Сунани Термизийни Аллоҳ насиб этиб ўқиганимизда, бир савол камина ҳақирни безовта қилиб турарди. Бу саволга баъзи таъвиллар бўлган бўлсада, қалбнинг жоҳилликдан иборат шубҳа ва гумон оловини буткул ўчира олмаган эди.
Саволнинг келиб чиқиши шундан иборатки, бобомиз Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳадисларни ривоят қила туриб, уларга бўлган фақиҳ ва мужтаҳидларнинг фикрларини, уларнинг муборак исмларини тилга олиб зикр қиладиларда, лекин биз севиб унга эргашадиган «Ҳанафия» мазҳаби имомларини, хоссатан, Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимларнинг исмларини зикр қилмасдан, умумий ном билан, яъни «Куфа аҳли» ибораси билан уларнинг фикрларини келтирадилар. Бу эса, ўқувчини ҳар хил уй ва хаёлларга олиб боради.
Ўлуғлар барибир, ўлуғда! Улар бўлмаса эди, бу уммат дунёси ва динида, албатта, адашиб кетарди!
Улуғ муҳаддис, умматнинг фахри Ҳазрат Шайх Мавлоно Муфтий Саъид Аҳмад Полонпурий аттараллоҳу марқадаҳу бу саволга ўзларининг машҳур «Сунани Термизий»га ёзган шарҳлари «Туҳфатул Алмаъий Шарҳи Сунани Термизий»да, воқелик билан илмий тарзда шундай гўзал жавоб берганларки, бу ўқувчининг зеҳнидан гумон алафини илдизи билан юлиб олади ва кўпроқ эмас, балки жуда кўп китоб мутолаа қилиш лозим эканлигига ишора қилади. Қуйида, у зотнинг фикрларини келтирамиз:
«Шуни билиб олмоқ лозимки, дастлабки даврда, иккита илм мактаби бор эди. Бири «Ҳижоз илмий мактаби» бӯлса, иккинчиси «Ироқ илмий мактаби» эди.
«Ироқ илмий мактаби» вакиллари, асосан, «нусуслар» (Қуръон ва ҳадис)дан масъалалар чиқариб олардилар ва зимнан ҳадис илми билан шуғулланардилар. Уларни «Аҳли рай» ҳам дейишарди.
«Ҳижоз илмий мактаби» эса, асосан ҳадис ривояти ва ҳадис илмига доир масала ва фатволар билан шуғулланардилар.
«Ироқ илмий мактаби» деганда, фақат Имом Аъзам ва у зотнинг шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимларни тушуниш хатодир, балки бу мактабнинг вакиллари жуда кӯп бӯлиб, улардан: Суфёни Саврий, Суфён ибн Уяйна, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Аби Лайло, Ибн Шибрима раҳимаҳумуллоҳлар ва жуда кӯп «Имом»лар шу мактаб вакилларидандирлар. Улардан кейин келган мактаб вакиллари уларнинг фикрларини қӯллаб, қувватлаб, уларни далил жиҳатидан бойитганлар. Шундай қилиб, «Ҳанафия» мазҳаби мактаби вужудга келади.
Бу мактаб билан бир даврда, «Ҳижоз илмий мактаби» вужудга келади. Бу мактаб бошланишликда, бир бӯлиб, замонлар ӯтиши билан турли мактабларга ва мазҳабларга бӯлиниб кетади. Аввалда, бу мактабнинг етакчиси: Саъид ибн Мусаййаб раҳматуллоҳи алайҳ бӯлиб, кейинчалик эса, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ етакчи бӯладилар. Сӯнг, Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ алоҳида йӯл тутадилар ва у зотнинг алоҳида илмий мактаби вужудга келади. У зотдан кейин, шогирдлари Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ алоҳида йӯлни ихтиёр этадилар ва у зотнинг ҳам алоҳида мазҳаблари вужудга келади. У зотлардан ташқари, яна кӯплаб имомлар ӯзларининг алоҳида мактабларини тузадилар. Масалан булардан: Имом Авзоъий, Имом Жарир Табарий раҳимаҳумуллоҳлар. Лекин бу мазҳабларга эргашувчилар қолмаганидан кейин бу мазҳаблар ӯз-ўзидан табиий тарзда тугайди.
«Ҳижоз илмий мактаби» учта асосий мактабга бӯлинади. «Ироқ илмий мактаби» эса, мужтаҳидлигича (битта) қолади. Ҳозир ҳам шу тӯрт илмий мактаблар бизгача етиб келган ва машҳурдир. «Сиҳоҳи ситта» ёзилган даврда, ҳали «Ҳижоз илмий мактаби» тӯлиқлигигача учга бӯлинмаган эди. Агар бир киши Моликий бӯлса, у тӯлиқлигича Моликий эмас эди, балки унинг ружҳони (майли) Моликий мазҳабига эди. Яъни кӯп масалаларда, Моликийлар билан маслакдош бӯларди. Ким Шофиъий бӯлса, кӯп масалаларда, Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ билан бирга эди, лекин тӯлиқлигича эмас.
Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ «Ҳижоз илмий мактаби» талабаларидан ва эргашувчиларидан бири эдилар. У зотнинг ружҳонлари (майллари) Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга эди, яъни кӯп масалаларда, у зот билан мувофиқ эдилар. Худди Имом Абу Довуднинг ружҳонлари Имом ибн Ҳанбалга бӯлгани каби.
«Сунани Термизий»нинг баъзи жойларида бунга сариҳ ишоралар бор. Китобнинг ҳеч қайерида, Имом Термизий Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳга очиқлаб эътироз билдирмайдилар, балки у зотни қӯллаб қувватлайдилар. Лекин Имом Абу Ҳанифа ва Имом Шофиъий раҳимаҳумуллоҳларга очиқ эътироз билдирадилар. У зот, яна Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳимаҳуллоҳга ҳам эътироз билдирмаганлар, чунки бу зотнинг мазҳаблари, бир икки масалаларни инобатга олмаганда, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларидан деярли фарқ қилмайди. Имом Термизий шу икки мазҳабга эргашганлар.
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ «Сунан»ларида «Ироқ илмий мактаби»нинг фақиҳлари: Суфёни Саврий ва Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳларнинг сӯзларини, уларнинг исмларини зикр қилиб келтирадилар. Ваҳоланки, Суфёни Саврийнинг 95 фоиз сӯзлари ва Абдуллоҳ ибн Муборакнинг 98 фоиз сӯзлари Имом Абу Ҳанифанинг сӯзларидир. Лекин Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳеч қаерда сароҳатан Имом Абу Ҳанифа ва икки соҳибайн Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳларни зикр қилмайдилар ва у зотларнинг исмларини яхлит бир ибора билан «Куфа аҳли» деб келтирадилар. Кӯп уламоларимиз бу ҳолатни: «Ироқий ва Ҳижозий мактаблар орасидаги ӯзаро кураш ва тортишувлар сабабли, Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ўз «норозилик»лари ифодаси сабабидан у зотларни шу тарзда зикр қилганлар», деб тушунишади, лекин бу фикр нотўғри. Асл гап шуки, у замонда китоблардан ривоят қилиш жоиз бӯлмаган, балки ӯзига келган санад билан ривоят қилишни жоиз санашган.
Шунга кўра, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ «Китобул Илал»ларида мужтаҳидларнинг сўзларини санадлари билан келтирганлар. Мужтаҳидларнинг бу сўзлари ҳадисларнинг шарҳи орасида баён қилинган эди. Шунга кўра, улар бу сўзларни (Суфёни Саврий ва Ибн Муборакларнинг сўзларини) ҳадис дарси ҳалқасида баён қилганлар. Яъни бу сўзлар Имом Термизийга санад билан йетиб келган ва у зот бу сўзларни ривоят қилганлар. Уч Имом эса, фиқҳдан дарс берардилар, ҳадислар масалалар зимнида баён қилинар эди. Шунинг учун ҳам бу фиқҳий масалалар уч Имомдан у зотга санад билан йетиб бормайди. Агар бу сўзлар Термизий раҳимаҳуллоҳга санад билан йетиб борганда еди, у зот, албатта, бу улуғ зотларни номини олиб, уларнинг фикрларини зикр қилардилар.
Масалан, у зотга санад билан йетиб келган, Имом Абу Ҳанифанинг Жобир Жуъфий борасидаги жарҳларини олсак. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ бу жарҳни у зотнинг исмларини зикр қилиб, «Китобул Илал»ларида келтирганлар. Агар шу каби бошқа сўзлар ҳам санад билан келганида, у зот, албатта, у қавлни у зотнинг исмларини тилга олиб келтирар эдилар.
Лекин шу билан бирга, Ҳижозий мактаб вакиллари Ироқий мактаб вакилларининг фиқҳга доир китобларини мутолаа қилар ва уларнинг фиқҳий маслакларини билар эдилар. Шунингдек, Ироқий мактаб вакиллари ҳам Ҳижозий мактаб вакилларининг ҳадисга оид китобларини мутолаа қилар ва уларнинг ҳадисларидан воқиф эдилар. Шунинг учун ҳам Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ у зотларнинг исмларини зикр қилмасдан фиқҳий маслакларини баён қилиб қўйа қолганлар, чунки исмларини зикр қилиш учун санад зарурий эди. Бундай ҳолатни Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг «Шарҳи Маъониюл Осор» китобларида ҳам кўришимиз мумкин. У зот Ҳанафий имомларининг фикрларини уларнинг исмларини зикр қилиб келтирадилар. Бошқа имомларнинг фикрларини эса, «Заҳаба қавмун» истилоҳи остида келтириб, уларнинг маслакларини баён қиладилар. Бу тарзда юл тутишларининг сабаби Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг сабаблари билан бир хилдир. Валлоҳу Аълам!
(«Туҳфатул Алмаъий Шарҳи Сунани Термизий» 1-жилд, 183-184 бетлар)
ТИИ 4-курс талабаси Нодирбек Одинаев