Масжид – Аллоҳнинг уйи. Унинг деворлари ва устунлари, Аллоҳ номи билан қурилган. Унда ибодат қилинади, Аллоҳ улуғланади, мақталади, Унга руку ва саждалар қилинади. Бу борада, Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!”( Жин сураси, 18 оят). Аллоҳ таоло масжидларни қуришга, обод қилишга ва уни асраб- авайлашга чақиради: “(У чироқ) кўтарилишига (қурилишига) ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига Аллоҳ изн берган уйларда (масжидларда)дир” (Нур сураси, 36 оят). Дарҳақиқат, масжидларни пок тутиш, тозалаш ва хушбўйлантириш борасида бир қанча шаръий кўрсатмалар мавжуд. Масжидлар қанчалик шарафли жой эканидан келиб чиқиб, шариатимизда намозхонлар учун одоблар, суннатлар ва аҳкомлардан иборат кўрсатмалар бор. Уларнинг ҳурматини сақлаш, ҳуқуқини муҳофаза қилиш ва намознинг шаънини улуғлаш учун мана шу кўрсатмаларга эътибор бериб юриш гўзал амалдир. Қуйида мазкур кўрсатмаларни зикр қилиб ўтамиз: 1) Зийнатланмоқ – Масжидга боришни қасд қилган киши, намоз учун имкони борича безаниши лозим яъни, тоза кийим кийиши, хушбўйланиши ва мисвок тутиши мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!” (Аъроф сураси, 31оят), дейди. Масжидга тоза, хушбўй ифор билан кирган киши иззат-икромда бўлади. Шундай экан, намозхон кийим-кечагида ва емак-ичмагида ёқимсиз ҳидлардан узоқ бўлиши, бадани ёки кийимидан келадиган ҳар қандай ёмон ҳидлар билан намозхонларга озор бермаслиги зарур. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким пиёз, саримсоқ ва (кўк пиёз каби) ўсимликлардан истеъмол қилган бўлса, бас, масжидимизга яқинлашмасин! Чунки фаришталар одам фарзанди озор чекадиган нарсалардан озорланади”-дедилар (Имом Муслим ривояти). 2) Оҳиста юрмоқ – Намозга келаётган мусулмон шошмасдан сокинлик ва виқор билан юриши керак, ҳатто намозга иқомат такбири айтилса ҳам шошмаслиги даркор, балки қадамини қисқа қилиб майдалаштириши лозим. Чунки китобларда, масжид сари кўп қадам босган киши учун буюк ажр-савоблар борлиги зикр қилинади. Набий алайҳиссалом: “Намозга иқомат такбири айтилса (ҳам) ўзингизга сакинатни лозим тутган ҳолда юрингиз! Бас, улгурганингизча (имомга эргашиб) намоз ўқинг, (улгурмай) ўтказиб юборганингизни қазосини ўқинг!”, деганлар. Масжидга кираётганда айримларнинг шошилиши ва намоз ўқиётганларни безовта қилиши, айниқса имом руку қилган пайтда (тезлашиш) хато саналади, айрим ҳолларда баъзилар овозини кўтариб юборади ва намозхонларни чалғитади. Яна бир гап, масжидга кирган киши имомни ўтирган ёки сажда ҳолатда топса, намозга қўшилмасдан имомни тик туришини кутиб турмасдан, балки имом қайси ҳолатда бўлса ҳам, яъни қиёмдами, рукудами, саждадами ёки жалсадами, фарқи йўқ, қулоқ қоқиб намозга қўшилиб имомга эргашмоғи лозим. Имом Термизий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобида Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бирингиз намозга келса, имом қайси ҳолатда бўлса ҳам, у қилганидек қилсин! (яъни, рукуъда бўлса рукуъ қилсин, саждада бўлса сажда қилсин ва ҳоказо)”. Яна Абдуллоҳ ибн Мағфал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имомни сажда қилган ҳолатида топсангиз, сажда қилинг, ёки рукуъ қилган ҳолатда топсангиз, рукуъ қилинг, ёки қоим (тик турган) ҳолатда топсангиз, қоим бўлинг! Агар рукуъга улгурмасангиз саждани (бир ракъат) ҳисобламанг!”- деганлар. Шу ҳадисга биноан айтиладики, ким масжидга кирса ва имом намозни тугатай деб турган бўлса ҳам намозга қўшилиш афзалдир. Орқада кечикиб келганлар билан алоҳида жамоат бўлиб ўқиш ниятида кутиб туриш яхши эмас. Чунки катта фазилат у учун азон айтилган биринчи жамоатдир. 3) Намозга азон...
