Кўча дарвозасин очаман аста
Ҳовлига сўнгги бор қарайман ҳаста
Армон қуйилиб келар нафасга
Кексалар уйига кетмоқ истайман
Кетишим охирги чора бўлса ҳам
“Тўхтанг!” деб биров эргашмаса ҳам
Фарзандларим ўзларин тергашмаса ҳам
Кексалар уйига кетмоқ истайман
Айбдор ўзим, қилмасман гина
Уларни қарғамай кетдим жимгина
Мендек хор бўлмасинлар кексалигида
Кексалар уйига кетмоқ истайман
***
Эрка қиз, якка қиз, бадавлат эдим
Хушбичим, тантиқ, сарвқомат эдим
Талабим талаб, турардим оёғим тираб
Истаги муҳайё шоҳсифат эдим
Болалик ўтиб, келди ўсмирлик
Эркалик тугамас, чиқардим қилиқ
Кеч қолиш, алдаш, беъмани юриш
Ота-онамга не бўлса, қилардим “тортиқ”
“Шунча йил кўнглингга қараб
Худодан тинмай инсофинг сўраб
Қадамингни ўйлаб бос”, – дея
Ота-онам турар йиғлаб-қалтираб
Тергаш, уришиш бермади фойда
Шай бўлдим маишат урчиган жойда
Дугона эмас, шайтонлар билан
Қариндош-уруғни қилдим шарманда
Совчи узилди, кўнгил совуди
Саёқ қиз хабари овоза бўлди
Насиҳат, одоб учиб самога
Ота-онам қадди букилди
Ўзим топганим совчи юборди
Сайру саёҳат ахийри оила бўлди
Қайнона-қайнота вафот этган уйимиз
Ҳар куни, кун ора жанжалга тўлди
Аразлаб кетаман, яна қайтаман
Ота-онам юрагин эзиб айтаман:
“Бўлди, бошқа тоқат йўқ, –
Ажрашаман энди, уйга қайтаман
Икки қизим, эгизакларим
Уларни ҳатто кўрмади кўзим
Оила устуни қулади, кетди
Бош-қош бўлдим ажримга ўзим
Бошим очиқ, хулқим ёмон
Янада ўзимни қилдим намоён
Қизларим онамда, хизматкордек
Уларга қарарди, меҳри бепаён
Пишир-куйдир, юв-тозала
Тушди унга бир йўла
Мен пул топсам бўлдида
Мендан фақат пул сўра!
Боғча-мактабга бориш
Отамга бўлди юмуш
Қизларимдан бехабар
Ит ётиш, мирзо туриш
Дарс қилдириш уларга
Одоб бериш уларга
Мен ишимдан ортмасдим
Гап эшитиш ҳам уларга
Ўзим эзганим камдек
Ўзим куйдурганимдек
Қизларим бўлди бебош
Мендан нусха олгандек
Бобо-буви йўқ ҳурмат
Русий мактаб, рус сифат
Ўзбекчани эплолмай
“дедул”, “бабул” дер фақат
Тор шим, калта-култа
Талаб қиларди эрта
Бошланғичда ўқибоқ
Йигити келди уйга
Онам Худо зор қилди
Йиғлаб дилни тор қилди
Отам тинмай гапириб
Одамни безор қилди
Гаплар қулоққа кирмай
Ҳали тўққизга кирмай
Қизларим сурбет бўлди
Гап қайтарарди тинмай
Аввал ёш деб уршмадим
Ҳатто бир бор чертмадим
Ота-онам борку деб
Тарбияни бермадим
Касал бўлдим бир куни
Туролмадим тўшакдан
Қизлар юрар бепарво
Фарқим йўқдек эшакдан
Бир бақирдим, чақирдим
Касаллигим уқтирдим
Жаҳл, зардалар қилиб
Битта тарсаки урдим
Жазаваси қўзиди
Тўтидай сайраб кетди
Қўлларин пахса қилиб
“Мама, заткнис!” деди
Бир челак совуқ сувни
Устимдан тўкиб солди
Бир ҳафта гаплашмасдан
Роса ўчини олди
Хуллас ўтар кунларим
Жанжал, жаҳл, муаммо
Бедор чиқар тунларим:
Чора борми, эй, Худо?
Бетарбия, беодоб
Қизларим аччиқ зардоб
Ота-онам ҳам ўтди
Умрини қилдик хароб
Суянчиғим қолмади
Ишонганим қолмади
Қизларим онасига
Асло қулоқ солмади
Ёшлик шамолдек елди
Маишат бошни еди
Қилган барча хатолар
Қайтиб ўзимга келди
Сиғмай қолдим уйга ҳам
Ортиқчаман, биламан
Ичкуёвлар ўғилмас
Ёвдек қарар, сезаман
Ўтирсам ўпоқ бўлдим
Душману нифоқ бўлдим
Ҳамманинг кўз ўнгида
Бемани сўроқ бўлдим
Овқат малол, зардалик
Совуқ, захархандалик
Жойим ҳам бир чеккада
Вайрона, шармандалик
Кутмагандим улардан
Хафа бўлдим қизимдан
Пушаймондан йўқ фойда
Юришмоқда изимдан
***
Кўча дарвозасин очаман аста
Ҳовлига сўнгги бор қарайман ҳаста
Армон қуйилиб келар нафасга
Кексалар уйига кетмоқ истадим
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Саидакбарова Нилуфар