2020 йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ДХХ, ИИВ ҳамда Тошкент шаҳар ДХХБ, ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ҳудудида яширин фаолият олиб борган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” (“ТЖК”, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан террористик деб топилиб, мамлакатимиз ҳудудида унинг фаолияти тақиқланган) халқаро террористик ташкилотининг бир гуруҳ тарафдорлари фош этилди.
Хусусан, ИИВ ҳузуридаги Тергов Департаменти юритувида бўлган жиноят иши доирасида Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидаги 8 та манзилларда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 11 нафар шахслар ички ишлар идораларига келтирилди.
Мавжуд маълумотларга кўра, мазкур шахслар ҳозирда Сурияда террористик фаолият олиб бораётган “ТЖК” жангариларининг ғоявий таъсирига тушган ҳолда Тошкент шаҳрида яширин гуруҳ тузиб, ноқонуний йиғилишлар давомида интернет тармоғи орқали кўчириб олинган экстремистик мазмундаги материалларни муҳокама қилиб келишган ҳамда “ҳижрат” ва “жиҳод” амалларини бажариш мақсадида Сурия давлатига чиқиб кетишни режалаштиришган.
Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди.
Ҳозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида, бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликларини, уларни сақламасликларини ва тарқатмасликларини сўраймиз.
ИИВ Ахборот хизмати