Уламолар, устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар. Улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар. Уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етадилар. Бинобарин, олимларни рисоладагидек ҳурмат қилмай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимизни эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, тадбиркор инсонлар этиб улғайтириш мумкин эмас. Бу – бамисоли уруғни ерга қадамасдан туриб ҳосил кутишдек гап. Ҳурмат ибодатдан яхши, деган ўз ўрнида ҳақ сўз бор. Аллоҳ азиз қилган инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш ибодат. Ҳаж сурасининг 30-оятида бундай марҳамат қилинади: «(Гап) шудир. Кимки Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни катта иш деб билса (риоя қилса), бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир». Аллоҳ даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат экани Қуръони каримда таъкидланади. Устоз ва муаллимлар каби илм соҳиблари ҳам айнан Рабби қадрларини баланд қилган тоифага мансубдирлар. Қуръони каримда бундай дейилади: «(Гап)шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят). Оятда “шиорлар” дея таржима қилинган сўз “шаъааироллоҳ” калимаси билан келган. Аслида буни бир сўз билан бошқа тилга ўгириш мумкин эмас. Тафсир китобларида айтилишича, “шаъааироллоҳ” деб Аллоҳ томонидан фазилати билдирилган барча нарса тушунилади. Устоз ва илм муаллимлари илм шарафи туфайли улуғланадилар. Илм аҳлларининг қадри нақадар улуғ экани қуйидаги оятда ҳам баён этилади: «…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодила сураси, 32-оят).Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир оят ва ҳадислар жуда кўп учрайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда шафоат қилиши, агар у таълим ҳам берса, Ер ва осмонлардаги барча жонзот Аллоҳдан унга мағфират сўраши ва бошқа кўп башоратлар саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган. Сулаймон (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло илм, бойлик ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганида у илмни танлайди. Илмнинг шарофатидан унга бойлик ва подшоҳлик ҳам қўшиб берилади. Ўтган улуғ зотлар, устозлар, уламоларнинг ҳақларини тўлиқ адо этиб, уларнинг қадрлари нечоғли баланд эканини ҳис этишган. Бу борада Ҳазрат Алишер Навоий айтади: “Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила. Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила”. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Устозим Имом Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, уйларимизнинг орасида еттита кўча бор эди. Ҳар намозда ота-онамнинг қаторида у зотга мағфират сўрайман. Шунингдек, бошқа барча устозларимнинг ҳақларига дуо қиламан”. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ўттиз йилдан буён бирор кечада устозим Имом Шофиъийнинг ҳақига дуо қилмай ухламаганман”, дейди. Уламоларга кибр қилиш, уни менсимаслик ёмон хулқдир. Набий (алайҳиссалом): “Ё Аллоҳ, олимга эргашилмайдиган, оқилдан ҳаё қилинмайдиган замон келиб қолмасин!”, дея уламолар ҳурмат қилинмайдиган замон келишидан паноҳ сўраганлар (Имом Аҳмад ривояти). Булар уламоларга кўрсатиладиган одоблар уммонидан айрим томчилар холос. Мухтасар қилиб айтсак, инсон олимларнинг розилигини топишга интилиши ва уларни норози ва хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим. Уйғун Ғофуров Тошкент ислом институти ректори Манба 828
Устозларимиз ёдга олинганда қалбимизда доимо уларга нисбатан чуқур ҳурмат-эҳтиром ҳиссини туямиз. Чунки устозларни ҳурмат қилиш, уларни улуғлаш динимизнинг кўрсатмаси, комил мусулмон кишининг хулқи ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бутун башариятга устоз қилиб юборилганлар. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган: وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا كَافَّةً لِلنَّاسِ بَشِيرًا وَنَذِيرًا Биз сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик[1]. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”, деганлар. Пайғамбарларга меросхўр бўлишдек шарафга эга бўлган зотлар Қуръони каримда шундай мадҳ этилган: شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам[2]. Имом Қуртубий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ушбу оят илмнинг фазлига, уламоларнинг шарафли эканига далолат қилади. Чунки агар уламолардан кўра шарафлироқ бирор кимса бўлганида эди, Аллоҳ таоло Ўзининг исми ва фаришталарнинг исмига уламоларни қўшиб келтиргани каби уларни ҳам қўшиб келтирган бўлар эди”. Устоз муаллимларнинг мақоми энг шарафли мақом ҳисобланади. Ибн Жамоа роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Толиби илм барча ишларида устозига бўйинсуниши, унга худди бемор ўзини моҳир табибга топширгандек топшириши лозим бўлади. Шогирд доимо устознинг маслаҳатига юриши, унга эҳтиром кўрсатишга астойдил ҳаракат қилиши, унинг хизматини қилиш билан Аллоҳ таоло муқарраб бўлишга уриниши керак. Шогирд устозга итоатли бўлишни азизлик, уни улуғлашни фахру-ифтихор, унга тавозели бўлишни обрў мартаба деб билиши лозим”. Яъни, ушбу сўзлар олимларни муқаддаслаштириб юбориш эмас, балки уларни ҳурматлаш ва қадру-қийматлари қанчалар улуғ эканини англатиб қўйиш ҳисобланади. Ўтган улуғ зотлардан бирининг устози ҳузурига борар экан: “Эй Аллоҳим, устозимнинг хатосини мендан тўсгин, унинг илми баракасини мендан кетказиб қўймагин”, дея ихлос билан дуо қилиб бориши ривоят қилинган. Ибн Товус роҳматуллоҳи алайҳ оталаридан: “Олимларни улуғлаш суннатдандир”, деган қавлни ривоят қилган. Имом Шофеъий айтадилар: Имом Моликнинг ҳузурида “Муватто”ни ўқиётганимда у зотнинг қулоқларига овози чалинмаслик учун саҳифаларни эҳтиёткорлик билан варақлар эдим”. Имом Шофеъийнинг шогирдлари Робиъ айтади: Имом Шофеъий билан йигирма йил бирга бўлганман, у зотнинг ҳайбатларидан ҳузурларида сув ичишга ҳам ботина олмаганман”. “Таълимул мутаъллим” китобида баъзи олимлар томонидан Али розияллоҳу анҳуга нисбат берилган қуйидаги ҳикматли шеър келтирилган: أَلَا لَا تَنَالُ الْعِلْمَ إِلَّا بِسِتَّةٍسَأُنْبِيكَ عَنْ مَجْمُوعِهَا بِبَيَانٍ ذَكَاءٍ وَحِرْصٍ وَاجْتِهَادٍ وَبُلْغَةٍوَإِرْشَادِ أُسْتَاذٍ وَطُولِ زَمَانٍ Илмга эришмоқ йўли олтидир, Уларни бирма-бир айлайин баён: Закийлик, тиришиш, маблағ ҳам сабр, Устоз ўгитию ва узун замон. Демак талаба илмни эгаллаши учун албатта устоздан илм ўрганиши ва унинг панду насиҳатларини қабул қилиши лозим. Зеро илм устоз қалбидан шогирд қалбига ўтадиган нурдир. Бу нур фақат устоз орқалигина ўтади. Уламолар таълим олишда устозларнинг ўрнини шундай тушунтирганлар: “Эътибор берадиган бўлсак, башариятни тўғри йўлга йўллаш учун Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон ҳамда бир қанча саҳифалар нозил қилинган. Аммо тирик муаллимлар ниҳоятда муҳим бўлгани сабабли 100 мингдан ортиқ пайғамбарлар устоз қилиб юборилган. Пайғамбарларнинг барчалари китоб билан келмаган, аммо барчалари устоз бўлиб келганлар”. Толиби илм қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим бўлади: Инсонларга умумий салом бериш билан бирга устозга яна алоҳида салом бериш; Унинг ҳузурида одоб билан ўтириш; Унинг ҳузурида қўл ё кўз билан ишора қилмаслик; Унга: “Фалончи сиз айтгандан бошқача айтди”, демаслик; Унинг ҳузурида ҳеч кимни ғийбат қилмаслик; Унга савол беришда хиралик қилмаслик, ва ҳакозолар. Устознинг розилигини олиш шогирд учун нақадар муҳимлигини Алишер Навоий бобомиз шундай баён қилганлар: Агар шогирд шайхулислом агар қозидур, Агар устоз рози – Тангри розидур. Барча устозларимизни устоз ва мураббийлар куни билан муборакбод этамиз, доимо соғ-саломат ва офиятда юришларини илм нурини таратиш йўлида доимо собитқадам бўлиб боришларини сўраб дуолар қиламиз. Устозларимизга итоатли бўлишдек азизликка, уларни улуғлашдек фахру-ифтихорга, ҳамда уларга тавозели бўлишдек обрў мартабага Парвардигори олам барчаларимизни муваффақ қилсин ва бу саодатдан ҳеч қачон бизларни айирмасин. [1]Сабаъ сураси,...
Маълумки, имомлик шарафли вазифа бўлиб, бундай улуғ ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, хулафои рошидинлар ва табаррук зотлар адо этишган. Бу вазифани чиройли амалга оширган ва бу йўлда қунт билан ҳаракат қилган кишилар катта ажрларга эга бўлади. Баъзи саҳобаи киромлар имомликдаги фазилатни билганлари учун Муҳаммад алайҳиссаломга: “Мени қавмимнинг имоми қилиб тайинланг”,деб айтганлар (Имом Абу Довуд). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида ҳам имомлик шарафли вазифа экани ҳақида айтилади. Жумладан, Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч киши қиёмат куни қўрқувга тушмайдилар, ҳисоб-китоб қилинмайдилар, Аллоҳ бандаларни ҳисоб қилиб бўлгунча улар мушкли тепаликда бўладилар: Аллоҳнинг розилигини истаб Қуръон ўқиган ва у билан бир қавмга имом бўлган ҳамда улар ундан рози бўлган киши; Аллоҳ розилиги учун беш вақт намозга чақирган киши; ўзи ва Рабби ўртасидаги муносабатни жойига қўйган, ўзи ва хожалари муносабатини яхши қилган қул”, деб айтдилар”. Айни пайтда унутмаслик керакки, имом-хатиблик ниҳоятда масъулиятли ишдир. Бинобарин, бу вазифадаги киши аввало Аллоҳ таоло, кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номидан сўзлашини доимо ҳис этиши керак. Имом-хатиб инсонларга панду насиҳат қилиб, уларни ҳидоятга бошлайди ва уларга тўғри йўлдан оғишмай, собитқадам юришларида кўмакчи бўлади. Динга хизмат қилиш фазилати ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن تَنصُرُوا اللَّهَ يَنصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ “Эй имон келтирганлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар(динининг ривожи учун ҳаракат қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад, 7). Имом-хатиблик вазифасида турганлар одамларни яхши амалларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарадилар. Бунда, аввало, ўзлари бошқаларга ўрнак бўлишлари лозим. Сўз билан амални жам қилган имом, солиҳ бандалардан ҳисобланади. Имом-хатиблар нафақат ибодатда, балки бошқа хайрли ишларда ҳам кишилар эргашадиган ва ўрнак оладиган шахс бўлиши лозим. Зеро, бошқаларга раҳбарлик қиладиган, уларни яхшиликка буюрадиган ва одоб-ахлоққа чорлайдиган шахс, аввало, ўзи ана шу юксак хулқлар билан зийнатланган бўлиши керак. Ҳар бир имом-хатиб минбарга чиқиб, Қуръони каримдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларидан ва уламоларнинг ҳикматли сўзларидан насиҳат қилар экан, биринчи галда ўзи ҳар бир айтаётган сўзига эътибор бериши, амал қилиши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтганига ўзи амал қилмайдиганларни ояти каримасида бундай итоб қилади: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفْعَلُونَ كَبُرَ مَقْتاً عِندَ اللَّهِ أَن تَقُولُوا مَا لَا تَفْعَلُونَ “Эй имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир” (Саф, 2-3). Имом-хатиблар масалаларни китобларда қандай келтирилган бўлса, одамларга шундай етказиши керак. Чунки, инсонлар уч тоифага бўлинади: оми, олим ва толиб. Имом-хатиб мана шу уч тоифа одамнинг ҳар бирига мос равишда мавъиза қила билиши лозим. Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатимизда исломий-диний ташкилотларнинг ягона бошқарув органи бўлиб, мўмин-мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилади. Мана шу нарсани доимо ёдда сақлаш лозим. Имом-хатиблар мўмин-мусулмонлар иттифоқлиги, эътиқодий бирдамлигига раҳна соладиган ёки фитна келтириб чиқарадиган нарсалардан ўзларини эҳтиёт қилишлари зарур. Жамиятда юзага келадиган ихтилофли масалаларда диний идора билан маслаҳатлашган ҳолда жавоб бериш мақсадга мувофиқдир. Бугун шиддат билан ўзгараётган ҳаёт талаблари борган сари ортиб, қатъийлашиб бормоқда. Мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжи олдимизга янги-янги, кутилмаган масалаларни қўймоқда. Бу шиддат эса имом-домлаларни сергакликка, ўз устида тинимсиз ишлашга ундайди. Шунингдек, халқимиз билан мулоқотга киришиш ва уларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, муаммоларига ечим топишда астойдил ғайрат қилиш мажбурияти ҳам давримизнинг талабидир....
Мамлакатимизда охирги йилларда турли соҳаларда бўлгани сингари диний-маърифий соҳада ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Юртимиз мусулмонларининг Қуръони каримни ва уни ўрганиш тили бўлган араб тилидан таҳсил олишга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида пуллик курслар ташкил этилган эди. Бугун, 15 сентябрь куни Тошкент ислом институтида «Қуръони Карим ва тажвид» курсларининг дастлабки босқичи машғулотлари якунланди. Мазкур босқич тингловчиларига институт томонидан «Қуръони Карим ва тажвид курси»ни якунлаганини тасдиқловчи сертификатлар топширилди. Эсталатиб ўтамиз, ЎМИнинг 2018 йил 30 августдаги 01А/088-сонли буйруғи асосида институтда ташкил этилган ўқув курсларида ўқиш истагида бўлган 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг таълимга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида “Араб тили” ва “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсларига соат 09:00 дан 14:00 гача Тошкент ислом институти белгиланган тартибда жорий қилинган рўйхат асосида ҳужжатлар қабул қилинди. Ўқув курслари бўйича услубчи Усмонхон Баҳодирхонов 1 002
Жорий йилнинг 15 сентябрь санасида Тошкент ислом институтида сентябрь – “Маънавият асослари” фан ойлиги доирасида “Ислом ва ҳозирги замон” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирзо Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфиддинов, ТИИ Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров ҳамда институтнинг 1-4 курс жами 245 нафар талабалари иштирок этди. Суҳбатни институт ректори У.Ғафуров бошлаб, мусулмон киши бировнинг айбини омманинг олдида очиқ айтмаслиги, айбдорнинг ўзига хушмуомалалик билан тушунтириш кераклиги ва мўмин одам зийрак бўлиб, шукр қилувчилардан бўлмоғи, айниқса, дин уламоларнинг қилган хизматларини ижобий эътироф этиши, агар уларнинг хизматларини тўғри баҳолай олмаса, барчанинг номидан ўзини тўғри деб хулоса бериши айни ҳақиқатга зид эканлигини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг институт ректори У.Ғафуров сўзни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирзо Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфиддиновга берди. Раҳматуллоҳ домла ўз сўзида бир вақтлар масжидларда ўз сайтларига эга бўлиши тўғри қабул қилинмагани, бугун эса барча ташкилотларда ўзининг расмий сайти мавжудлигини, масжидларнинг фаолияти ва сайтларининг фаолияти фақатгина халқни оғирини енгил қилиш, илм-маърифат тарқатиш эканлигини эслатиб ўтди. Р.Сайфиддинов: Илм икки хил бўлади, яъни илми нубувват ва нуру нубувват бугун биз илми нубувватни эгаллаб нуру нубувватдан бебаҳра қолаётганимиз, Пайғамбар алаҳиссаломнинг башариятга огоҳлантирувчи, енгиллатувчи ва ҳимоячи қилиб юборилган, биз аҳли илмлар ҳам у зотнинг ворислари ўлароқ халқни яхшиликка чақиришимиз, уларни қўрқитиб, турли нотўғри фикрларга эргашиб кетишини таъминлаш эмас, балки ёрдам беришимиз, ҳақни кўрсата олишимиз лозим. Аҳли илм фаросатли бўлиши, бугун фитналар авж олаётган бир вақтда имомлар фитналарга учмаслиги балки, ақл билан бунинг оқибатини ўйлаб халқни огоҳлантириши, ноўрин фикрлар оқибатида тинчлигимизга путур етиши мумкинлигини, тинчлик бўлмаган жойда мусулмонлар ибодатларини эмин эркин бажара олмаслиги мумкин деб таъкидлаб ўтди. Р.Сайфиддинов фитнанинг офатлари ва ёмон оқибатлари тўғрисида гапириб туриб, бу борада Қурьон ва ҳадислардан намуналар ва тарихдан мисоллар келтириб ўтди. Саҳобалар ҳаётидан таьсирли воқеаларни айтиб, уларнинг фитнага бўлган муносабатлари қандай бўлганини ҳазрат Ҳузайфа ва ҳазрат Умар разияллоҳу анҳумо ўртасидаги воқеа мисолида ёритиб берди. Мусулмонлар фитнага алданиб кетмаслиги учун доимо бирдамликни лозим тутишлари, акс ҳолда фитна уларнинг жамоатини тўзитиб юбориши мумкин эканлигини таъкидлади. Тарихдан бунга ёрқин мисолларни келтирди. Ҳозирги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳатлар ҳусусан диний-маърифий соҳада ҳам қувонарли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу каби ислоҳатларни ўзида ҳазм қила олмаётган баъзи шахслар ижтимоий тармоқларда рўмол, соқол каби масалаларни илгари суриб, ҳалқни фитнага чорлаётгани ва бунинг ортида юртдаги бирдамлик ва ҳамжиҳатликга путр етқазиш мақсади ётганлиги ҳақида огоҳлантириб, бундай фитналардан омонда бўлиш кераклиги, бу борада ота-она, устозлар ва катталарнинг йўлларидан юриш лозимлигини айтди. Суҳбат охирида домла талабаларни фақат илм олишга тарғиб қилиб, уларнинг айни пайтда таълим олиб ўзларига юклатилган масъулиятни тўла адо этишда бор куч-ғайрати билан ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлади. Суҳбат сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Раҳматуллоҳ қори Сайфиддинов ўзининг самимийлиги билан талабалар қалбида яхши таассурот қолдирди. Тадбир якунида дуои хайрлар қилинди. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 1 534