Намозда «Фотиҳа» сурасини овоз чиқариб ўқилганидан сўнг «омин», дейиш ҳақида барча мазҳаб имомлари иттифоқ қилишган. Лекин, «омин»ни овоз чиқариб айтиладими ёки маҳфий (ичида) айтиладими? Бу борада уламолар тарафидан икки хил ижтиҳод қилинган.
Бу масалада икки томондан ҳам жавоблар берилган бўлиб, ҳанафий мазҳабида ва моликий мазҳабида махфий айтиш афзаллиги айтилган бўлса, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида жаҳрий (овоз чиқариб) айтиш афзаллиги таъкидланган.
Шофеъий ва ҳанбалий мазҳаб уламолари ўзларининг сўзларига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «омин» десалар, У зотнинг ортидаги кишилар ҳам «омин» дейишар эди. Ҳатто масжид ларзага келар эди».
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) ни тиловат қилсалар, «омин», дер эдилар, у кишининг ортида, биринчи сафда турган одам эшитар эди» , дейилган ва бундан бошқа бир неча ҳадисларни далил қилиб келтиришади.
Бизнинг ҳанафий мазҳаб уламолари, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаб имомлари далил қилиб келтирган ҳадисларнинг заиф жойларини батафсил баён қилиб ўтганлар. Сўнгра «омин»ни махфий айтиш авлолигига қуйидаги далилларни келтириб ўтишади:
Имом Термизий Алқама ибн Воилдан, у ўз отасидан ривоят қилган ҳадисда:
أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَرَأَ (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) فَقَالَ « آمِينَ » وَخَفَضَ بِهَا صَوْتَهُ
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) ни ўқидилар-да, паст овозда «омин», дедилар», дейилган.
Бу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Фотиҳа» сурасини баланд овоз билан ўқиб келиб, «омин»ни айтишга келганда овозларини паст қилганларини тушунамиз. Мана шунда қарши тараф далил қилиб келтирган ҳадислардан бири: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) ни тиловат қилсалар, «омин», дер эдилар, у кишининг ортида, биринчи сафда турган одам эшитар эди», дейилган ҳадисни ҳам бизнинг фойдамизга далил сифатида тушунса бўлади. Яъни, «омин»ни биринчи сафда у зотга яқин турган одам эшитадиган қилиб айтдилар, деганидир.
Имом Табароний Абу Воилдан қилган ривоятда: «Умар ва Али розияллоҳу анҳумолар «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни ҳам, «омин»ни ҳам ошкора айтмас эдилар», дейилган.
Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларидан бири «Ҳидоя» асарида бу борада қуйидагилар айтилган:
Имом «وَلاَ الضَّالِّينَ»ни айтиб «омин» дейди ва муқтадий ҳам уни айтади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон имом «омин» деса, сизлар ҳам «омин» денглар», деганлар.
Қудурий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Ва у (омин)ни махфий айтадилар. Чунки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда имом намозда тўрт нарсани махфий қилиши айтилиб, уларнинг ичида «омин» ҳам зикр қилинган.
Қолаверса, барча мазҳаб уламолари «омин»ни айтишга иттифоқ қилишгани каби уни дуо эканлигида ҳам ихтилофга боришмаган. Чунки, «омин»нинг маъноси «дуоларимизни ижобат қил», деганидир. Яна, уламолар дуони жаҳрий қилишдан кўра, махфий тарзда амалга ошириш афзал эканига якдил фикрда бўлганлар. Зеро, Аллоҳ таъоло ўзининг Каломида марҳамат қилиб: «Роббингизга махфий ва тазарруъ ила дуо қилинглар», деган.
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ғофуров Илҳомжон