islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Қуръон тиловат қилиб, ўтганларга бағишлаш жоизми?

Савол: Баъзи кишилар юртимизда урф бўлган эҳсон қилиб, охирида тиловати Қуръон қилиш шариатда йўқ, марҳумларга уни савоби етмайди, бу бидъат, фақат дуо қилиш мумкин, дейишмоқда. Шариатимизда бу ҳақда нима дейилган?

💬 Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимо Қуръон тиловати каби баданий ибодатларнинг савоби дунёдан ўтганларга етади, деганлар. Моликий ва Шофеий мазҳабининг кейинги аср уламолари ҳам шу сўзни ихтиёр қилганлар.

Ҳанафий мазҳабининг забардаст уламоларидан Имом Абу Жаъфар Таҳовий шундай дейдилар:

وفي دعاء الاحياء وصدقاتهم منفعة للاموات

яъни: “Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”, – деб келтирадилар. (“Ал-Ақидатут Таҳовия” китоби)

Замондош олимлардан доктор Саид Абдуллатиф Фавда мазкур жумла шарҳида шундай ёзади:

قال ابن الحاج في «المدخل:» من أراد وصول قراءته بلا خلاف فليجعل ذلك دعاء بأن يقول:اللهم اجعل ثواب ما أقرأ إلى فلان

яъни: “Ибнул Ҳож “Мадхал” китобида: “Ким қироати ҳеч хилофсиз (маййитга) етишини хоҳласа, шу ишини “Эй, Аллоҳ! Қироатимнинг савобини фалончига етказгин”, деб дуога айлантирсин”, – дейди” (“Аш-Шарҳул кабир ала Ақида ат-Таҳовия”). Юртимизда урф бўлган маросимларда ҳам худди мана шундай йўл тутилади ва бу амал шаръан жоиз ҳисобланади. “Саҳиҳи Бухорий”га шарҳ ёзган ҳанафий аллома Бадриддин Айний шундай дейдилар:

وروى أبو داود من حديث معقل بن يسار قال قال رسول الله اقرأوا يس على موتاكم وأخرجه النسائي وابن ماجه أيضا فالحديث يدل على أن الميت ينتفع بقراءة القرآن عنده وهو حجة على من قال إن الميت لا ينتفع بقراءة القرآن

яъни: “Имом Абу Довуд Маъқал ибн Ясор разияллоҳу анҳудан ривоят қилади. У киши айтдилар: “Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ўликларингизга “Ясин” сурасини ўқинг”, — дедилар”. Бу ҳадисни Имом Насоий ва Имом Ибн Можа ҳам ривоят қилишган. Қолаверса ушбу ривоят маййит ёнида ўқилган Қуръондан манфаат олишига далолат қилади ва “маййит Қуръон қироатидан манфаат кўрмайди”, деганларга қарши ҳужжат бўлади” (“Умдатул-қори” китоби).

Тўғри, дастурхон бошида Қуръон тиловати қилиш шарт, қилмаса бўлмайди, гуноҳ бўлади, дейилса бу бидъатга айланади. Лекин биз ундай эътиқод қилмаймиз балки, бу ишни жоиз ва мандуб деб биламиз. Гоҳида дастурхон бошида қироатни тарк қилиб, фақат дуо билан ҳам кифояланиш мумкин, гуноҳ бўлмайди, деймиз.

Саҳобалар ичида қабри бошида Қуръон тиловат қилишни васият қилиб кетганлари бор эди. Чунки улар шу нарсада маййитга фойда борлигини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар. Абдурраҳмон ибн Ало ибн Лажлаждан, у киши отасидан ривоят қилади:

قَالَ لِي أَبِي: يَا بُنَيَّ، إِذَا أَنَا مُتُّ، فَأَلْحِدْنِي، فَإِذَا وَضَعْتَنِي فِي لَحْدِي، فَقُلْ: بِسْمِ اللهِ، وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللهِ، ثُمَّ سِنَّ عَلَيَّ الثَّرَى سِنًّا، ثُمَّ اقْرَأْ عِنْدَ رَأْسِي بِفَاتِحَةِ الْبَقَرَةِ وَخَاتِمَتِهَا، فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ ذَلِكَ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.

яъни: “Отам менга: “Эй ўғилчам! Агар вафот этсам, мени лаҳадга қўйгин. Лаҳадимга қўйиб бўлгач: «Бисмиллаҳи ва ъала миллати Расулиллаҳ», деб устимга тупроқ тортгин. Кейин бош томонимда Бақара сурасининг аввали ва охирини ўқигин, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деганларини эшитганман”, – деди” (Имом Табароний ривояти).

Шунингдек, Имом Ибн Можа Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўтганлар ҳаққига “Фотиҳа” сурасини ўқишни буюрганларини ҳам ривоят қилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, қори Қуръонни холис ўқиши ва унга бирор эҳсон берилганда, Қуръон ўқиганнинг ҳаққи деб эмас, балки ҳадя сифатида олиб, ҳадя берувчининг ҳаққига дуо қилиши мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати

247590cookie-checkҚуръон тиловат қилиб, ўтганларга бағишлаш жоизми?
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!