Қуръони карим оятлари мантиқан бир неча қисмларга бўлиниб, улардан наҳйи мункар, ваъид, қисса оятлари катта ҳажмни эгаллайди. Шунингдек, қисман носих ва мансух оятлари ҳам бор бўлиб, улар баъзи ҳукмий оятларнинг ундан кўра яхшироғи билан алмашинишини таъминлаган. Бундан хабардор бўлиш ҳар биримизнинг зиммамиздаги лозим бўлган илмлардан биридир.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу бир кишидан: «Насхдан мансухни ажрата оласанми?» – деб сўрадилар. Шунда у киши: «Йўқ», – деди. «Демак, ўзинг ҳам ҳалок бўлибсан, одамларни ҳам ҳалок қилибсан», деб айтдилар[1:102].
«Насх» сўзи луғатда «кўчирмоқ», «тарк қилмоқ» маъноларини англатади. Насх: 1) бир нарсани ундан кўра яхшироқ бўлган бир нарса билан бекор қилиш, йўқ қилишдир;
2) китоб ёзиш маъносида ҳам келади;
3) яна олти хил ёзувдан бир ёзув (хат) бўлиб, уни Хожа Имомиддин Мустаъсим ихтиро қилган, бошқа хатлар (ёзувлар) унинг олдида мансух (бекор) бўлган. Шу боисдан у ёзувга «насх хати» дейилган («Муъаййид», «Мунтахаб» ва «Кашф» (китоблар)дан олинди);
4) яна аввалги ҳарфи замма, кейинги ҳарфи фатҳа бўлиб, «китоб» (маъносида)дир[3:341].
«Носих» сўзи бекор қилувчи, рад этувчи маъносида бўлиб, «мансух» сўзи эса бекор қилинган, рад этилган – деган маънода келади(4:304-331].
Яна «насх» истилоҳда Қуръони каримнинг баъзи ҳукмий оятларининг Аллоҳ таоло томонидан бошқа бир ҳукм билан ўзгартирилишини ёки батамом Қуръондан олиб ташланишини тушунтиради. Бундай насх оятлари Қуръони каримнинг кўпгина жойларида бўлиб, улар моҳиятан уч турга бўлинади. Биринчи турда тиловати ҳам, ҳукми ҳам насх бўлган оятлар; иккинчи турда тиловати насх бўлиб, ҳукми амалда қолган оятлар; учинчи турда тиловати қолиб, ҳукми насх бўлган оятлардир.
Биринчи тур насхга, яъни тиловати ҳам, ҳукми ҳам бекор қилинган оятларга тур насхга, яъни тиловати ҳам, ҳукми ҳам бекор қилинган оятларга Ойша розияллоҳу анҳо онамиздан келган ушбу ривоят: «Нозил қилинган оятлар ичида “ўнта маълум эмизиш ҳаром қилади”, деган оят бор эди. Сўнг “беш маълум”, деган оят билан насх қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида Қуръондан ўқиладиган оятлар ичида бор эди» деган ҳадисни ҳужжат қилиш мумкин (Имом Муслим, Имом Молик ва Имом Насаий ривояти)[2:168]. Дарҳақиқат, бу турдаги насх оятлари тиловат ҳам қилинмайди, унга амал ҳам этилмайди, чунки Қуръон каримда йўқ.
Иккинчи тур билан насх бўлишига Нур сурасидаги аввалда бор бўлган қуйидаги оят:
«Қари чол ва кампир агар зино қилсалар, албатта, уларни Аллоҳ тарафидан бўлган жазо, (яъни) тошбўрон қилинглар. Аллоҳ Азиз ва Ҳакийм зотдир».
Бу ҳукм ҳозир ҳам амалда бўлиб, лафзи (матни) эса Қуръонда йўқ, тиловат қилинмайди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу мазкур оят тўғрисида: «Агар инсонлар Умар Аллоҳнинг китобига қўшимча киритибди, деб маломат қилмасалар эди, мен бу оятни ўз қўлим билан ёзиб қўйган бўлар эдим», деганлар. Шунингдек, Ибн Ҳайёнинг «Саҳиҳ»ида Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Аҳзоб сурасининг ҳажми Нур сураси билан тенг эди. Кейин Аҳзоб сурасининг баъзи оятлари насх бўлди», дейилади. Юқорида айтиб ўтилган насхнинг икки тури Қуръони каримда жуда озчиликни ташкил этади. Айтиш зарурки, у оятларни насх этишга Аллоҳнинг расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам асло журъат қилмаган бўлар эдилар.
Учинчи турдаги насх оятлари эса Қуръон каримда аксариятни ташкил этиб, ҳукми мансух бўлса-да, тиловат қилиниб турилган оятлардир. Имом Заркашийнинг «Ал-Бурҳон» номли китобида ҳукми насх бўлиб, лафзи қолган оятлар Қуръони каримнинг олтмиш уч жойида борлиги айтилган. Шу жумладан, васият қилишга буйруқ ояти, эри ўлган аёлнинг бир йил идда ўтиришлиги ҳақидаги оят, ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашишдан олдин садақа бериш кераклиги ҳақидаги оятлар ва бошқа бир қанчаси санаб ўтилган.
Шайх Ҳибатуллоҳ ибн Саламанинг насх оятлари тўғрисида ёзган рисоласида эса намозларнинг икки ракатдан тўрт ракатга ўтказилиши, қибланинг «Байтул Мақдис»дан «Байтул Ҳарам» масжиди томонга кўчирилиши, Рамазон рўзаси фарз қилинганидан кейин Ашуро куни рўзаси ихтиёрий (нафл) қилиниб қўйилиши каби оятларнинг ман
сух бўлиши Қуръони каримдаги илк носих ва мансух оятлар эди[5], деб ёзган. Шунингдек, мушриклардан юз ўгириш, мушрикларга қарши жиҳод қилиш, мушрикларни ўлдиришга буйруқ тарзидаги оятларнинг ҳамда аҳли китоблар билан то жизя (маълум тўлов) бергунларича уруш қилиш ва мусулмонлар билан мушриклар аралашиб юришлиги учун жоҳилият давридаги минораларни бузиб ташлашликка амр қилинган оятларнинг насх оятлари эканлигини айтиб ўтган. Шу жумладан, «Бақара» сураси 106–108-оятларида, албатта, бир оятни қалблардан унуттирмоқчи бўлганда, ўрнига ундан кўра яхшироғи тушиши билдирилган. Аллоҳ таолонинг амрига мункир яҳудийлар бугун бир нарсага буюриб, эртага унинг тескарисига амр қилаётган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ажабланмайсизларми? – деб маломат қила бошлаганида, ушбу оят нозил бўлганлиги ривоят қилинади.
Сир эмаски, орамизда мансух бўлган оятларни кўрсатиб, ўзларича далил будир деб, мусулмонларни тафриқага йўллаётган, тажовузкор қилиб кўрсатаётган кишилар ҳам йўқ эмас. Аслида бу оятларнинг лафзи тургани билан ҳукми насх бўлган. Ҳадисда билдирилишича, Қуръони каримнинг тафсирини кўрмасидан туриб, уни ўз раъйи ила таржима қилиш қатъий ман этилган. Дарвоқе, Қуръони каримдаги баъзи оятларнинг ҳукми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари билан ҳам мансух бўлган. Масалан, зинокорни юз дарра уришдан қайтариб, тошбўрон қилишга буюрилиши, ўлими яқинлашган кишининг ота-оналари ва яқинларига васият қилишининг фарзлиги ҳадис билан мансух бўлган. Яхши тушуниш лозимки, бу нарсалар яратган Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборилган илоҳий илҳом билан боғлиқ. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Қуръоннинг мислича менга ҳам (Қуръон) берилди», дея бежиз айтмаганлар. Шундай экан, ҳар биримиз Қуръони каримнинг тафсирини кўрмасдан туриб маъно беришга шошилмаслигимиз зарур ва бунга ҳақли ҳам эмасмиз!
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
Муҳаммад Али Собуний. Раваиъул-баён фи тафсири аятил-аҳками минал-Қуръон. – Байрут: Дарул-жайл, 2005. Ж. 1. – Б. 102.
Муслим ибн Ҳажжож Абул-Ҳусайн Қушайрий Нисобурий. Саҳиҳи Муслим. – Байрут: Дариҳяу туросил-арабий. Ж. 4. – Б. 168.
3. Ғиёсиддин Муҳаммад. Ғиёс ул–луғат. – Душанбе: Адиб, 1988. Ж. 2. – Б. 341.
4. Ғиёсиддин Муҳаммад. Ғиёс ул–луғат. – Душанбе: Адиб, 1988. Ж. 2. – Б. 304-331.
Ҳибатуллоҳ ибн Салома ибн Наср Муқрий. Носих ва мансух. – Байрут: Мактабул-исламий, 1404 ҳ.