Роббимиз Аллоҳга ҳамдлар, Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловату саломлар бўлсин!
Рамазон раҳмат ва барака ойидир. Рамазон Ҳақ Таоло томонидан бандаларга берилган улуғ неъматдир. Бу ойдагаи энг фазилатли амаллар билан танишиб чиқишга ҳаракат қиламиз:
- Намоз. Мўмин киши Рамазон ойида барча намозларни жамоат билан тўкис адо этиб, таровеҳ ва нафл намозларига бел боғлаши лозим. Рамазон ойида таровеҳ намозларини ихлос билан адо қилган кишининг гуноҳлари кечирилади. Бу ҳақида Саййидимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : ” مَنْ قَامَ رَمَضَانَ – إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا – غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ “.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
- Рўза. Рамазон ойида рўза ибодатини мукаммал адо қилишга ҳаракат қилиш лозим. Рўза тутишда руҳга, ва жисмга жуда кўп фойдалар бор. Қолаверса, ихлос билан рўза тутган кимсанинг барча гуноҳлари кечирилиши ваъда қилинган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ “.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
- Закот. Закот исломнинг улуғ ибодатларидандир. Уламолар закотни Рамазон ойида адо этишга тарғиб қилганлар. Чунки бу ой ажрлар кўпайтириб бериладиган ойдир.
- Қуръон тиловати. Рамазон ойида Қуръон тиловати билан машғул бўлиш кўпроқ савоб еғиш учун қулай имкониятдир. Аллоҳнинг Каломининг ҳар бир ҳарфига ўн савоб берилади:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنَ مَسْعُودٍ يَقُولُ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ :« مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللَّهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ، وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا، لَا أَقُولُ : الم حَرْفٌ، وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ، وَلَامٌ حَرْفٌ، وَمِيمٌ حَرْفٌ»
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бунинг учун бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн баробарга кўпайтирилур. «Алиф. Лаам. Мийм – бир ҳарф» демайман. Балки «Алиф» бир ҳарф, «Лаам» бир ҳарф, «Мийм» бир ҳарф», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Рамазон ойида ҳар бир яхшилик савоби бир неча баробар кўпайтириб берилади. Демак, Рамазонда бир марта хатми Қуръон қилиш билан бир неча хатми Қуръон савобига эришиш мумкин экан.
- Зикр. Зикр бандани Роббисига яқинлаштирадиган энг улуғ ибодатлардандир. Хусусан, Рамазон ойида. Чунки барча ибодатлардан кўзланган асосий мақсад ҳам Аллоҳнинг зикрини қоим қилишдир. Аллоҳ Таола шундай марҳамат қилади:
إِنَّنِي أَنَا اللَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا أَنَا فَاعْبُدْنِي وَأَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي
«Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт» (Тоҳа сураси 14-оят).
Уламолар инсон машғул бўладиган нарсаларнинг энг афзали зикр эканлигини таъкидлашган. Зикрнинг фазли ҳақида жуда кўплаб оятлар келган. Жумладан:
فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ
«Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз» (Бақара сураси 152-оят).
Зикрларнинг энг афзали Саййидимиз ва Шафоатчимиз бизга таълим бериб кетган зикрлардир.
- Дуо. Дуо ҳам ибодатдир. Аллоҳ Таоло агар бир банда дуо қилса дуосини ижобат қилиш ваъдасини берган:
أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ.
«Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан..» (Бақара сураси 186-оят).
Рамазон ойида дуони кўпайтириш айни муддао. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар:
إنَّ للصَّائمِ عندَ فِطرِه دعوَةٌ ما تُردُّ
«Албатта, рўзадор учун ифтор вақтида рад қилинмайдиган дуо бордир» (Имом Аҳмад ривояти).
- Хайр-эҳсон. Бева-бечора, ночорларга эҳсон қилиш Аллоҳ Таолонинг ҳузурида ибодатлар ва солиҳ амаллар қабул бўлишига васила бўлади. Хайр-эҳсон қиёмат куни ўз соҳибига соябон бўлиши жуда кўп ҳадислардан маълум ва машҳур. Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиш нур устига нурдир. Саййидимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада ҳам бизга гўзал намуна бўлганлар:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ : كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدَ النَّاسِ، وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ، وَكَانَ يَلْقَاهُ فِي كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ، فَيُدَارِسُهُ الْقُرْآنَ، فَلَرَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدُ بِالْخَيْرِ مِنَ الرِّيحِ الْمُرْسَلَةِ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида У Зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишар эди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).
- Силаи раҳм. Мусулмон инсон доимо қавм-қариндошларига яхшилик василаи раҳмда бўлиши вожибдир. Силаи раҳм мусибатлар узоқлашиб, ризқ баракали бўлишига сабаб бўлади:
عن أَنَسُ بْنُ مَالِكٍ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : ” مَنْ أَحَبَّ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ، وَيُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ “.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни ризқида кенглик қилиб берилиши ёки ажали кечга сурилиши хурсанд қилса, силаи раҳм қилсин», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
- Лайлатул қадр. Лайлатул қадр кечасининг нечоғлик буюклигига Аллоҳ Таоло Ўз Каломида у кеча ҳақида бутун бошли бир сура нозил қилганлигининг ўзи кифоя қилади. Аллоҳ Таоло бу кечани муборак кеча деб атади. Қадр кечасида қилинган яхшиликлар савоби минг баробар кўпайтириб берилади. Чунки бу кеча минг ойдан афзал кечадир:
لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ
«Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир». (Қадр сураси 3-оят).
Бу кечада қоим бўлган кимса гуноҳлардан покланади:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : ” مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا ، غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ “.
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қадр кечасини иймон билан, савоб умидида ибодат билан ўтказса, унинг ўтган
гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Қадр кечаси Рамазон кечаларининг охирги ўн кунлигида яширингандир. Ким у кечани топса кўп яхшиликларга эришади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юқоридаги буюк фазилатларни қўлга киритиш учун олдимизда кенг имконият бор. Бундай ғанимат фурсатни бефойда нарсаларга сарфламасдан, ўзимиз ва оила аъзоларимизни ушбу фазилатлардан баҳраманд қилишга ҳаракат қилсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Аллоҳ Таола барчамизга муборак ойдан гуноҳларимиз кечирилган ҳолда чиқишимизни насиб айласин!
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Асадуллоҳ Муҳаммад тайёрлади