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг отасининг исми: Замъа ибн Қайс ибн Абду Вудд ибн Наср ибн Молик Ибн Ҳисл ибн Омир ибн Луайдир. Онасининг исми: Шаммуус бинти Қайс ибн Аъмр ибн Зайд ибн Лабиддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг шажараси Луай ибн Ғолиб боболарида бирлашади. Бир куни Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг тушларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб келиб, унинг бўйнини босиб олганларини кўради. Буни эри Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳуга айтади. У бўлса: “Агар тушинг ўнгидан келса, мен кўпга қолмай вафот этиб, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эрга тегар экансан”, дейди. Шунда Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо “Бўлмаган гап, тағин биров эшитиб қолмасин”, дейди. Орадан бир қанча вақт ўтиб Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳу аёли Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо билан Ҳабашистонга ҳижрат қилиб, бир мунча вақтдан сўнг қайтадилар. Сакрон ибн Амр розияллаҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилинишидан олдин бемор бўлиб, вафот этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Савда розияллоҳу анҳога уйланишлари унинг Ислом йўлидаги ҳаракати, ихлоси ва аламли мусибати учун энг улкан мукофот бўлиши табиий эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу боисдан унга уйланмоққа қарор қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бўлган бу илтифотни одамлар бениҳоя хурсандлик ила қарши олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватни ўнинчи йили, Рамазон ойида эллик бир ёшларида, Хадижа розияллоҳу анҳо вафотларидан бироз вақт ўтганидан сўнг Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳога тўрт юз дирҳам маҳр бериб уйландилар. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо кези келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг бу сифатлари маъқул келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг ҳазил-мутойибаларига ўзига яраша лутф ила муомала қилар эдилар. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг ҳазил мутойибага мойилликлари машҳур бўлса ҳам кези келганда жиддий бўлишни ҳам ўрнига қўяр эдилар. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар ривоят қилганлар. Машҳур ҳадис китобларида у кишининг ҳадислари келтирилганини уломаларимиз зикр қилишган. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо ҳижратнинг эллик тўртинчи (милодий олти юз етмиш тўртинчи) йили Шаввал ойида Мадинаи мунавварада вафот этадилар. Аллоҳ таоло У зотдан рози бўлсин ва рози қилсин! Тошкент Ислом институти битирувчиси Тожиддинов Абдуссомад 1 042
Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ишларни алоҳида зикр қилиб уларга риоя қилиш ҳақида мусулмонлардан аҳд олганлар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган: Убода ибн Сомитрозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида саҳобалардан бир жамоа турганида: «Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўл ва оёқларингиз орасидан тўқиган бўхтон келтирмаслигингиз ва маъруф (яхши) ишда осий бўлмасликларингиз ҳақида менга байъат қилинг. Бас, сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйиб, дунёда уқубатини олган бўлса, бу унинг учун каффоротдир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйса-ю, сўнгра Аллоҳ уни сатр қилган бўлса, у Аллоҳга ҳавола. Хоҳласа уни авф қилади, хоҳласа жазолайди», дедилар. Бас, биз У Зотга ана шу ҳақида байъат қилдик». Бухорий ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шарифда мазкур ишларга “байъат қилинг”, дейилган. Бу ҳақида уламолар шундай деганлар: “Байъатсўзи луғатда «олди-сотди» деган маънони билдиради. Шариатда эса кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатлари ҳақида берган аҳдларидир. Бунда иккинчи томон, яъни байъат берувчи шахс ўз итоати сабаб номаи аъмолига савоб «сотиб олиш» маъноси борлиги учун ушбу сўз ишлатилади”. Ушбу ҳадиси шарифдан кўплаб фойдалар олинади: Саҳобалар берган ваъдаларига амал қилишни фахр, устиларидаги масъулиятни эса шараф, деб билганлари; Мусулмон одам ёмонликлардан қайтиб, яхшиликларни қилишга аҳд бериши кераклиги; Ширкдан эҳтиёт бўлиш зарур экани; Ўғирлик, зино, ёлғон-бўҳтон, осийлик энг ёмон гуноҳлар экани; Гуноҳига яраша шаръий жазо олган одамнинг гуноҳи ювилиши; Гуноҳи беркилиб, шаръий жазо олмаган одамнинг ишини Аллоҳга ҳавола қилиш кераклиги. Ушбу аҳдларга мусулмонлар доимо амал қилишлари зарурдир. Зеро, ҳар бир берилган аҳд инсон ахлоқи ва унинг камолоти учун ижобий натижа беради. Унга амал қилувчилар дунё ва охират саодатини топадилар. Аллоҳ таоло барчамизга олаётган илмларимизни манфаатли қилсин! Тошкент Ислом институти талабаси Юсупова Феруза 967
Хабарингиз бор, Тошкент ислом институтида аҳолига қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг диний таълимга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун “Араб тили” ҳамда “Қуръони карим ва тажвид” пуллик ўқув курслари фаолият юритиб келмоқда. Мазкур ўқув курсларни институтнинг малакали ўқитувчилари ЎМИ томонидан тасдиқланган дастур асосида олиб бормоқда. “Араб тили” ва “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси тингловчилари учун ҳар ойда бир маротаба маънавий-маърифий суҳбатлар ташкил этиш режалаштирилган. Шунга биноан 2018 йил 5-8 октябрь кунлари ТИИ ректори Уйғун Ғафуров иштирокида “Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Суҳбатда ўқув курси тингловчилари вазифалари, тартиб-қоидалари, одоб-ахлоқлари, ноқонуний тарзда диний таълим олмаслик ва бермаслик тўғрисида маъруза қилди. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда диний соҳадаги ислоҳотларни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлади. Суҳбат якунида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда хайрли ишларга бош бўлган юртбошимиз, муфтий ҳазратлари, институт жамоаси ва бошқа масъулларга миннатдорчилик изҳор қилиб, диёримизда бўлаётган мана шундай гўзал ислоҳотларга нисбатан эътиборли бўлиш ва бу каби хайрли ишларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Маълумки, “Араб тили” курсининг дастлабки ўқув машғулотлари 2018 йил 2 январдан, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси эса 2018 йил 10 июндан бошланган эди. Ўқув ишлари услубчиси Усмонхон Баҳодирхонов 2 834
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018 йил 8 октябрь куни “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Нуриддинов Муҳаммаджон домланинг 4-Д гуруҳга “Замонавий масалаларнинг фиқҳий асослари” фанидан “Қарзни кечиктириб беришда молиявий бадал тўлаш масаласи” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди. Нуриддинов Муҳаммаджон домла очиқ дарсда янги мавзуни ёритиб берди. Ўқитувчи мавзуга киришишдан аввал унинг ҳозирги кундаги аҳамияти, долзарблиги ҳақида тўхталиб ўтди. Вақтдан кечиктирилган қарзнинг ортидан келган эҳтимолий зарарларни конпенсациялаш шаръий далилларга мувофиқ келмаслиги, барча мужтаҳид уламоларнинг ушбу ҳукм жоиз эмаслиги тўғрисида иттифоқ қилганларини таъкидлаб ўтди. Бироқ бу қарздорлар томонидан қарзни тўламасдан, уни чўзиб юриш ҳуқуқини бермаслигини, қарзни тўлашга қодир бўла туриб, уни чўзиб юриш шариат мезонида оғир гуноҳ эканлигини, бу иш инсонлар ўртасида низолар ва қарама-қаршиликлар келтириб чиқаришини мисоллар билан тушунтириб берди. Мавзуни тушунтириш жараёнида жамиятда учраб турган ҳаётий мисоллар келтирди. Шу билан бирга талабаларнинг мавзуга оид саволларига ҳам батафсил жавоб берди. Ўқитувчи очиқ дарсда баъзи педагогик усуллардан фойдаланиб, дарсни самарали ташкил қила олди ва қўйилган мақсадга эришди. Мазкур очиқ дарсга“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов, кафедранинг катта ўқитувчилари С.Масайитов, Я.Раззақов, И.Ғофуров, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси мудири Б.Аъзамов, ўқитувчиси А.Тошпўлатов, ўқув ишлари бўйича инспектор Б.Усмонхоновлар қатнашиб, таҳлил қилишди ва уни юқори баҳолашди. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Яҳё Раззоқов 1 006