Бугун, 6 март куни пойтахтдаги “Конгресс-ҳолл”да 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтяпти. Унда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Kun.uz мухбирининг тадбирдан хабар беришича, президент ўз нутқини аёлларни табриклашдан бошлади ва шундай деди:
«Ҳамма ҳаракатларимизда аёлларимиз, муқаддас оналаримизни рози қилиш ётади»
“Ҳамма ҳаракатларимизда аёлларимиз, муқаддас оналаримизни рози қилиш ётади. Мана шундай пайтда, сиз азизларнинг шаънингизга мадҳиялар айтиш учун одам шоир бўлиб туғилмаганига афсусланиб қолади. Сизлар биз учун аввало муқаддас она, азиз ватан, оила тимсоли, битмас-туганмас меҳр, эзгулик ва куч-ғайрат манбаидирсиз. Бу азалий ҳақиқатни, мураккаб пандемия шароитида, айниқса, чуқур ҳис этмоқдамиз.
Сизларнинг барча соҳалардаги фидокорона меҳнатингиз ҳисобидан мамлакатимизнинг қудрати ва салоҳияти, халқаро обрў-эътибори тобора ортиб бормоқда.
Бугун барча соҳаларда маррани жуда катта оляпмиз, улкан дастурлар, режа ва лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Улар, биринчи навбатда, оналаримиз, опа-сингилларимиз, азиз фарзандларимизнинг ҳаёти ва меҳнат шароитини яхшилашга қаратилган.
Фурсатдан фойдаланиб, барчамизга доимо тоғдек таянч бўлиб келаётганингиз учун сизларга, бутун Ўзбекистон хотин-қизларига чуқур миннатдорчилик билдираман. Бугунги даврамизда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг ҳурматли элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳам чин дилдан қутлайман. Мамлакатимиз билан самарали ҳамкорлик учун уларга самимий ташаккуримни изҳор этаман”, – деди президент.
«Аёл фарзанди бахтли бўлса, асл бахтни ҳис этади»
“Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бошқарув тизимида аёлларнинг улуши 33 фоизга етди. Юртимиз бўйича бир ярим мингга яқин хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Хусусан, ташкилотчи ва ташаббускор опа-сингилларимиз 6та туманда ҳоким вазифасида, юзлаб ҳудудларимизда ўринбосар ва маслаҳатчи лавозимларида самарали фаолият кўрсатмоқда.
Ана шундай катта салоҳиятни ошириш, давлат ва жамият бошқарувида уларнинг иштирокини кучайтириш мақсадида, 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди.
Муаммолар бўйича манзилли иш олиб бориш учун мутлақо янги тизим – “Аёллар дафтари”ни жорий этдик. Кейинги 3 ойда республика комиссияси томонидан ушбу “дафтар”га киритилган 80 минг нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир аёлларнинг 32 минг нафари иш билан таъминланди. Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан салкам 17 минг нафар хотин-қизга амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Аёл фарзанди бахтли бўлса, асл бахтни ҳис этади. Биргина “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 126 мингга яқин аёлларга имтиёзли кредитлар берилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қарийб 215 минг оилага 6 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Деярли 55 минг нафар хотин-қизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказлари томонидан ўқитилди, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилди. “Беш муҳим ташаббус” доирасида чекка ҳудудларда тикувчилик цехлари ташкил этилиб, 10 минг нафар аёллар бандлиги таъминланди.
Уй-жой сотиб олиш учун 1 250 нафар опа-сингилларимизга қарийб 22 миллиард сўмлик бошланғич бадаллар тўлаб берилди.
Жорий йилда ҳам ушбу хайрли ишлар давом эттирилади ва бу борада куни кеча янги қарорни имзоладим. Унга кўра, жамиятда аёлларимизга бўлган эътиборни энг қуйи бўғингача, маҳаллагача тушириб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими яратилмоқда. Бундан буён Ўзбекистонда бирор аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди”, – дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
«Турмуш масаласига юзаки қараманг»
“Жорий йилда турмуш шароити оғир бўлган аёллар ҳамда ёлғиз онаси қарамоғида ўсган қизларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида бюджетдан 200 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилади.
Бошпанаси бўлмаган аёлларни ижара асосида “ижтимоий уй-жойлар” билан таъминлаш учун яна 211 миллиард сўм йўналтирамиз. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга моддий ёрдам бериш ва малакали тиббий ёрдамга муҳтож аёлларни даволашга қўшимча 110 миллиард сўм берилади.
Шу билан бирга, аёллар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан қўшимча 600 миллиард сўм ажратилади.
Яна бир муҳим масала. Кейинги пайтда оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича самарали иш олиб борилмоқда. Буни ажралиш ёқасига келиб қолган, 23 мингга яқин оила яраштирилгани, ажримлар сони 3 мингдан зиёдга камайгани ҳам кўрсатиб турибди.
Лекин аччиқ бир ҳақиқатни тан олишимиз керак. Бу рақамлар ҳамон юқори бўлиб қолмоқда. Ўтган йили 28 мингдан зиёд оила ажралиб кетгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Албатта, барчамизнинг истагимиз, тилагимиз битта: қани эди, юртимизда ажрим деган нохуш ҳолатнинг ўзи бўлмаса, оилалар пароканда, болалар тирик етим бўлиб, сарсон-саргардон бўлмаса… Мен бир фикрни қайта-қайта айтишдан чарчамайман. Оила – бу меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор. Оилавий бахт бу – энг улуғ саодатдир.
Мен йигит-қизларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: турмуш қуришга, оилага, фарзанд тақдирига ниҳоятда чуқур масъулият билан қаранг. Бу масалага юзаки ёндашиб, ҳам ўзингиз, ҳам ўзга бир инсон ҳаётини хавф остига қўйманг. Мен бу борада кўпни кўрган маҳалла фаоллари, муҳтарам кайвонилар, маънавиятимиз ва динимиз фидойилари, ўз тенгдошларига ибрат бўлиб келаётган ёшларимиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қиладилар, деб ишонаман” – деди давлат раҳбари.