islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни

❓CАВОЛ: Ассалому алайкум, Зулҳижжанинг фазилати ва бу ойнинг ўзига хос жиҳатлари нимада? Бу ойда қайси амаллар афзал ҳисобланади?

💬 ЖАВОБ: Аллоҳ таоло Қуръони каримда баъзи нарсалар билан қасам ичган, муфассирларимиз бу қасам ичилган нарсалар Аллоҳ таоло наздида қадри балан эканидан далолат беради, дейишади. Ана шундай қасам ичган нарсалардан баъзиси:

﴿ وَالْفَجْرِ وَلَيَالٍ عَشْرٍ﴾ (سورة الفجر/الآية 1-2)

яъни: “Қасамёд этаман тонг (вақти) билан, «Ўн кеча» билан” (Фажр сураси, 1-2 оятлар). Бу оятдаги “Ўн кеча” дан мурод машҳур муфассир Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ томонидан улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, бу Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидир, деб тафсир қилганлар. Зеро, Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунининг фазилати ва бу кунлардаги амалларнинг фазилатлари борасида Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиздан кўплаб саҳиҳ ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

قال ابن عباس، أيام العشر من ذي الحجة، عَنِ ابْنِ عُمَرَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَال،َ مَا مِنْ أَيَّامٍ أَعْظَمُ عِنْدَ اللَّهِ، وَلَا أَحَبُّ إِلَيْهِ مِنْ الْعَمَلِ فِيهِنَّ مِنْ هَذِهِ الْأَيَّامِ الْعَشْرِ، فَأَكْثِرُوا فِيهِنَّ مِنْ التَّهْلِيلِ وَالتَّكْبِيرِ وَالتَّحْمِيدِ” (رواه الامام أحمد عن ابن عباس رضي الله عنه).

яъни: “Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у (кун)лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у (кун)ларда таҳлил, такбир ва Аллоҳга ҳамдларни кўпайтиринглар” (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Катта тобеинлардан Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ Зулҳижжанинг бу ўн кунлари кирганда солиҳ амаллар ва ибодатга шу даражада киришиб, амал қилардиларки, ҳатто охирига бориб қодир бўлмай қолардилар. Азизлар, саҳобийлар ва уларга эргашганларнинг амали солиҳ ва ибодатлар масаласидаги ғам-ташвишлари, ҳар бир кунни ғанимат билишлари шундай бўлган.

Уламоларимиз бу кундаги афзал амаллар ва фазилатли ибодатларни зикр қилишиб, уларнинг ичида қуйидагиларни алоҳида ажратиб кўрсатишган:

– Намоз ўқишни кўпайтириш, хусусан фарз намозларни вақтида ўқишнинг янада фазилатли бўлиши;

– Рўза тутиш, зеро рўза афзал солиҳ амаллардан биридир. Зулҳижжанинг ўнинчи кунидан ўн учинчи кунигача, яъни тўрт кун рўза тутиш ҳаромдир. Шу боис дастлабки тўққиз кунда рўза тутиш фазилатли ҳисобланади;

– Ҳадисда келганидек бу кунда Аллоҳ таолога таҳлил, такбир ва ҳамду-санони кўпайтириш. Имом Бухорийдан ривоят қилинадики, Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолар Зулҳижжанинг ўн кунлигида бозорга чиқиб, такбир айтишарди ва мусулмонлар ҳам уларга эргашиб такбирни такрорлашарди.

– Арафа куни рўза тутиш фазилати. Зеро, бу кундаги рўзанинг фазилати ҳадиси шарифда ўтган ва кейинги бир йилдаги кичик хато-камчиликларга каффорат бўлади, деб ривоят қилинган;

– Қурбон ҳайити кунидаги қурбонлик қилиш фазилати;

– Ҳайит кунлари қавму қариндошлар ва ёру дўстлар ўзаро хабарлашиши, муҳтожлар ҳолидан хабар олишилари ҳамда бир-бирларини хурсанд қилишлари фазилати;

– Хайру эҳсонларни кўпайтириш фазилати. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar

164480cookie-checkЗулҳижжа ойининг аввалги ўн куни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: