islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мусулмонлар қолоқ бўлганми?

Савол: Ҳозирги пайтда кўпчилик орасида «Мусулмонлар илм-фан соҳасида ғарбдан орқада қолиб кетишган, бунга дунёвий фанларни ўқитишга эътибор беришмаганидир» деган гаплар юради.

Аслида бир пайтлар мусулмонлар илм-фаннинг барча соҳаларида илғор бўлгани, улар мақтаётган ғарб ҳам улардан илм ўргангани ҳақида негадир лом-мим дейилмайди. Шунинг учун дунёвий илмларнинг қайси соҳасида мусулмонларнинг пешқадам бўлганлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилсанглар, фойдадан холи бўлмас эди. 

Асадуллоҳ Парпиев,

Оҳангарон

Жавоб: Ана шундай фикрларга эга бўлган айрим ғарбпарастлар билан баҳслашиб, тортишиб ўтирмайлик-да, улар тан олишни истамаётган мусулмонларнинг бутун тарих давомида бошқа жуда кўп соҳалар қатори илм-фанда ҳам пешқадамлик қилишганини исботловчи далилларни келтириб қўяқолайлик.

Биргина тиббиёт соҳасини олиб кўрадиган бўлсак, юртимиздан чиққан улуғ олим ва ҳаким Абу Алий ибн Синони бутун дунё замонавий медицинанинг отаси деб тан олгани, унинг тиббиётга оид «Ал-Қонун» каби шоҳ асари ўн олтинчи асргача Ғарбдаги барча тиббиёт дорилфунунларида дарслик қилиб ўқитилгани, замонавий тиббиёт жуда кўп жабҳаларда Ибн Синодан ўрганганини, ҳатто «медицина» сўзи ҳам унинг номидан олингани ҳақида гапириб ўтирмаймиз. Чунки бу далилларни Шарқу Ғарбда ҳамма жуда яхши билади.

Энди бу борада баҳс қилишни яхши кўрадиганлар билмаган ёки билишни истамаган баъзи далилларни келтириб ўтсак, тиббиёт соҳасида мусулмонлар нақадар илгарилаб кетишгани яққол аён бўлади. Масалан, мусулмон олими Собит ибн Қурра (835 – 902) биринчи марта анестезинни топган. Алий ибн Исо эса XI асрда уни илк бор кўз жарроҳлигида қўллаган. Бироқ бу кашфиёт 1850 йилга келиб Жанкайники бўлиб кетди. Алий ибн Аббос (вафоти 994) капиляр қон томирларини кашф қилган, минг йил олдин саратон (рак) амалиётини амалга оширган. Бошқа бир мусулмон табиби Аммор ибн Алий XI асрда биринчи марта кўз пардаси жарроҳлигини ўтказган. Абул Қосим Захравий ғарбда «замонавий жарроҳлик отаси» деб тан олинган, у жарроҳликда икки юз хил асбоб ишлатган, олим туғишда қўллаган усул ғарбда беш юз йил кейингина жорий бўлди. Усмонли салтанат ҳукмдори Султон Муҳаммад Фотиҳнинг устози Оқшамсуддин (1389 – 1459) Пастордан тўрт юз йил аввал микробни кашф қилган. Умуртқа сили ва артрит (бўғимлар шамоллаши) касаллигини биринчи бўлиб аллома Абул Қосим аниқлаган, Потт эса ундан 700 йил кейин буларни «кашф этди». «Верем» микробини топгани учун Р.Кочга Нобель мукофоти берилган, ваҳоланки, бу микробни ундан 150 йил олдин мусулмон олими Камбур Восим (вафоти 1761 йил) топганди.

Исломнинг илк даврларидаёқ, яъни милодий VI аср ўрталарида Ҳорис ибн Килда каби тиббий мадрасани битирган мусулмон табиблари етишиб чиқди. У Пайғамбар алайҳиссалом замонларида яшаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар саҳобаларининг касали қайталанаверса, унга бориб даволанишни маслаҳат берардилар. Валид ибн Абдулмалик замонида Исломдаги илк шифохона барпо этилди, у фақат моховларни ажратиб даволарди. Кейин бирин-кетин турли ихтисосдаги шифохоналар пайдо бўла бошлади, улар «бемористон» номи билан танилган эди.

Булар тиббиёт соҳасидаги ютуқларимизнинг бир қисмигина, холос. Энди илм-фаннинг бошқа соҳаларини олиб кўрсак, улардаги ютуқлар табибларникидан асло орқада бўлмаган. Масалан, Косинуслар теоремасини биринчи бўлиб Абу Райҳон Беруний (973 – 1048) кашф қилган, Оврупада эса француз олими Веит (1540 – 1603) «яна» ўйлаб топди. Ибн Фирнос (вафоти 808 йил) биринчи бўлиб ака-ука Райтлардан 1023 йил олдин учоқ (самолёт) ясаб, парвозни амалга оширган. Палеонтология ва седиментология соҳасида илк марта тажриба ўтказиб, бу бўйича китоб ҳам ёзган Абу Алий ибн Сино бўлса-да, Албертга «Буюк Алберт» унвони берилди.

Улуғ ватандошимиз Мусо Муҳаммад Хоразмий биринчи бўлиб алгебра фанига асос солган, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-жабр ал-муқобала» рисоласидан олинган, олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган. Яна бир улуғ олимимиз Аҳмад Фарғоний фалакшуносликнинг (астрономия) отаси саналади, унинг «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум» китоби XII асрда Оврупа тилларига таржима қилиниб, «Алфраганус» деган лотинча ном билан бир неча аср мобайнида Ғарб университетларида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган. Жазарий (1136 – 1206) биринчи бўлиб цилиндр, жўмракни ясаган, компьютерга оид назарий фикрлар айтиб, кибернетикага асос солган, шунингдек, у вулқоншунослик, геотермал майдонлар соҳасидаги фанлар асосчисидир. Жаҳондаги биринчи расадхона ва фалакшунослик марказини Хожа Носириддин Тусий (1201 – 1274) қурдирган. Дунёда биринчи ҳисоблаш маркази Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек раҳбарлигида қурилган. Ўн бешинчи асрда Мирзо Улуғбекнинг машҳур расадхонасида ишлаган ўзбек математиги Ғиёсиддин Жамшид Коший биринчи бўлиб ўнли касрларни кашф этган. Оврупада эса ундан 175 йил кейин Симон Стевин бундай сонларни топди.

Яна бир атоқли қомусий олимимиз Абу Райҳон Беруний Христофор Колумбдан анча олдин уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган, Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобусни ясаган, Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчаган, конуслар теоремасини француз олими Вентдан 500 йил олдин кашф этган.

Улуғ мусулмон олими Абу Юсуф Ёқуб ибн Исҳоқ Киндий (801 – 873) Эйнштейндан бир неча аср илгари борлиқ ва ундаги ҳодисалар нисбийлиги ғоясини кашф этган. У оптика соҳасида жаҳонда биринчи бўлиб асар ёзган, унинг ўн битта асари замонавий арифметикага, еттита асари геометрияга асос бўлган. У психо-физиологиянинг ҳам асосчисидир. Милодий 960 – 1039 йиллари яшаган Қутбиддин ибн Ҳайсамнинг оптикага бағишланган «Китабул манозир» («Тасвирлар китоби») 1270 йилдаёқ лотинчага ўгирилиб, бир неча Оврупа мамлакатларида чоп этилган ҳамда Коперник ва Нютоннинг оптикага оид асарларига асос бўлган. Олимнинг лотинча Albazen номи физикадаги илмий истилоҳга айланган. Ламберт трапециясини ундан анча олдин Ибн Ҳайсам топган. Жобир ибн Ҳайён оврупалик олимлар Жон Далтон, Отто Ханн, Эндрю Ферми, Альберт Эйнштейндан минг йил олдин атом устида тадқиқот ўтказган, илк марта «термоядровий куч» фикрини айтган, атом парчаланиши ва бомба шиддатини тасвирлаган.

«Дифференциал ҳисоб»ни ҳам Нютондан анча олдин, IХ асрда Ислом олимларидан Собит ибн Қурра кашф қилган. Само жисмларининг эллипс орбита бўйлаб ҳаракат қилиши ҳақидаги фикрни Кеплер Берунийдан ўзлаштириб олган бўлса, Коперник Қуёш назариясини Ибн Шотирдан (1304 – 1376) айнан кўчириб олган. Бундай далилларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Анвар Аҳмад тайёрлади

«Ҳилол» журналининг 5(14) сонидан

169190cookie-checkМусулмонлар қолоқ бўлганми?
1 та фикр мавжуд
  1. Assalomu alaykum. Tog’ri musulmon ajdodlarimiz o’z vaqtida buyuk ishlarni amalga oshirib nodir meroslarni qoldirib ketgan. Lekin tarix ortda qoldi. Bugungi kunga kelib biz avlodlarga munosib ajdod bo’lmoqdamiz deb aytish mushkul. Nega hozirgi kunda oramizdan buyuk kashfiyotchilar daho olimlar yetishib chiqmayabdi. Har sohada ortda qolmoqdamiz. Buning sabablari nimada?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: