islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Жонлиқ сўйишда Аллоҳнинг исмини айтишга тегишли ҳукмлар (учинчи мақола)

Сир эмас энг кўп севиб истеъмол қилинадиган гўштлардан бири товуқ гўштидир. Шунинг учун ҳозирги кунда камроқ харажат билан кўпроқ товуқ гўшти тайёрлаш мақсадида товуқлар махсус техник жиҳозлар билан сўйилмоқда. Тасаввур қилиш учун айтадиган бўлсак, улкан техник жиҳознинг лентасига оёғидан осиб қўйилган тирик товуқлар бир томондан кириб, иккинчи томонидан қадоқланган тайёр гўшт ҳолида чиқади. Яъни, товуқни, сўйишни ҳам, патларини ва ичак-чавоқларини тозалаб махсус идишларга жойлашни ҳам техник жиҳозлар амалга оширади. Фақат ичак-чавоқларини тозалашда қўл меҳнатидан ҳам фойдаланилади. Шу ўринда техник жиҳозда сўйилган товуқ гўшти шаръан ҳалол ҳисобланадими? ёки унда юқорида айтилган тўртала шарт топиладими? деган ҳақли савол пайдо бўлади.

Бу саволга уламоларимиз батафсил жавоб берганлар. Жавобнинг хулосаси қуйидагичадир: сўйилган жонлиқнинг ҳалол бўлиш шартларидан бири “бисмиллаҳ”ни сўювчининг ўзи айтишидир. Шунга кўра техник жиҳоз билан сўйилганда аввало сўйювчи ким эканини аниқлаш лозим бўлади. Мазкур техник жиҳозни ҳаракатлантириш тугмасини ким босган бўлса, ўша сўйювчи ҳисобланади дейиш мумкин. Чунки амаллар ақлсиз техникага нисбат берилмайди, балки ушбу техник жиҳозни ҳаракатлантирган кишига нисбат берилади. Шунда ўша киши ушбу техника воситасида товуқ сўйган бўлади. Яъни, “бисмиллаҳ”ни жонлиқни сўйювчининг ўзи айтган бўлади. Лекин бундай сўйишда бошқа бир шарт, яъни, “бисмиллаҳ”ни сўйилаётган жонлиққа тайин қилиш шарти топилмайди. Чунки ўша сўйиш жиҳозини ҳаракатга келтирувчи бир марта ҳаракатга келтиради. Масалан, мазкур киши эрталаб “бисмиллаҳи Аллоҳу акбар”ни айтиб техник жиҳозни ҳаракатга келтирса, бу жиҳоз кун давомида минглаб товуқларни сўяди. Уни ҳаракатга келтирувчининг бир марта “бисмиллаҳ” дейиши ушбу минглаб товуқлар учун ҳам етарли бўладими? Ваҳоланки Қуръони каримда: “Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар”, деган буйруқ келган. Шунга кўра уламолар ҳар бир жонлиққа алоҳида “бисмиллаҳ” айтиш ва айтгандан сўнг тез сўйиш лозим бўлади, деганлар. Товуқларни техник жиҳоз билан сўйишда эса мазкур шарт топилмайди. Яъни, техник жиҳозни “бисмиллаҳ”ни айтиб ҳаракатга келтирган киши ҳар бир товуққа алоҳида “бисмиллаҳ”ни айтган бўлмайди. Чунки унинг айтган “бисмиллаҳ”и ва минглаб товуқлар сўйилиши ўртасида камида соатлаб вақт ўтиб кетади. Демак, ушбу айтилган “бисмиллаҳ” барча сўйилган товуқларнинг ҳалол бўлишига кифоя қилмайди.

“Фатавои Ҳиндия” асарида келган қуйидаги ҳукм очиқ далолат қилади: “Агар иккита қўйни устма-уст ётқизиб, пичоқни бир тортишда иккаласини ҳам сўядиган бўлса, битта “бисмиллаҳ” кифоя қилади. Биров бир нечта чумчуқларни қўлида тутиб сўйса, сўйишда “бисмиллаҳ”ни айтиб бирини сўйса ва унинг ортидан иккинчисини “бисмиллаҳ”ни айтмасдан сўйса, иккинчиси ҳалол бўлмайди. Агар “бисмиллаҳ”ни айтганидан кейин пичоқни ҳаммасининг бўйнига биттада тортса, ҳаммаси ҳалол бўлади”.

Ушбу ҳукмга кўра техник жиҳоз ёрдамида сўйилган минглаб товуқлар олдинма-кетин сўйилгани, баравар сўйилмагани сабабли уларга битта “бисмиллаҳ” кифоя қилмаслиги келиб чиқади.

Агар мазкур техник жиҳозга бир киши тайин қилинса ва у ҳар бир товуқнинг сўйилиш пайтида “бисмиллаҳи Аллоҳу акбар”ни айтиб турса, сўйилган товуқлар ҳалол бўладими? дейилса, бунга замондош уламоларимиздан Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ “Буҳус фи қозоя фиқҳия муасиро” асарида қуйидагича жавоб берган: “Айтилган ушбу “бисмиллаҳ”нинг шаръан тўғри ҳисобланишига халал берадиган бир қанча мушкул ишлар бор:

1. “Бисмиллаҳ”ни сўювчининг ўзи айтиши керак. Бу айтувчи эса, сўйишга умуман алоқаси йўқ кишидир. Чунки бу киши техник жиҳозни ҳаракатлантиргани ҳам йўқ, ушбу жиҳознинг пичоғини юргизгани ҳам йўқ, товуқнинг бўғзини пичоққа тутгани ҳам йўқ, балки бу одам, сўйиш жараёнига мутлақо алоқаси бўлмаган ташқаридаги одамдир;

2. Техник жиҳознинг тез айланувчи пичоғи бир пайтда унга яқинлашган бир қанча товуқни сўйиб юборади. Мазкур киши эса уларнинг ҳаммасига алоҳида “бисмиллаҳ”ни айтишга улгурмайди;

3. “Бисмиллаҳни айтишга тайинланган ушбу киши ҳам инсон, техника жиҳози эмас, шунинг учун у кун давомидаги иши жараёнида бирор эҳтиёжи сабабли “бисмиллаҳ”ни айта олмай қолиши ҳам табий ҳолдир. Унинг ўша айта олмай қолган пайтида тез айланаётган пичоқ билан “учрашиб” ўтиб кетган товуқлар “бисмиллаҳ”сиз сўйилган бўлиб қолади”.

Демак, ушбулардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, товуқ гўшти тайёрловчилар техник жиҳоздан фойдалансалар, товуқларни сўйиш ишига сўйишлари шаъръан дуруст ҳисобланадиган кишиларни таъйин қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Аллоҳ таоло истеъмол қилаётган озуқаларимиз шубҳалардан йироқ, ҳалол пок бўлишини таъминлаган бўлсин!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим

116220cookie-checkЖонлиқ сўйишда Аллоҳнинг исмини айтишга тегишли ҳукмлар (учинчи мақола)
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!