islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҲАДИСЛАРДАН ҲУКМ ОЛИШНИНГ ШАРЪИЙ АСОСЛАРИ

Оламларнинг Роббиси бўлган зот Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳнинг элчиси, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Албатта, Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васалламнинг суннати шарифлари Ислом динининг ҳукм чиқариш учун Қуръони каримдан кейинги иккинчи манбасидир. Суннат Қуръони каримда келган ҳукмларни аниқлаштирувчи, мубҳамларни очиб берувчи, умумий лафзда келганларини хословчи, мутлақ келганларини қайдловчи асосдир. Шу билан бирга Суннат Қуръонда ҳукми келмаган масалаларни ҳам баён қилувчидир.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари, хатти‑ҳаракатлари, феълу‑атворлари, ҳаракоту‑­саканотлари, амалу­‑тарклари, барча‑­барчаси Аллоҳ таоло рози бўладиган суратда, ҳар бир инсон фарзандига икки дунё саодатини кафолатлайдиган шаклда бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи таминлади. Оламлар Робби бўлган зот Ўзининг абадий мўъжиз Каломини башар авлодига етказишда Ўзи билан уларнинг ўртасида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни восита қилар экан, бандаларни Парвардигорларининг розилигини топиш, икки олам бахт‑­саодатига эга бўлиш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳтож қилиб қўйди.

Суннатнинг Қуръони карим каби шариъат манбаи эканига Ислом уламолари иттифоқ қилганлар ва қатор далил ва исботларни келтирганлар.

  1. Қуръони каримдан далил:

Аллоҳ таоло Ўзига бўлган итоат билан Расулига бўлган итоатни бир-бирига боғлаб қўйди. Яъни, бири бўлмаса, иккинчиси қабул қилинмайдиган бўлди. Қуръони каримда Аллоҳга итоат қилиш билан унинг Росулига итоат этиш доимо ёнма­-ён келтирилди:

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга ва унинг Росулига итоат этинг. Эшитиб туриб, ундан юз ўгирманг. (Анфол сураси, 20-оят).

“(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Аллоҳга ва Росулга итоат этинг», деб, айт. Агар юз ўгирсаларингиз, у(Росул)нинг зиммасида унга юкланган нарса, сизларнинг зиммангизда сизларга юкланган нарсадир. Агар унга итоат этсангиз, ҳидоят топасиз. Росулнинг зиммасида очиқ­ ойдин етказиш бор, холос”. (Нур сураси, 54-оят).

Аллоҳ таоло Расулига бўлган итоатни айнан Ўзига бўлган итоат қилди. Нур сурасининг 54-оятида: “Аллоҳга итоат қилинг. Унинг Расулига итоат қилинг”, деб, итоат қилиш феъли икки марта келтирилди. Бу эса, ушбу оятларда келган итоат алоҳида мустақил тарзда келган итоатдир.

Бошқа ояти карималарда Аллоҳ таоло шундай дейди:

“(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Агар Аллоҳни севсаларингиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ кўп мағфиратли ва раҳмли зотдир”, деб айт”. (Оли Имрон сураси 31-оят).

Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръондан ташқари шаръий кўрсатмалари ҳам ваҳийдан бошқа нарса эмас. У зот ўз нафсу‑ҳавосидан гапирмайдилар:

«Сизнинг Соҳибингиз адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. У ҳаводан гапирмас. У ваҳйдан ўзга нарса эмас». (Нажм сураси, 2‑4-оятлар).

Аллоҳ таоло Расулининг амрига хилоф қилганларни қаттиқ огоҳлантириб шундай дейди:

«Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан эҳтиёт бўлсинлар!» (Нур сураси, 63-оят).

  1. Ҳадиси шарифлардан далил:

Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом доримийлар Миқдом Ибн Маъдий­кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Ҳой, огоҳ бўлинглар! Бир кишига у ўз ўриндиғида суяниб ўтирган ҳолида мендан бир ҳадис етса, у: «Бизлар билан сизларнинг ўртангизда Аллоҳнинг Китоби бор, холос. Биз нимани унда ҳалол деб топсак, уни ҳалол билдик, нимани ҳаром деб топсак, ҳаром билдик» дейишига оз фурсат қолди. Албатта Аллоҳ Расулининг ҳаром қилгани ҳам Аллоҳнинг ҳаром қилганидир!”.

Имом Абу Довуд ўзларининг “Сунан” китобларида Ирбоз ибн Сориядан ривоят қилган ҳадисда Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бир куни бизга намоз ўқиб бердилар. Намоздан сўнг бизга юзланиб, кучли мавъиза қилдилар. Унда шундай дедилар: “Сизлар мени ва рошид халифаларимнинг суннатларини ўзингизга лозим тутинглар. Уларни маҳкам ушланглар…”.

Имом Ҳоким «Мустадрак»да Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул шундай дедилар: “Эй одамлар! Мен сизларга шундай нарсани ташлаб кетяпманки, маҳкам тутсаларингиз ҳаргиз адашмассиз: Аллоҳнинг Китоби ва Набийининг суннати…”.

  1. Ижмодан далил:

Саҳобаи киромларнинг барчалари Қуръони Карим амрига мувофиқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиш вожиб эканига иттифоқ қилганлар. Улар қайси бир ҳукмни Қуръондан топа олмаслар, албатта, бевосита суннатга мурожаат қилганлар. Бу йўлнинг ҳақ экани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иқрорлари билан ҳам собит бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуни Яманга юборар эканлар, у ерда нима билан ҳукм қилишлари ҳақида сўрадилар. У киши: “Аллоҳнинг Китоби билан”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Аллоҳнинг Китобидан топа олмасанг­чи?” дедилар. У киши: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан”, деб жавоб бердилар. Мана шу тартиб барча саҳобаи киромлар ва улардан кейинги тобиъинлардан тортиб, ҳозиргача Ислом умматининг йўли ва шиори бўлиб келмоқда.

Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Саҳобаи киромлар, тобеъинлардан бирор кишига Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан бирор хабар етиб келса, уни қабул қилганлар ҳамда суннат дея исбот этганлар. Бу икки даврдан кейингилар ҳам ҳудди шундай амал қилганлар. Барчалари Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан етиб келган хадисларни қабул қилганлар ва уларга амал қилганлар. Унга эргашганлар доимо мақталганлар, қарши чиққанлар эса, айбланганлар. Бунда барча замон уламолари иттифоқ қилганлар.

Юқоридаги маълумотларда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари мусулмонлар учун Қуръони каримдан кейинги асосий манба эканлиги баён этилди. Суннатга эргашиш кишини бу дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот топишига сабаб бўлади.

“Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси
Муҳаммадяҳё Ходжаев

103800cookie-checkҲАДИСЛАРДАН ҲУКМ ОЛИШНИНГ ШАРЪИЙ АСОСЛАРИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: