Вақтнинг аҳамияти жуда катта бўлиб, ҳаттоки ҳаёт деб аталган экан, мусулмон киши вақт борасида ўзига вожиб бўлган ишларга амал қилиши керак. Мана шу вожиботларга ҳарис бўлиши, уларни бажаришни ўзига мақсад қилиб олиши ва уларни маърифат ва идрок доирасидан имон ва ирода доирасига алмаштириши, яъни амал қилиши лозим.
Вақтдан унумли фойдаланишга ҳарис бўлиш
Мусулмон кишига вақт борасида вожиб бўлган амалларнинг энг аввали: молини сақлаганидек, балки ундан-да ортиқ вақтининг ҳам риоясини қилиши, вақтнинг ҳар бир дақиқасидан дин ва дунёсига наф берадиган, миллатига яхшилик, бахт, руҳий ва моддий тараққиёт келтирадиган амалларга ҳарис бўлиши лозим.
Салафлар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) вақтларини бошқалардан кўпроқ ғанимат билишган. Улар вақт қийматини бошқалардан кўра яхшироқ англаганлар.
Ҳасан Басрий айтди: “Мен бир неча миллатларни кўрдим, улар вақтларини дирҳам ва динорлардан-да кўпроқ ғанимат биладилар”. Ҳозиргача улар вақтни ғанимат билишгани учун доимий унга амал қилишади ва бекор ишларга вақтини зое қилишмайди. Умар ибн Абдулазиз айтади: “Кеча ва кундуз сени устингда иш қиляпти, сен ҳам улардан фойдаланиб қол!”
Айтадиларки: “Вақтни зое қилиш камбағалликнинг аломатидандир”. Ва яна айтишганки: “Вақт ўткир қиличдир. Агар сен уни кесмасанг, у сени кесади”. Уламолар доимо бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга аввалгисидан-да яхшироқ тараққий этишга ҳаракат қиладилар, уларнинг бугунги кунлари кечагисидан, эрталари бугунидан яхши бўлади. Бу ҳақда уламолардан бири: “Кимнинг бугунги куни ўтган куни билан бир хил бўлса маҳрум бўлибди ва кимнинг бугунги куни ўтган кунидан ёмон бўлса лаънатланибди”, деб айтган. Улар фойдали илм ёки солиҳ амал ёки нафс билан курашиш ёхуд бошқаларга яхшилик улашиш кабиларни бажармасдан кунини, ҳатто бирор сонияни зое қилмасликка жуда ҳарис бўлганлар. Шунинг учун уларнинг умрлари беҳуда кетмаган.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтди: “Мен умрим озайиб, лекин амалимга зиёда бўлмаган кунга надомат қилганимдек ҳеч нарсага надомат қилмадим”.
Бошқа бир киши айтади: “Агар бир кун ўтса-ю мен унда мени Аллоҳга яқинлаштирадиган бирор илм олмасам, ана шу куннинг қуёшини чиқишини менга баракаси бўлмабди”.
Бу гапни баъзилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат беришади. Бунга Ибн Қайюм “Саодат калити” китобида раддия билдириб: “Бу гап баъзи саҳоба ёки тобеинга тегишли бўлиши мумкин”, деган.
Бу тўғрида шоир айтади:
“Менга бир кун ўтса-ю мен унда яхшиликка етолмай ва илм фойда ололмай қолсам ана шу кун мени умримдан эмасдир”.
Ҳаким айтди: “Ким умридан бир куни ҳақини ўтамасдан ёки фарзни адо қилмасдан, ёки олийжаноблик қилмасдан, ёки ҳамд айтмасдан ёки яхшилик қилмасдан ўтказса, ана шу кунга хиёнат ва нафсига эса зулм қилибди”.
Вақтни зое қилиш
Салаф уламоларимизнинг вақтга ҳарис бўлиб, қадрлашганда ҳозирги мусулмонлар вақтларини зое қилишларини кўриб қалблар надоматдан парчаланяпти.
Аниқки, вақтни тентакларча исроф қилиш молни тентакларча исроф қилишдан ёмонроқдир. Ва вақтларини исроф қилаётганлар молларини исроф қилаётганлардан кўра жазога ҳақлироқ ҳисобланади. Чунки агар мол зое бўлса, уни эваз қилиб бўлади, лекин агар вақт зое бўладиган бўлса, аммо вақтни эваз қилиб бўлмайди.
“Вақт қотиллари” деган ибора кўп айтилади. Ана шу вақт исрофгарларини эртаю кеч Аллоҳ зикридан, намоздан ва дин ва дунёдаги керакли ишларга эътибор бермасдан ўтирганларини кўрамиз. Агар уларга қилаётган бу ишлари ва вақт исрофи ҳақида сўрасангиз: “Биз вақтни ўлдиряпмиз”, деб жавоб беришади. Бу бечоралар: “Ким вақтини ўлдирадиган бўлса, аслида ўзини ўлдирган ҳисобланишини” билишмайди-ку! Бу шундай жиноятки, кишини кўз ўнгида аста-секин “қатл” қилади ва бунга ҳеч ким жавобгар бўлмайди (ўзидан бошқа). Қандай ҳам жавобгар бўлсин, ахир буни ўзидан бошқа одам сезмайди, унинг хатари нечоғли эканини англамайди-ку!
Бўш вақтни ғанимат билиш
Инсонлар ғофил қоладиган, қадрини билмайдиган ва шукрини адо қила олмайдиган неъматлар бу бўш вақтдир.
Бухорий Ибн Аббосдан, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Аллоҳнинг неъматларидан икки неъмат борки, инсонларнинг кўпчилиги ундан бебаҳрадирлар: соғлик ва бўш вақтдир”.
Бўш бўлиш кишини ухровий ишлардан тўсиб турувчи монелардан, дунёвий тўсиқлардан ва машғулотлардан холи бўлиш назарда тутиляпти.
Модомики, ҳаёт гирдобига шўнғиб, Аллоҳ таолонинг ҳақларини бажаришдан маҳрум қилмаётган бўлса, касбга ва дунё талаб қилишлар бунга номувофиқ бўлмайди.
Ҳадисдаги “مغبون”(бебаҳра бўлиш) сўзи аслида олди-сотди, тижорат ишларида қўлланади. Бу ерда аллома Мунавий айтганидек, мукаллаф тижоратчига соғлик ва бўшлик тижорат фойдасининг омилларидан бўлгани учун молнинг бошига ўхшатилди. Ким Аллоҳ таоло билан муомалада Унинг буйруқларига итоат қилса, фойда кўради, ким шайтон билан муомала қилиб унга эргашса, молининг бошини зое қилган бўлади.
Бошқа ҳадисда айтилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билгин:
- қариликдан олдин ёшлигингни;
- бемор бўлишдан олдин соғлигингни;
- камбағал бўлишдан олдин бойлигингни;
- машғул бўлиб қолишдан олдин бўшлигингни;
- ўлимдан олдин ҳаётингни (Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий ривояти).
Бўш вақт доимо бўш бўлиб қолмайди, у ё яхшилик, ё ёмонлик билан тўлади. Ким нафсини ҳақ нарса билан машғул қилмаса, нафси уни ботил нарса билан машғул қилиб қўяди. Ким бўш вақтни яхшилик ва солиҳ амаллар билан тўлдирган бўлса, тубо бўлсин ва ким уни ёмонлик ва фасод билан тўлдирадиган бўлса, вайл бўлсин.
Баъзи солиҳ кишилар айтадилар: “Бўш вақт жуда катта неъмат ҳисобланади. Ким мана шу неъматга нафсига ҳаво эшикларини очиш ва шаҳватлар арқонига осилиш билан куфр келтирса, Аллоҳ таоло ундан қалбнинг мусаффолигида топиладиган лаззатни тортиб олади”.
“Ҳикам” китоби муаллифи: “Энг катта мағлубият бу машғулотлардан бўш бўлиб, Аллоҳ таолога юзланмаслигинг ва қийинчиликларинг озайиб, Аллоҳ таоло томонга қадам босмаслигингдир”, деган.
Салафи солиҳинлар бўш вақти бўла туриб, на дунё иши билан, на охират иши билан шуғулланмаётган кишиларни қилаётган ишларини мазаммат қилиб, уларга насиҳат қилганлар. Бу пайтда бўш вақт неъмати хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, эгасига уқубатга айланади. Шунинг учун: “Бўшлик эркак киши учун ғафлат, аёл киши учун эса шаҳватдир (яъни майлни уйғотувчи ва шаҳват тўғрисида фикр юритувчи)”, дейилган. Вазирнинг аёли ўзи яшаётган фароғат(бўш вақт)нинг натижасида Юсуф алайҳиссаломга ошиғ бўлиб, турли фитна найрангларни қўллаб кўради. Бу эса бекорчиликнинг оқибатидир.
Мабодо бўш вақт билан инсонни хоҳлаган нарсасига етишиш имконини берувчи, қизиқувчанлик ва ҳаракатчанлик – йигитлик даври жамланиб қолса, бўшликнинг хатари янада ёмонлашади… Бу тўғрида Абулатоҳия қасидаларида бундай дейди:
Йигитлик, бўшлик ва жидду жаҳд
Инсонга энг катта фитнадир.
Яна бундай дейилади:
Бўшлик унга машғулликни кўпайтирди
балоларнинг сабаби бўшликдандир.
Яхшиликка шошилиш
Вақтнинг қадр-қимматини ва аҳамиятини яхши англаган мўмин киши имкон қадар яхшиликка интилмоғи лозимдир. Киши яхшиликнинг баъзисини қўйиб, бошқасини қилиши ёки эртага қолдириши, ғайрати жўшиб турганда яхши амал қилиб, дангасалиги тутиб турган вақтда яхшиликка интилмай қўйиши нотўғридир. Ҳакимлардан бири бундай дейди:
“Бугуннинг ишини дангасалик қилиб эртага қолдирмайман.
Зеро, эртанги кун ожизларнинг кунидир”.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон киши эртаю кеч айтиб юриши учун умматларига ўргатган дуо ва зикрлардан бири:
اللَّهُمَّ إِنِّى أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْهَمِّ والْحُزْنِ وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ الْعَجْزِ وَالْكَسَلِ
Маъноси: “Аллоҳим, мен Сендан ғам-ташвиш ва хафаликдан, ожизлик ва дангасаликдан паноҳ сўрайман”.
Қуръони карим яхши амалларга бошқа амаллар билан машғул бўлиб қолишдан олдин мусобақалашиш ва шошилишга буюради.
Аллоҳ таоло бундай дейди:
وَلِكل وجهةٌ هُوَ مُولِّيهَا فاسْتَبَقُوا الْخَيراتِ أَينما تكونوا يَأْتِ بِكُمُ اللهُ جَمِيعًا
Яъни: “Ҳар кимнинг юзланадиган томони бор. У ўшанга боқади. Яхшиликларга шошилинг, қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни жамлайди…” (Бақара сураси, 148-оят).
Аҳли китобларни таъқиб қилиб, уларга етадиган азоб ҳақида сўз юритиб, Аллоҳ таоло бундай дейди:
وَلَوْ شَاء اللّهُ لَجَعَلَكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَلَـكِن لِّيَبْلُوَكُمْ فِي مَا آتَاكُم فَاسْتَبِقُوا الخَيْرَاتِ إِلَى الله مَرْجِعُكُمْ جَمِيعاً
Яъни: “…Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди. Аммо У сизларни Ўзи ато этган нарсада синамоқ истайди. Яхшииликка шошилингиз. Ҳаммангизнинг қайтар жойингиз Аллоҳ ҳузурида…” (Моида сураси, 48-оят).
Аллоҳ азза ва жалла жаннат ва унинг ичидаги ноз-неъматларига тарғиб қилиб, бундай марҳамат қилади:
وَسَارِعُواْ إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ
Яъни: “Раббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг” (Оли Имрон сураси, 133-оят).
Яна бошқа ояти каримада бундай дейилган:
سَابِقُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا كَعَرْضِ السَّمَاء وَالْأَرْضِ
Яъни: “Раббингизнинг мағфиратига ва кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг” (Ҳадид сураси, 21-оят).
Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзининг мағфирати ва жаннатига шошилиш ҳамда мусобақалашишга, яъни жаннат ва мағфиратга сабаб бўладиган амаллар: имон, тақво, солиҳ амалларда мусобақалашишга буюрмоқда. Бу борада ояти каримада яна бундай дейилган:
وَفِي ذَلِكَ فَلْيَتَنَافَسِ الْمُتَنَافِسُونَ
Яъни: “Ва шу нарса учун мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар” (Мутаффифун сураси, 26-оят).
Аллоҳ таоло танланган баъзи пайғамбарларини мақтаб бундай дейди:
إِنَّهُمْ كَانُوا يُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَيَدْعُونَنَا رَغَباً وَرَهَباً وَكَانُوا لَنَا خَاشِعِينَ
Яъни: “Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар” (Анбиё сураси, 90-оят).
Аллоҳ таоло аҳли китоблар ичидаги солиҳ кишилар ҳақида бундай дейди:
يُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَأُوْلَـئِكَ مِنَ الصَّالِحِينَ
Яъни: “Улар Аллоҳга, охират кунига имон келтирарлар, амри маъруф ва наҳий мункар қиларлар ва яхшиликларга шошиларлар. Ана ўшалар аҳли солиҳлардандир” (Оли Имрон сураси, 114-оят).
Мунофиқларни ёмонлаб бундай дейди:
وَإِذَا قَامُواْ إِلَى الصَّلاَةِ قَامُواْ كُسَالَى
Яъни: “Агар намозга турсалар, дангасалик билан турарлар…” (Моида сураси, 142-оят).
وَلاَ يَأْتُونَ الصَّلاَةَ إِلاَّ وَهُمْ كُسَالَى وَلاَ يُنفِقُونَ إِلاَّ وَهُمْ كَارِهُونَ
Яъни: “…намозга доимо дангаса ҳолларида келганлари ва доимо ёқтирмай инфоқ қилганларидир” (Тавба сураси, 54-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам синовлар банд қилиб қўйишидан олдин яхши амалга шошилишга буюриб бундай деганлар: “Сизлар чалғитадиган бойлик, унуттирадиган фақирлик, оғир хасталик, кексалик заифлиги, ўлим ёки дажжол ё ғойибдан келадиган ёмонлик ёки соат (қиёмат)ни кутманглар. Зотан, соат (қиёмат азоби) улканроқ ва аччиқроқдир” (Имом Термизий ривояти. У зот: “Бу ҳасан ҳадисдир”, деган).
Яна бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким (кечаси юришдан) қўрқса, туннинг аввалида юрсин. Ким туннинг аввалида юрса, (омонлик бор) манзилга етиб боради. Аё, Аллоҳнинг сотадигани қимматдир. Аё, Аллоҳнинг сотадигани жаннатдир” (Имом Термизий ривояти. Бу ҳадис ҳам ҳасан ҳадис даражасидадир). Яъни, бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам киши тоат-ибодатларда жидду жаҳд қилишга, сусткашликка йўл қўймасликка чақирмоқдалар. “Манзил”дан мурод вақтни ғанимат билиб, солиҳ амалларни кўплаб қилишга улгурган киши етишадиган жаннатдир. Ҳадиснинг давомида эса солиҳ амаллар эвазига эришиладиган мукофот қиммат, осонликча етишиб бўлмаслиги баён қилинмоқда.
Кунлар ўтишига эътибор бериш
Мўмин киши туну кунлар ўтишидан ўзига ибрат олиши даркор. Зотан, тун кетидан кун, кун кетидан тун келади, узоқдек туюлган нарсаларни яқин қилади, умримизнинг бир қисмини ва ёшлигимизни ўзи билан бирга олиб кетади, туну куни ўтиши билан ёши катталар бу дунёни тарк этадилар.
Шоирлардан бири бундай деган:
“Эрта ва кунлар ўтиши ёш кишини катта, каттани эса у дунёга олиб кетади”.
Мўмин киши кунлар, соатлар, балки, лаҳзалар кетаётганини яхши англамоғи, бунга беэътибор бўлмаслиги лозим. Борлиқда нималар рўй бермайди дейсиз!? Ҳаш-паш дегунча ерга экилган дон ниҳол чиқаради, ниҳол эса катта дарахтга айланади. Дарахт гуллаб, мева беришга улгуради. Ўсимликлар ҳам чиқиб, гуллаб, оз муддатдан кейин хашакка айланиб, уни шамол учириб кетади. Ёки кўз очиб юмгунча бола туғилиб, униб, улғайиб бўлади, йигит эса катта одам бўлиб улғаяди, киши қариб, мункайиб бўлади. Мункайган киши вафот топади. Даврлар ўтиши билан инсонлардаги ҳолатлар ўзгаради: енгиллик оғирликка, осонлик машаққатга, бойлик фақирликка, хурсандлик маҳзунликка, умид умидсизликка, кенгчилик йўқчиликка, соғлик касалликка алмашади. Соғлом ақл эгаси булардан ибрат олади. Қалб кўзи очиқ кишига булар эслатмадир. Бироқ булардан ўзига етарлича хулоса чиқармайдиган кишига кунлар ўтишининг қизиғи бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَاخْتِلاَفِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لآيَاتٍ لِّأُوْلِي الألْبَابِ
Яъни: “Осмонлару ернинг яратилишида, туну куннинг алмашинишида ақл эгалари учун оят (белги)лар бордир” (Оли Имрон сураси, 190-оят).
Яна бошқа ояти каримада Аллоҳ азза ва жалла бундай дейди:
يُقَلِّبُ اللَّهُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَعِبْرَةً لِّأُوْلِي الْأَبْصَارِ
Яъни: “Аллоҳ кеча ва кундузини айлантириб турур. Албатта, бунда кўзи борлар учун ибрат бордир” (Нур сураси, 44-оят).
Лутпиллаев Шамсиддин,
Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси