан ҳам аввало ён қўшнилардан бошлаш афзал саналади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”, – деганлар. Яъни қўшнисига яхши муомала қилган, яхши ишларида кўмакчи бўлган киши комил иймон эгаси бўлади. Кишининг  яхши-ёмон кунларида доимо ёнида яшайдиган инсон унинг қўшниси бўлади. Шу маънода дастлаб қўшнисига ҳадя бериш яхшиликни ўзига яқин кишилардан бошлаш ҳисобланади.  Учинчи одоб – ҳадяни арзимас санашдан сақланиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ўзаро ҳадя улашишга тарғиб қилиб шундай деганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, чунки ҳадя кўнгилдаги норозилик туйғусини кетказади. Бирор аёл ҳам қўшни аёлга қўй туёғининг ярмини бўлса ҳам (ҳадя қилишни) ҳаргиз арзимас санамасин”, – дедилар”. Имом Темизий ривоят қилган. Яъни ўзаро ҳадя улашиш жамият вакиллари орасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг боғланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳадя берувчи ҳам, уни олувчи ҳам ҳадяни асло арзимас санамаслиги лозим бўлади. Чунки ҳадя берувчи агар уни арзимас санаса, одатда ҳадя берилмай қолиб, ундан кўзланган мақсад ҳосил бўлмай қолади. Ҳадяни қабул қилувчи ҳам берилган ҳадя ҳар қанча оддий бўлмасин, асло арзимас санамаслиги керак. Шунингдек, ҳадяни ёки берувчисини камситадиган гапларни ҳазиллашиб гапиришдан ҳам қатъий равишда тийилиши лозим бўлади. Чунки бундай қилиш ораларини бузиш учун шайтонга имконият эшигини очиш бўлади. Шунинг учун ундан тийилиш вожиб бўлади. Тўртинчи одоб – ҳадяни қайтармаслик. Ҳадяни қабул қилиш дўстлик рамзи ва ҳадя берувчини ҳурмат қилиш белгиси бўлади. Ҳадяни қабул қилмай қайтариш эса берилган ҳадяни ёқтирмаслик ёки ҳадя берувчини камситиш каби маъноларни ифодалайди. Бу эса ўртада совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда ҳадяни қайтармасликка алоҳида буйруқ келган:  Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳадяни қайтарманглар ва чақирувчини(нг) (чақирувини) қабул қилинглар ва мусулмонларни урманглар”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган. Аммо ҳадяни қабул қилмаслик жоиз бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан, агар берилган ҳадяни пора ўрнида берилганини билса, ёки берилган ҳадядан кўпроғини ундан “ундириш” ёки бошқа бирор ғаразли ниятини амалга ошириш илинжида бераётганини сезса, ҳадяни қабул қилмаслик мумкин бўлади. Бешинчи одоб – ҳадя берувчини тақдирлаш Ҳадя олган киши ҳадя берувчига ташаккур айтиб, уни мукофотлаши ҳам суннат ҳисобланади. Қуйидаги ҳадис бунга далилдир: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадяни қабул қилар эдилар ва унга кўра тақдирлар эдилар”. Имом Термизий ривоят қилган. ...

Тошкент ислом институти раҳбарияти Вақф фондининг хайрли ишлари учун миннатдорчилик билдиради

2018 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан эълон қилинган «Илм йўлида кўмак берамиз» номли акциянинг биринчи босқичи якунлари бўйича тадбир ўтказилди. Акцияга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, намунали ва иқтидорли талабаларнинг тўлов-контракт пуллари тўлаб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, Қуръони каримни ёд олган ёки араб тилидаги бирор қўшимча китобни тамомлаган талабалар ҳам рағбатлантирилади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки, PayMe, Click, Mbank каби республиканинг йирик тўлов тизимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент Ислом институти, диний таълим муассасалари талаба-ёшлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Маросимда диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилиб, ўзининг иқтидори ва қобилияти билан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотлари билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида Тошкент ислом институтининг 9 нафар талабаси ҳам бор. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан институт ректори У.Ғафуров Вақф фондининг ушбу кўмаги ва қўллови учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Аллоҳ таолодан фонд раҳбарлари, ходимлари ва хайрияга маблағлари билан ёрдам берган саховатпеша юртдошларимизга қилаётган хизматлари эвазига ажру савобларни кўпайтириб беришини сўраб қоламиз. Эслатиб ўтамиз, ушбу акциянинг биринчи босқичи учун Вақф хайрия жамоат фонди томонидан умумий ҳисобда 160 000 000 сўм ажратилди. 1 009
1 1 376 1 377 1 378 1 379 1 380 1 549