Аллоҳ таоло инсонга беҳисоб неъматлар берган, у ўзига берилган неъматларни дунё ва охират ҳаёти учун фойдали бўлган йўлда ишлатмоғи лозим.
У зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратингни истагин ва ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама. Чунки, Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасос, 77).
Аллоҳ таоло бизларни риёкорлик, хўжакўрсинлик, манмансирашлик каби ножоиз ишлардан тийилиб, Ўзининг розилигини истаган ҳолда ҳаёт кечирмоғимзга буюради, ҳамда барча ишларимизни меёрида қилмоғимизни ва ҳаддан ошмаслигимизни талаб қилади.
Қуръони каримда шундай дейилган:
“Шунингдек, енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилманглар! Зеро, У исроф қилгувчиларни севмайди” (Аъроф, 31).
Бизнинг ўлкамизда исрофнинг турли хиллари мавжуд. Жумладан, “бу давлатники” деган нотўғри тушунча билан уйимизда, электр токи ва сув каби умумий истеъмол воситаларини керагидан ортиқча сарфлаймиз. Масалан, бир дона гугурт чўпини ишлатмаслик учун кун бўйи газ плитасидаги газни ўчирмаймиз ва ёки ичимлик сувидан оқилона фойдаланмаймиз ва ҳоказо. Ахир бу билан биз қайсидир биродарларимизнинг ҳаққини суистеъмол қиляпмизми, ёки бу давлат, бу ватан ўзимизники эканлигини ҳали ҳам тушуниб етмадикми?
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас” (Мишкотул масобиҳ).
Исрофгарчилигимизнинг яна бир тури – бу тўйларимиздаги исрофгарчилик. Шариатимиз мўминларни барча нарсада, хусусан, тўйга ўхшаш шодиёналарда, ҳам совуқ маросимларда ҳам мўътадил-ўртамиёна бўлишга буюради.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло айтади:
“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон, 77).
Исрофгарчилигимизнинг яна бир тури, бу – таъзия ва унда ўтказиладиган маросимлардир. Барчамизга маълумки, таъзия уч кундир. Ундан кейин ўтказиладиган етти, йигирма, қирқ ва йил оши каби амаллар шариатимизда буюрилмаган. Аммо маййитнинг соҳиблари ихтиёрий равишда хайру-эҳсон, худойи қилишлар бор. Лекин ўзи ночор ёки камдаромад бўлиб, бола-чақасидан орттира олмайдиган кишига “худойи ёки эҳсон қиласан” дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бинобарин, ўзлари ҳам бу ишни вазифам экан деб, бола-чақанинг ризқини қийиб худойи қилишда ёки қимматбаҳо қабртошлар қўйиш ва ёки айрим жойларда ўтказиладиган давра деб аталмиш ўликнинг гуноҳини сотиш каби бидъат амалларни қилишда маййитга ҳеч қандай савоб ва манфаати йўқлигини билишлари лозим, балки бу – гуноҳ устига гуноҳдир.
Яқинда Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарори (КҚ-592–III/2736–III-сон, 14.09.2019 й.)га мувофиқ оилавий тадбирларни ўтказиш тартиби белгиланди. Унда исрофгарчиликни олдини олиш учун қатор масалалар белгиланди:
– оилавий тадбирлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди;
– оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши, қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин;
– ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади;
– дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан 3 кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин. Оилавий тадбирларни ўтказишда қуйидаги талабларга риоя этиш шарт;
– тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши;
– никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган автомашинадан фойдаланмаслик;
– оилавий тадбирларда (дафн этиш маросимидан ташқари) пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик (тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно);
– шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик;
– маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш.
– миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
– дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни (“етти”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “ҳайит”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
Сўзимиз охирида барчасига хулоса қилиб айтамизки: “Азиз қардош биродарлар! Ортиқча бойлигингиз-маблағингиз бўлса, тиригу ўликка манфаати ва савоби тегсин десангиз, шу маблағлар билан аввало фарзандларингизни, сўнг қавму қариндошлар ва маҳалла-кўйингиздаги ночор оила болаларини ўқитишга ёрдам беринг, билимли ва маърифатли бўлишларига сабабчи бўлинг ва ёки қишлоқ ҳудудларида бўлсангиз кўприк, йўллар каби халқнинг эхтиёжи тушадиган нарсаларга моддий ёрдам беринг. Ана ўшанда сиз истаган савоб ва садақаи жориялар бўлиб, икки дунё саодатига эришажаксиз инша Аллоҳ.
Ибрагимов Муҳаммад,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Наманган шаҳар Исмоил Махдум жомеъ масжиди имом- хатиби