Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани 2003 йил 3 январда ташкил этилган. Ҳудуди 312.7 км.кв. дан иборат. Миришкор тумани ғарб томондан қўшни Туркманистон Республикаси, шарқ томондан Бухоро вилояти, шимол томондан Қашқадарё вилоятининг Касби ва Нишон туманлари, шимолдан Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани билан чегарадош. Туманнинг аҳоли сони 112850 нафар, хўжаликлар сони 20668 нафарни ташкил қилади. Миришкор тумани қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликка мослашган. Аҳолининг 98 % ислом динига эътиқод қилади. Миришкор туманидаги 38 та маҳалла фуқаролар йиғинида ўзбек, араб, туркман, тожик, қирғиз миллатига мансуб фуқаролари бир тану бир жон бўлиб истиқомат қилади. Миришкор туманидаги Жейнов, Миришкор, Помуқ, Чандир қишлоқлари энг катта қишлоқларидан ҳисобланади. Миришкор туманида 39 та умумий ўрта таълим мактаб, 1 та Ихтисослаштирилган мактаб, 11 та мактабгача таълим муассасалари, 1 та Жейнов пахтани қайта ишлаш заводи фаолият юритади. Миришкор тумани ҳудудида 5 та расмий жоме масжид, 14 та қабристон фаолият юритади. Миришкор туманининг Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Миришкор” жоме масжиди, Аввона маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Чоргумбаз” жоме масжиди, Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Анна” жоме масжиди, Помуқ фуқаролар йиғини ҳудудида “Помуқ” жоме масжиди, Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Гулистон” жоме масжиди фаолият юритади. Масжидларда беш вақт намозда 160-165 нафар, жума намозларида 350-400 нафар, ҳайит намозларида 2000-2500 нафар намозхонлар ибодатларини адо этадилар. Миришкор туманидаги жоме масжидларда намозхонлар учун барча қулайликлар яратилган.
Миришкор тумани Аввона маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Чоргумбаз” жоме масжиди қадимий–тарихий бинолардан ҳисобланади. Ушбу масжидга Аввона, Янги ариқ, Айзабод, Янги Жейнов, Каттапой, Олтинбошоқ, Гулистон, Чаманзор, Ширин маҳаллалардан келиб жума ва ҳайит намозларини ўқиб кетишади. Беш вақт намозга 50-60 киши, жума намозларига 150-200 киши, ҳайит намозларига 950-1000 нафар намозхонлар намозга қатнашадилар. Ушбу масжид XVIII-асрнинг 50-йилларида Миришкор тумани Жейнов қишлоғида яшаган Ғоибназарбой томонидан қурилган. Жейнов қишлоғида яшовчи Муродов Баҳриддин ҳожи бобонинг айтишларича Ғоибназарбой ўз бойлигининг ҳисобидан масжид қуришни ният қиладию, аммо қаердан қуришни билмайди. Бу ишни амалга ошишини истаб уч кун ётишдан олдин кетма-кет Истихора намозини ўқийди. Аллоҳнинг инояти билан учинчи куни тушида қаердан масжид қуришлигига ишора бўлади. Эртасига халойиқни йиғиб тушида туя чўккан жойдан масжид қуришини эълон қилади ва ҳаммага маъқул бўлади. Масжидни тўрт гумбазли қилиб қуради. Масжиднинг ҳажми 15,0 м, 15,0 метр қилиб қурилади. Масжид тўрт гумбазли бўлгани учун “Чоргумбаз” деб ном қўйилади. Масжид сиғими 150-200 кишига мўлжалланган. Масжид қурилиб битказилганидан кейин масжидга илмли бир киши имом бўлиши керак эди. Касби туманидаги “Мирҳайдар Султон” ота зиёратгоҳи марказ ҳисобланган. Ғоибназарбой ана шу жойга бориб бизнинг қишлоғимизга илмли, халқимизга дину-диёнатни ўргатадиган, яхши-ёмон кунларимизда хизмат қиладиган, ёшларимизни тўғри йўлга чорлайдиган имом керак дея мурожаат қилган. У кишининг мурожаатларини қондириш мақсадида махсус рухсатнома билан Дониёрхўжа деган бир кишини (у киши ҳофизу каломуллоҳ, илмли, тақводор киши бўлган) имом қилиб юборишган. Ғоибназарбой Дониёрхўжа имом бўлиб келганларидан кейин уй жой қуриш ва тирикчилик қилишлари учун ҳудуддан беш гектар ер майдони ажратиб берган. Шу зайлда Чоргумбаз жоме масжидига аввал Дониёрхўжа, сўнгра у кишининг вафотидан сўнгра ўғиллари Абдулҳамидхўжа, у кишидан сўнгра Муродхонхўжа имомлик қилган. Муродхонхўжа (вафоти 1968-йил)нинг имомлик даври собиқ шўро даврига тўғри келган. Масжидлар бузилган, ёпилган, вайрон қилинган, тўшаклари колхозларга тўшак қилиб тарқатилган, ёхуд омбор, оғилхона сифатида фойдаланилган. Чоргумбаз жоме масжидини ҳам бузамиз дейишганда, ўша даврда қишлоқда раислик қилган Мурод Ёмғиров масжидни бузиш учун келганларга “Шу жойни колхоз молларининг емиши бўлган хашак сақлайдиган, яъни хашакхона қилиб беринглар”, – деб масжидни бузиб ташланишидан сақлаб қолган. Шундай бўлсада масжидга сомонни ичидан ўтиб қўрқа-писа 4-5 нафар киши жума ва ҳайит намозларини ўқишган.
Ҳаммамизга маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг қадимий қадриятларимиз, миллий урф-одат ва анъаналаримиз ўзлигимизга хос равишда сайқаллаштириб, асл ҳолига қайтарилди. Қувонарлиси шундаки, мустабид шўро тузуми даврида номлари қораланган буюк аждодларимиз оқланиб, эътиборли жойларга уларнинг номлари берилди. Юртимиздаги осори-атиқалар ўз аслига қайтарилди. Ўтган улуғларимизнинг қадамжо-ю мангу қўним топган жойлари обод қилиниб зиёратгоҳга айлантирилди. Миришкор тумани Жейнов қишлоғидаги Чоргумбаз жоме масжиди 100 нафар ташаббускор, таъсис ҳайъат аъзолари томонидан ташкил топган. Масжид 1998-йил Қашқадарё вилояти Адлия бошқармасидан 1998-йил 4-ноябрда рўйхатдан ўтиб №44 сонли гувоҳнома олган ва ўзининг иш юритиш низомига асосан ўз фаолиятини олиб боради.
Мустақиллик йиллари арафасида 1989-1992 йилларда Жейнов жамоа хўжалигига Жейнов қишлоғидан етишиб чиққан, кўп йиллар шу қишлоққа раислик қилган Ўзбекистон қаҳрамони Муродулло Саидов ташаббуси билан масжидга қўшимча узунлиги 27 метр, эни 15 метр қилиб катта хонақоҳ қурилган. Хонақоҳга 450-500 намозхон сиғади. Муродхонхўжадан кейин масжидга тайинли имом бўлмаган. Бу даврда ўзаро келишув асосида мулло Ниёз Холов, мулло Абдурашид Оқмуҳаммедов, мулло Муҳаммадқул Тоиров, мулло Қурбонмурод Авазов, мулло Рамонқул Ражабов, мулло Баҳриддин Муродовлар имомлик қилишган. Бу муллолар орасида энг кўп имомлик қилган (1989-2003 йиллар) мулло Раҳмонқул Ражабовдир.
Бугунги кунда Чоргумбаз нафақат туманда балки вилоятдаги йирик масжидларидан биридир.
Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Шуҳрат Муродов