islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Толиби илмларга насиҳат

Илм -дунёда иззат, охиратда шарафдир. Илм дунёдаги энг қимматбаҳо неъматдир. Бу ҳақида ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:“Илмни ҳамма даъво қилаверганининг ўзи- дунёдаги энг шарафли нарса эканига тўлиқ кифоя қилади”, деганлар. Дарҳақиқат, уч-тўрт киши тўпланган жойда фақат илмли гапиравермайди. Балки уларнинг ҳар-бири ўзларича маълумот айтади ва “Мен ҳам биламан”, деган даъвони қилади, бирортаси “илмсизман”, демайди.  Инсон мол-давлати йўқ бўлса тан олади. Лекин билимсизлигини тан олмайди. Демак илм ҳамма истайдиган, бирор киши воз кечишни истамайдиган мартаба экан. Ҳар бир ақли расо киши унга эга бўлишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Аммо ҳамма ҳам олим бўлавермайди. Сабаби илмга эга бўлишнинг жуда кўп шартлари мавжуд бўлиб, уларга тўлиқ амал қилмай туриб олимлик мақомига эришиб бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Илм шаҳрининг дарвозаси”, деб таърифлаган буюк саҳобий, хулофои рошидинларнинг тўртинчиси Али ибн АбуТолиб розияллоҳу анҳунинг толиби илмларга васияти:

“Эй илм толиби! Илм жуда кўп фазилатлар жамланмасидир. (Худди инсонга ўхшайди.) Унинг (илмнинг) боши тавозеъ-камтаринликдир. Кўзлари ҳасаддан холийликдир. Қулоқлари фаҳмдир. Тили ростгўйликдир. Ҳифзи, хотираси тадқиқ қилиш, ўрганишдир. Қалби эса соф ниятлилик. Ақли вожиб (фарз, бажариш лозим бўлган) амалларни аниқ билишдир. Қўллари раҳмат, саҳоватдир. Оёқлари олимларни зиёрат қилишдир. Ғайрати саломатликдир. Ҳикмати, донишмандлиги парҳезкорликдир. Манзилгоҳи (турар жойи) нажотдир. Раҳбари офият (эсон-омонликдир). Улови вафодир. Қуроли ширин сўздир. Қиличи (тақдирдан) розиликдир. Камони (устозга) хушомадгўйликдир[1]. Аскарлари олимлар билан қўшни (яъни доим бирга юриш ёки мунтазам олимлар мажлисида ҳозир) бўлишдир[2]. Мол-дунёси одобдир. Захираси (хазинаси) гуноҳлардан сақланишдир. Озуқаси яхшиликдир. Сувлари омонатдир. Йўлбошловчиси ҳидоятдир. Йўлдоши яхшилар суҳбатидир.”[3]

Ҳадемай ёзги таътилларни яна илм даргоҳларига қадам қўямиз. Бу ўгитларни аввало ўзимизга ва барча илм талабида юрган катта-кичикларга раво кўрганимиз учун илиндик.

 

Ё.Бухарбаев  

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,

Тошкент вилояти “Чаноқ” жомеъ масжиди

 имом хатиби  

[1] Аслида ҳушомад қилиш салбий ҳислатлардан деб ҳисоблансада, ўз ўрнида, маълум шахсларга нисбатан ижобий ҳисобланади. Мисол ота-онага ҳар қанча ҳушомад қилинса ярашаверади. Шунингдек маънавий ота ёки она ҳисобланмиш устозларга ҳам ҳушомад қилиш айб эмас.

[2] Чунки қанчадан қанча инсонлар бор олимларга қўшни. Лекин илм олишга бўлган рағбатсизлиги учун илмдан асар ҳам йўқ. Фақатгина “Фалончи олимнинг қўшнисиман”, деб мақтанишдан бошқасини билмайди.

[3] Жомъул аҳадийс ли Жалолиддин Ас-Суютий. 32-Жуз. С-170. ; Ал-жомеъ ли-ахлоқир-ровий ва адабис-сомеъ1/96; Ал-фақиҳ вал-мутафаққиҳ.2/97.

238110cookie-checkТолиби илмларга насиҳат

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: