islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тўлқинлар учрашганда: ёндош, лекин қўшилмайдиган сув ҳавзалари (фотогалерея)

Дарё-ю денгизларни бир-бири билан учрашадиган қилиб қўйди. Ўрталаридаги тўсиқдан ошиб ўтолмаслар. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?! (Ар Роҳман сураси, 19-21-оятлар).

Икки қуруқлик ўртасидаги чегарани яққол белгилаш мумкин, аммо сувликда-чи?

Ер куррасида шундай нуқталар борки, у ерда икки сув ҳавзаси ҳеч бир тўсиқсиз учрашади, аммо сувлари аралашиб кетмайди. Бунинг сабаблари эса турлича бўлиши мумкин. Pikabu.ru сайти табиатнинг ана шундай мўжизасига бағишланган фотогалереяни тақдим этди.

Шимолий денгиз ва Болтиқ денгизи

Даниянинг Скаген шаҳри атрофида Шимолий денгиз ва Болтиқ денгизи тўқнашади. Икки денгизнинг суви турли зичликка эгалиги боис ҳам шунчаки тўқнашади – аралашиб кетмайди.

Ўртаер денгизи ва Атлантика океани

Гибралтар бўғози Ўртаер денгизи ва Атлантика океани тўлқинлари учрашадиган нуқта ҳисобланади. Турли сув ҳавзаларининг тўлқинлари ҳар хил зичлик ва шўрлик даражасига эгали туфайли қўшилиб кетмайди.

Кариб денгизи ва Атлантика океани

Антил ороллари бўйида Кариб денгизи ва Атлантика океани суви оралиғидаги чегарани яққол кўриш мумкин.

Баҳама ороллари чегара бўлиб турган ҳудудда ҳам Кариб денгизи (ҳаворанг сув) ва Атлантика океани (кўк рангли сув) орасидаги контрастни кўриш мумкин.

Суринам дарёси ва Атлантика океани

Атлантика океани кўплаб бошқа сув ҳавзалари билан чегарадош бўлиш билан бирга, уларнинг аксарияти билан қўшилиб кетмайди. Шундай тўқнашувлардан бири Жанубий Америкадаги Суринам дарёси билан кузатилади.

У икки денгизни — буниси чучук-ширин, униси шўр-аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва ораларига кўринмас тўсиқ ҳамда очилмас сарҳад қилган Зотдир. (Фурқон сураси, 53-оят). 

Маълумки, барча уммонлар ва денгизларнинг суви шўр, дарёларнинг суви чучук ҳисобланади. Дарёлар оқиб бориб сувини денгизларга, уммонларга қуяди. Аммо бу билан денгиз суви чучук бўлиб қолмайди, дарё суви шўр бўлиб қолмайди. Ваҳоланки, дарёларнинг суви ҳам денгиз ва уммонлардан буғланиб кўтарилган сувдан иборат.

Уругвай кўли ва унинг ўзани

Аргентинанинг Мисьонс провинциясида Уругвай дарёси ўзининг ўзанини учратади. Уларнинг орасидаги фарқ сезиларли – ўзан қишлоқ хўжалиги мақсадларида тозаланса, кўлнинг ўзи ёмғирлар мавсумида лойнинг таъсирида қизғиш тусга киради.

Амазонканинг бир-бирига «бегона» икки ўзани

Дунёдаги энг серсув дарё Амазонканинг икки ўзани – Риу-Негру ва Солимойнс Бразилиядан 6 км нарироқда тўқнашади, 4 км.гача бўлган масофада бирга оқса-да, аралашиб кетмайди.

Икки ўзаннинг оқиш тезлиги ва ҳарорати турлича бўлгани боис уларнинг кўриниши ҳам фарқланади. Солимнойс ўзани оч рангда, 4-6 км/соат тезликда ҳаракатланади, ҳарорати 22 Цельсий даража. Риу-Негрунинг ранги тўқ ва хира, 2 км/соат тезликда ҳаракатланади, сувининг ҳарорати 28 даража атрофида.

Мозель ва Рейн дарёлари

Германиянинг икки азим дарёси – Мозель ва Рейн Кобленц шаҳрида тўқнашади. Рейн очроқ, Мозель эса тўқроқ тусда.

Ильц, Дунай ва Инн дарёлари

Германиянинг Пассау шаҳрида Ильц, Дунай ва Инн сув ҳавзалари учрашади. Суратда юқоридан пастга: Инн, Дунай, Ильц дарёлари.

Алакнанда ва Бхагиратхи дарёлари

Ҳиндистоннинг Девапраяга шаҳрида Алакнанда (тўқ рангда) ва Бхагиратхи (оч рангда) дарёлари аралашиб кетмайдиган чегарани кўриш мумкин.

Иртиш ва Ульба дарёлари

Қозоғистонда Иртишнинг тоза, Ульбанинг лойқа сувлари ёнма-ён оқади.

Цзялин ва Янцзи дарёлари

Цзялин дарёси 119 км узунликка эга бўлиб, Чунцин шаҳрига келганда ўзининг тоза сувларини Янцзи дарёсининг сарғимтир тусли ҳавзасига қуяди.

Рона ва Арв сув ҳавзалари

Бу икки дарё Швейцариянинг Женева шаҳрида учрашади. Рона Леман кўлидан оқиб келади, суви шаффоф. Арв дарёсининг суви лойқа бўлиб, Шамони водийси музликлари билан тўйинади.

Грин ва Колорадо дарёлари

АҚШнинг Юта штати, Канбонлендс паркида Грин ва Колорадо дарёлари бирлашади. Гриннинг яшил сувлари ва Колорадонинг қизғиш тўлқинлари орасидаги фарқ яққол кўзга ташланади. Сув оқимлари турли тоғ жинсларини ювиб келгани учун ҳам шундай тусга кирган.

Чуя ва Катунь

Олтой республикасининг Онгудай районида Чуя ва Катунь дарёларининг ажабтовур «қўшничилиги»ни кузатиш мумкин. Чуя қўрғошин тусдаги, қуюқ сувдан иборат. Катунь эса тоза ва фирузаранг. Икки дарё бирлашиб, ягона, аммо ранги ўртадан чизиқ тортилгандек икки хил бўлган оқимни ҳосил қилади.

Kun.uz

170010cookie-checkТўлқинлар учрашганда: ёндош, лекин қўшилмайдиган сув ҳавзалари (фотогалерея)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: