Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда бизнинг ютуқларимизни кўролмасдан, осуда ҳаётимизни издан чиқаришга уринаётган ёвуз кучларнинг мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, халқимиз, айниқса ёш авлод онгида Ватанимизнинг эртанги куни ва истиқболи учун дахлдорлик туйғусини, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш малакасини тарбиялаш ва бу борадаги ғоявий-тарбиявий ишларни тизимли ташкил этиш бениҳоя улкан амалий аҳамият касб этаётганини ҳам таъкидлаш зарур.
Юқоридаги вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 13 февраль куни Тошкент ислом институтининг “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси талабалари билан “Ёшларни экстремистик ташкилотларига кириб қолишларини олдини олиш” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхонов, ТИИ проректори Ж.Мелиқўзиев, “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Ж.Неъматов иштирок этдилар.
Тадбирда ЎМИ раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев маъруза қилиб, бугунги кунда олий неъмат бўлган тинчлик осойишталикка раҳна солаётган турли экстремист ва террорчи ташкилотлар, уларнинг сохта даъволари ва ғояларининг асл мақсади, уларнинг фаолият услублари ва ғайриисломий моҳияти кенг қамровли маълумотлар ва далиллар асосида очиб берилди.
Маърузада, шунингдек, Ўзбекистонда давлатнинг дин ва диний ташкилотлар билан ўзаро муносабати, ислом динининг тинчликпарварлик моҳияти ҳамда ислом динида мутаассиблик ва жаҳолатнинг қораланиши, “жаҳолатга қарши маърифат” билан курашиш ғоясининг аҳамияти каби бугунги куннинг бир қатор долзарб масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, ўтказилган тадбирда талаба ёшларнинг мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаши зарурлиги, уларнинг онгу қалбини жаҳолатдан, ёт ва зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда ҳамжиҳат бўлиш, бу борада мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган ишларни кучайтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими