islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бугунги кунда Покистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари

Покистон Ислом Республикасининг халқаро муносабатлар тизимидаги муҳим мавқеи унинг, геостратегик жойлашувидаги афзалликларига кўра белгиланади. Покистон Осиёнинг савдо йўллари чорраҳасида жойлашган бўлиб у, минтақавий интеграциянинг ҳам табиий маркази сифатида қабул қилинади[1].

Сўнгги йилларда минтақанинг ҳарбий-сиёсий контекстда содир бўлган  ўзгаришлар, яъний халқаро коалициянинг асосий қисмини 2014 йил декабр ойидан бошлаб Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши ҳамда 2016 йил 29 августда АҚШ ва Ҳиндистоннинг логистика алмашинув тўғрисидаги меморандуми Покистон ҳукумати олдига, давлат ташқи сиёсатининг асослари ва истиқболларини қайта кўриб чиқиш вазифасини қўйди.

Шунга кўра, 2016 йилдан бошлаб Исломободнинг ташқи сиёсий фаолиятида айрим ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Бу ўзгаришларни шартли равишда тўрт йўналишда кўриб чиқиш мумкин.

Биринчидан, аввалги йиллардаги Покистон-АҚШ стратегик шерикчилигидан фарқли ўлароқ, 2016 йилда Покистон Хитой билан муносабатларнинг стратегик даражасини ўз ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгилади. 2015 йилда Исломобод ва Пекин Хитой-Покистон иқтисодий коридорининг ягона лойиҳаси доирасида умумий қиймати 46 миллиард долларга тенг бўлган бир қатор келишувларни имзолаган эди[2]. Ушбу лойиҳанинг амалга ошиши, келгусида Покистоннинг иқтисодий ривожланишига ёрдам беради, шунингдек, минтақавий савдо-сотиқ ва умумий интеграция жараёнларида муҳим аҳамиятга эга бўлган, транспорт коммуникацияларининг ривожланишига туртки беради. Хитой Покистоннинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда, икки томонлама савдо ҳажми 2018 йилда 19 миллиард долларга тенг бўлган.

Исломобод ташқи сиёсатидаги иккинчи устувор йўналиш Марказий Осиё республикалари билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Бу Покистон учун нисбатан янги ва сўнгги йилларда фаол ривожланаётган йўналиш ҳисобланади. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари билан ўзаро ташрифларнинг юқори даражаси ва уларнинг доимий амалга оширилаётганлиги ушбу давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга нисбатан қатта қизиқиш борлигини кўрсатади. 2016 йил баҳорида Исломобод CASA 1000 ва ТАПИ энергия лойиҳаларининг долзарблигини эътироф этган ҳолда Покистон мазкур лойиҳаларда фаол иштирок этишини билдирди[3]. Бироқ, белгиланган устуворликка қарамай, ушбу лойиҳалар бўйича амалий ишлар ҳали бошланмаган. Шунга қарамасдан Покситон учун Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кучайтириш унинг ташқи сиёсати истиқболидаги устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланмоқда.

Покистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) тўлиқ аъзо бўлиши унинг, ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларнинг учинчисидир. Бу, шубҳасиз минтақавий ва халқаро даражадаги интеграция жараёнларида муваффақиятга эришиш ва халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий обрўсини янада ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитида Покистон Бош вазирининг ташқи ишлар бўйича маслаҳатчиси Сартар Азиз ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу Покистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тўлақонли аъзо бўлишидаги сўнгги расмий босқич бўлган эди.

Покистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши унинг Ҳиндистон билан тенг мавқега эга эканлигининг яна бир тасдиғидир. Шу муносабат билан Покистон ва Ҳиндистоннинг бюджет сармоялари тенг бўлган ва ШҲТ органларида тенг лавозимга эга бўлган ташкилотга қабул қилиниши Исломободнинг “мақоми” манфаатларига тўлиқ жавоб беради деб айтиш мумкин[4]. Ташкилотга аъзо давлатлар, Покистон ШҲТ да иштирок этиши, минтақавий тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, террорчилик  таҳдидларига қарши биргаликда курашишда катта аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. ШҲТ Покистон учун унга аъзо давлатларининг ҳар бири билан сиёсий ва иқтисодий мулоқот ўрнатиш имкониятини кенгайтирадиган ва кафолатлайдиган самарали халқаро тузилмадир. Кузатувчиларнинг таъкидлашларича, бу Покистон ташқи сиёсатининг сўнгги йилларда эришган ютуқларига, жумладан унинг мустақил ташқи сиёсат олиб боришига барҳам беради. Хозирча бу ўзини амалиётда намоён қилмади. ШҲТга қўшилиш Покистоннинг мустақил қарори бўлиб, у  минтақада кечаётган ва ҳали тугалланмаган интеграция жараёнларининг марказида бўлишга интилмоқда. Мазкур иттифоқда иштирок этиш билан бирга  Покистон, ўзининг азалий ҳамкорларидан ҳам воз кечгани йўқ.

Унинг ташқи сиёсатидаги муҳим йўналишлардан бир Форс кўрфазидаги араб давлатлари бўлиб қолмоқда. Буни биз тўртинчи муҳим йўналиш сифатида белгилашимиз мумкин, бироқ мазкур йўналиш Покистон ташқи сиёсатида ҳар доим муҳим йўналиш бўлиб келганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Исломобод сўнги йилларда Форс кўрфазидаги араб давлатлари билан муносабатларда англашилмовчиликлар борлигини инкор қилмайди. Бу Саудия қироллик оиласининг 2015 йил апрел ойида Ямандаги зиддиятларда, ўз қўшини билан иштирок этиишни сўраб қилган мурожатига рад жавобини олиши билан боғлиқ[5]. Араб давлатлари сўнги йилларда Покистонга берилаётган кўмакни қисман қисқартирган бўлишига қарамасдан, Покистон ҳамон уларнинг мадний гуманитар мақсадлардаги ёрдамидан энг кўп фойдаланаётган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда Форс кўрфазидаги етакчи араб давлатларида доимий ишлайдиган 4 миллиондан кўпироқ покистонликлар бор. Улардан келаётган валюта мамлакат иқтисодиётида маълум қийматга эга. Шу боис ҳар икки томон ҳам ўзаро муносабатларни барқарор бўлишидан манфаатдордир.

Покистон ташқи сиёсати учун моҳиятан янгиланаётган мазкур тўрт йўналишдан ташқари, ананавий йўналишларининг аҳамияти ҳам сусайиб қолгани йўқ. Хусусан, Афғонистон, Ҳиндистон ва ғарб давлатлари билан ҳамкорлик алоқларини ривожлантририш ва улар билан очиқ ҳамда конструктив ташқи сиёсат юритиш муҳим аҳамият касб этиб қолмоқда.

 

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат

бўлими бошлиғи А.Олимов

[1]  Замараева Н.А. Внешняя политика Пакистана: итоги и новые ориентиры (2013-2018 гг.) http://www.iimes.ru/?p=29718

[2] https://thediplomat.com/tag/pakistan-china-relations/

[3] https://cyberleninka.ru/article/n/tsentralnoaziatskiy-vektor-vneshneekonomicheskoy-politiki-pakistana-osnovnye-problemy-i-perspektivy

[4] Rehman H. Pakistan and Central Asian States: From Challenges to Opportunities // Daily Pakistan Global. 2018. 14th January. URL: https://en.dailypakistan.com.pk/opinion/pakistan-and-central-asian-states-from-challenges-to-opportunities/ (accessed: 12.01.2018)

[5] Shay Sh. Saudi Arabia and Pakistan – strategic alliance // Herzliya Conference Papers. April 2018. P.3.

238070cookie-checkБугунги кунда Покистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: