Аллоҳ таоло Одам ва Ҳаввони жаннатга киргизиб, ундаги барча неъматлардан фойдаланишга рухсат этди. Фақат бир муайян дарахтдан қайтарди. Иблис Одамни васваса қилди, ўзини насиҳатчи қилиб кўрсатди, гапига қасам ичди ва охири Одам ва Ҳаввони алдаб, йўлдан оздиришга муваффақ бўлди.
Улар мевадан тотишганида авратлари ўзларига очилиб, кўриниб қолди. Бундан аввал уларнинг авратлари тўсилган ва ёпиқ эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 22-оятида деди: «Икковлари дарахтдан татиб кўришганда, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар».
Оятдан маълум бўладики, Аллоҳ таоло башариятнинг аввали бўлмиш Одам ва Ҳаввони иффат ва ўранишга табиатлантирган. Улар ман қилинган дарахтдан еб қўйганларида уларнинг устларидан либослари тушиб кетди. Улар шу заҳоти авратларини жаннат баргларидан тўса бошладилар. Бу Аллоҳ уларда яратган соф табиатнинг аврат очилиб қолишига нисбатан амалга оширган ҳаракати эди. Ақл эгалари учун, бу оят Аллоҳ бандаларини иффатли, ҳаёли қилиб яратганига ёрқин далилдир.
Тошкент ислом институти
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси
битирувчиси Турғунбоев Абдуллоҳ