Ўзбекистонда эпидемиологик вазият оғир бўлган шароитда масжидларни очиш ҳақида чақириқларни кўряпмиз. “Бозорлар ва кўчаларда ҳаракат бир ой олдин эркин эди, аммо масжидлар ёпиқ қолган, вирус барибир тарқалди, демак масжидни ёпиш кор қилмас экан”, деган маънодаги фикр далил қилиняпти. Бундай аргументнинг на ақлий, на тиббий, на фиқҳий асоси бор (агар бўлса кўрсатинг). Бировнинг хатоси тўғри ишнинг тўғрилигини инкор этмайди. Жамоа ибодатлари соғинчини тушуниш мумкин. Лекин бундай масалаларда эҳтирос билан эмас, балки илм билан ёндашган яхши, чунки инсон ҳаётини сақлаш шариатнинг мақсадларига киради.
Қурбонлик қилиш ва тарқатилиши шароитларига йўл очиб бериш ҳақидаги талаблар ҳам янграмоқда. Талаблар ечим таклифлари билан бўлгани яхшироқ эди. Вазият янгича, олдинлари бунчалик бўлмас эди, қўй боқиш, сўйиш шароитлари ҳам аввалги даврлар каби эмас. Демак, янги вазият маълум маънодаги “ижтиҳод”ни талаб қилса керак. Аҳли илмлар ва фаол мусулмонлар тиббий мутахассислар фикрларига таяниб реал ечим устида ишлашлари лозим эди ва ҳали ҳам кеч эмас (масалан катта шаҳарлар шароитида масофали, марказлашган қурбонлик сўйишни, гўшт етказиб бериш хизматини ташкил қилиш ва ҳоказо). Ковид балоси ҳали қанча орамизда қолиши номаълум. Бу йил унинг охирги йили бўлса, у холда бу вазият вақтича экан, агар кўпроқ вақтга бўлса, шу ечимларни топишга ҳаракат арзийдиган иш.
Коронавирус тарқалиш кучини ўз ҳаётимизда кўряпмиз. Турли мамлакатларда турлича тарқалиши ҳам бор нарса. Жуда кўп омиллар инобатга олиниши керак. Эпидемиологик вазият енгилроқ бўлган юртларда масжидлар кучли дезинфекция ва қатъий ижтимоий масофа чоралари таъминланган ҳолда эҳтиёткорлик билан очиляпти. Аммо ўта оғир вазиятда карантиннинг кескинлашуви ҳақидаги қарорларни тушунса бўлади. Вабо, ўлат шароитларига таалуқли фан кўрсатмаларининг аксари фиқҳий аҳкомларга зид эмас.
Карантин чекловларини олиб ташлашни талаб қилувчилар ўзлари учун тақво йўлида таваккалга боришга тайёр эканликларини айтяптилар, аммо қариялар, сурункали касаллиги бор кишиларни, яқинларини таҳликага қўйишларини ҳам ўйласинлар. Заифлар уйларида қолсалар ҳам устиларига билмай касални олиб келишяпти. Ўз соғлиғини хатарга қўйиб ковид билан олишаётган шифокорлар ва бошқа ижтимоий хизматчилар ҳақида ҳам яхшилаб ўйлайлик. Уларга хозирнинг ўзида ҳам осонмас. Оғир касалларнинг янги катта партияларини кўтара оладиларми? Аллоҳ билгувчироқ.
Қуйидаги ҳадисни эзгу ният ҳамиша ҳам хато қарорни оқлай олмаслиги ва илмга мурожаат қилмаслик фалокати ҳақида эслатма сифатида илова қиламан:
“Ҳадисда айтилишича, сафарга чиққан бир одамнинг бошига тош тегиб, бошини жароҳатлабди. Кейин у эҳтилом бўлиб қолиб, шерикларидан таяммум қилишга рухсат сўрабди. Шериклари унинг сувга қодирлигини айтиб, таяммум қилишига рухсат беришмабди. У одам ўша ҳолида ғусл қилибди. Ғусл қилаётган чоғида ҳавонинг совуқлиги ва бошидаги жароҳатга сув кириши натижасида вафот этибди. Бу воқеа Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга етказилганда, у зот алайҳиссалом ўша илмсиз равишда фатво берган кишилар ҳақида “улар уни ўлдиришибди. Аллоҳ ҳам уларни ўлдирсин” деб, уларнинг қилган ишларини қоралабдилар. Кейин “Билмасалар, сўрамайдиларми? Ахир билмасликнинг шифоси сўраш-ку!” дебдилар.”
Жамшид Муслимов, блогер
Boshqa mamlakatlarda (Rossiya, Turkiya) da InshaAlloh qurbon hayiti o’qishmoqchi lekin ularda ham virus bizdanda ko’p. . Bizda ham masjidlar ochilsa Allohdan so’rardik bu vabo ketishini jamoatni duosi ijobat bo’lishini mendan ko’proq bilasizlar lekin bunga hech qanday biror narsa aytmayapsizlar. Bozor bilan Masjidni misol Bozorda odamlar masjiddanda ko’p lekin bozorlar yopilmadi masjidlar yopildi qani mantig’.