islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони каримни ёдлаш фазилати

Аллоҳ таоло:

إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرّاً وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَّن تَبُورَ {٢٩}

 لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُم مِّن فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ {٣٠}

«Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар.

Чунки У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир»  деган[1]. (Фотир, 29–30),

Бу икки оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг баъзи сифатлари ва уларга бериладиган мукофотлар ҳақида сўз юритмоқда.

 «Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар»

Аллоҳнинг китоби Қуръони каримни тиловат қилиш–унга кўз югиртириб чиқиш ёки ёдлаб олган жойини шуурсиз такрорлаш эмас. Қуръон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда тадаббур ила ўқиб, унга амал қилишдир. Аллоҳнинг китоби Қуръони каримни тиловат қилиш ҳар бир мўминнинг бурчидир. Ким ҳам Аллоҳнинг китоби тиловатини билмай туриб бандалик даъвосини қилади?

 Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Уламоларимиз оддий кишилар учун ҳар куни бир порадан ўқиб туришни тавсия қиладилар. Шунда бир ойда Қуръони карим бир марта ўқиб чиқилади. Ҳар бир мўмин Қуръонни бошидан охиригача ўқишни ўрганиб, ундан бир порани кундалик вазифа қилиб олиши керак. Шундоқ экан Қуръон тиловати ниҳоятда зарур. Шунинг учун ҳам оятда мўминлар сифатлари ичида биринчи ўринда Қуръон тиловати келмоқда.

Аллоҳ таоло яна:

ثُمَّ أَوْرَثْنَا الْكِتَابَ الَّذِينَ اصْطَفَيْنَا مِنْ عِبَادِنَا فَمِنْهُمْ ظَالِمٌ لِّنَفْسِهِ وَمِنْهُم مُّقْتَصِدٌ وَمِنْهُمْ سَابِقٌ بِالْخَيْرَاتِ بِإِذْنِ اللَّهِ ذَلِكَ هُوَ الْفَضْلُ الْكَبِيرُ {٣٢}

«Сўнгра бу китобни ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор, улардан ўртачалари бор ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор. Ана шу айни улуғ фазлдир» (Фотир. 32), деган[2].

Бу оят мусулмон умматининг мақоми нақадар улуғ эканини яққол кўрсатмоқда. Аллоҳ таоло ўзининг ҳақ китобига меросхўр қилиб барча умматлар ичидан айнан мусулмон умматини танлаб олганини айтмоқда.

«Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик».

Аллоҳ таоло ўзининг боқий мўъжизаси бўлмиш ҳақ китоби–Қуръони каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига мерос қилиб берди. Бу иноятда шон-шараф ҳам, жуда улкан масъулият ҳам бор.Ана шундай шон-шараф ва катта масъулият юклатилган уммат ичида турли кишилар мавжуд.

         «Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор»

 Улар ўша шон-шарафга номуносиб ва зиммасидаги масъулиятни англаб етмаган осийлардир. Бу тоифадаги одамларнинг ёмонликлари яхшиликларидан кўп бўлади. Улар ўзларига ишониб топширилган ҳақ китобга муносиб бўла олмай ўзларига ўзлари зулм қилганлардир.

         «улардан ўртачалари бор»

Уламоларимиз «ўртачалар» – фарз ва вожиб амалларни адо этадиган, ҳаромлардан узоқ бўлган, баъзи мустаҳабларни тарк этиб, баъзи макруҳларни қилган кишилардир, деганлар.[3]

         «ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор».

Улар барча фарз, вожиб ва суннат амалларни тўлиқ адо этадилар. Барча ҳаром, шубҳали ва макруҳ амаллардан узоқда бўладилар. Бунинг устига номига яхшилик бўлса, ҳаммадан ўзиб етиб борадилар.

         «Ана шу айни улуғ фазлдир».

عن عثمان رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم

: ” خيركم من تعلم القرآن وعلمه ”  رواه البخاري

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларинингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар»[4]. Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят         қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг иборалари оз бўлган билан маънолари, далолатлари кўпдир. Унда мусулмонларнинг яхшиси ҳақида хабар берилмоқда.

Ўзи мусулмонлар Аллоҳ таолонинг бандалари ичида энг яхшиларидир.

Бу ҳадиси шарифнинг маъносидан келиб чиқадиган бўлсак, Қуръони Каримни ўрганадиган мусулмонлар яхшиларнинг яхшиси ва устози бўлади.

Устоз эса ўз шогирдидан қанчалар устун туриши ҳаммага  маълум.

Ҳа, Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони Каримни ўргатиш ва ўрганиш ана шундоқ улуғ иш бўлиб ўз соҳибини ана шундоқ олий мақомга эриштиради.

Уламоларимиз, Қуръони Каримни ўқитган ва ўқиган зотларни Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари деб атаганлар. Шунинг учун мўъмин банда Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси бўламан деса Қуръони Каримни ўргансин ёки ўргатсин. Мусулмон халқлар тарихига назар солсак, ушбу ҳадиси шарифга оғишмай амал қилиб келинганига  гувоҳ бўламиз.

Мусулмонлар ҳар қандай қийин шароитда ҳам, ҳаётларини хавф хатарга қўйиб бўлса ҳам Қуръони Каримни ўрганганлар ва ўргатганлар.Иншоаллоҳ қиёматгача шундоқ бўлгай.

وعن عائشة رضي الله عنها قالت : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : ” الماهر بالقرآن مع السفرة الكرام البررة والذي يقرأ القرآن ويتتعتع فيه وهو عليه شاق له أجران”

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир», дедилар»[5]. Тўртовлари ривоят қилган.

 Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Қуръони Каримга моҳир бўлиш учун тарғиб қилинмоқда.  Қуръони Каримга моҳир бўлганлар учун олий мақом ваъда қилинмоқда. Қуръони Каримга моҳир бўлганлар Қуръони Каримга масъул қилинган Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррам ва ўта ҳурматли фаришталар билан бирга бўлишлари таъкидланмоқда.«Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам,ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади». Мазкур фаришталар ҳақидаги гап бизда улар кимлар ўзи деган савол туғдиради. Ўша фаришталарнинг васфи Қуръони Каримда келган.

عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: يُقَالُ لِصَاحِبِ الْقُرْآنِ اقْرَأْ وَارْتَقِ وَرَتِّلْ كَمَا كُنْتَ تُرَتِّلُ فِي الدُّنْيَا فَإِنَّ مَنْزِلَتَكَ عِنْدَ آخِرِ آيَةٍ تَقْرَأُهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади», дедилар»[6].

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда васф қилинаётган кўриниш қиёмат куни жаннатда бўлади. Бу дунёда Қуръон ўқиган одам жаннатга кирган. Энди унга жаннат мартабаларидан ўзига яраша мартаба бериш керак. Ана шунда:

«Қуръон соҳибига, қироат қилиб кўтарилавер», дейилади. Яъни, жаннат ишларини юритиб турган фаришталар Қуръон соҳибига жаннат мартабалари зинасини кўрсатиб, қироат қилиб кўтарилавер,

«Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир», дейдилар.

Қуръони Каримни тартил қилиш секин, шошилмай, дона-дона қилиб қироат қилишдир. Демак, Қуръон соҳиби бу дунёда Қуръони Каримни қандоқ ўқиган бўлса ўшандоқ ўқиб, мартаба зинасидан кўтариб бораверади. Агар у Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаган бўлса, мартаба зинасининг энг юқори чўққисига чиқади. Озроқ ўқиган бўлса, мартабаси ҳам озроқ бўлади. Хуллас, унинг манзили зина бўйлаб кўтарилаётиб охирги ўқиган ояти тугаган ерда бўлади.

Бас, шундоқ экан, жаннатдаги мартабамизни баланд бўлиши учун ҳаракат қилайлик.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: يَجِيءُ الْقُرْآنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَقُولُ يَا رَبِّ حَلِّهِ فَيُلْبَسُ تَاجَ الْكَرَامَةِ ثُمَّ يَقُولُ يَا رَبِّ زِدْهُ فَيُلْبَسُ حُلَّةَ الْكَرَامَةِ ثُمَّ يَقُولُ يَا رَبِّ ارْضَ عَنْهُ فَيَرْضَى عَنْهُ فَيُقَالُ لَهُ اقْرَأْ وَارْقَ وَتُزَادُ بِكُلِّ آيَةٍ حَسَنَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ صَحِيحٍ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қуръон қиёмат куни келиб:

«Эй Роббим, унга сарпо бер», дейди.

Бас, унга каромат тожи кийдирилади.

Сўнгра у яна:

«Эй Роббим, зиёда қил» дейди.

Шунда унга каромат сарпоси кийдирилади.

Сўнгра у яна:

«Эй Роббим, ундан рози бўл» дейди.

Бас, У зот ундан рози бўлади.

Сўнгра унга:

«Қироат қил ва кўтарилавер. Сенга ҳар бир оят учун бир ҳасана зиёда қилинади», дейилади».[7] (Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шарифда бошқа ҳадиси шарифларда айтилган Қуръони Каримнинг ўзини ўқиган қорига шафоат қилишининг тафсилотларидан бири баён қилинмоқда.

Ҳа, Қуръони Карим қиёмат куни ўз қорисига каромат тожи кийдирилишига, каромат сарпоси кийдирилишига, Аллоҳ таолонинг ундан рози бўлишига ва жаннат мартабаларида кўтарилишга ёрдам берар экан.

Шунинг учун ҳам Қуръони Каримни иложи борича кўпроқ ўқишга, кўпроқ ёд олишга, кўпроқ ўрганишга ва унга кўпроқ амал қилишга ҳаракат қилмоқ лозим.

وعن معاذ الجهني : أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال : ” من قرأ القرآن وعمل بما فيه ألبس والداه تاجا يوم القيامة ضوءه أحسن من ضوء الشمس في بيوت الدنيا لو كانت فيكم فما ظنكم بالذي عمل بهذا ؟ ” . رواه أحمد وأبو داود

Муоз ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳивасаллам: «Ким Қуръонни ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг отасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги қуёшнинг зиёсидан ҳам нурлироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг»[8], дедилар.
Шарҳ: Яъни, Қуръони Каримни ўқимаган отага шунчалик такрим ва ташриф бўлса, Қуръони Каримни ўқиган ва унга амал қилганнинг ўзига қанчалар такрим ва ташриф бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.

عن عَبْدُ اللَّهِ بْنُ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ رضي الله عنهما قَالَ: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إِنَّ الْقُرْآنَ يَلْقَى صَاحِبَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حِينَ يَنْشَقُّ عَنْهُ قَبْرُهُ كَالرَّجُلِ الشَّاحِبِ، فَيَقُولُ لَهُ: هَلْ تَعْرِفُنِي؟ فَيَقُولُ: مَا أَعْرِفُكَ، فَيَقُولُ لَهُ: هَلْ تَعْرِفُنِي؟ فَيَقُولُ: مَا أَعْرِفُكَ، فَيَقُولُ: أَنَا صَاحِبُكَ الْقُرْآنُ الَّذِي أَظْمَأْتُكَ فِي الْهَوَاجِرِ وَأَسْهَرْتُ لَيْلَكَ، وَإِنَّ كُلَّ تَاجِرٍ مِنْ وَرَاءِ تِجَارَتِهِ، وَإِنَّكَ الْيَوْمَ مِنْ وَرَاءِ كُلِّ تِجَارَةٍ، فَيُعْطَى الْمُلْكَ بِيَمِينِهِ وَالْخُلْدَ بِشِمَالِهِ، وَيُوضَعُ عَلَى رَأْسِهِ تَاجُ الْوَقَارِ، وَيُكْسَى وَالِدَاهُ حُلَّتَيْنِ لا يُقَوَّمُ لَهُمَا أَهْلُ الدُّنْيَا، فَيَقُولانِ: بِمَ كُسِينَا هَذِهِ؟ فَيُقَالُ: بِأَخْذِ وَلَدِكُمَا الْقُرْآنَ، ثُمَّ يُقَالُ لَهُ: اقْرَأْ وَاصْعَدْ فِي دَرَجَةِ الْجَنَّةِ وَغُرَفِهَا، فَهُوَ فِي صُعُودٍ مَا دَامَ يَقْرَأُ هَذًّا كَانَ أَوْ تَرْتِيلًا.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Қиёмат куни қабр очилганда Қуръон ўз соҳибига мадорсиз, юзи оқарган кишига ўхшаб йўлиқади ва унга: Мени танийсанми?-дейди. у: танимайман- дейди. Шунда у сени чошгоҳ  иссиғида чанқатган  ва кечалари  бедор қилган дўстинг қуръон бўламан, албатта  хар бир тожир ўз тижоратининг пайида бўлса, сен бугун  бутун тижоратларнинг кетида бўласан дейди  ва мулк  ўнг қўлига  ва боқийлик  чап қўлига берилади. Бошига виқор тожи кийгизилади,  ота-онасига бу дунёда тенги бўлмайдиган  олий  қийматли  кийим кийдирилади. Шунда улар:”Нима учун биз бу кийимларни кийдик?” дейишади. “Фарзандларингиз  Қуръонни  ёд олганлиги учун” дейилади. Сўнг қорига “Ўқи, жаннат  даражалари ва хоналарига  кўтарил”  деб айтилади. Ҳофиз қуръонни тез ёки секин ўқишидан қатъийназар, ўқиган сайин  кўтарилиб  бораверади.[9] (Имом Аҳмад ривояти).  Илоҳим барчамизга шунақа олий мақом насиб қилсин!

عَنْ عَلِيِّ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ وَاسْتَظْهَرَهُ فَأَحَلَّ حَلاَلَهُ وَحَرَّمَ حَرَامَهُ أَدْخَلَهُ اللهُ بِهِ الْجَنَّةَ وَشَفَّعَهُ فِي عَشَرَةٍ مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ كُلُّهُمْ وَجَبَتْ لَهُ النَّارُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Қуръонни ўқиса ва ёд олса, у ҳалол қилган нарсани ҳалол билса, у ҳаром қилган нарсани ҳаром билса, Аллоҳ уни жаннатга киритади ва ўз аҳлидан ўн кишига шафоатчи қилади. Ҳолбуки, уларнинг ҳаммасига дўзах вожиб бўлган эди», дедилар»[10].

Қуръони Каримни ёдлаб унга амал қилган ва Қуръони Карим ҳалол қилган нарсани ҳалол билиб, ҳаром қилган нарсани ҳаром билган одам катта шарафга эга бўлар экан.

Аввало, у Қуръони Карим шарофатидан ўзи жан­­натга кирар экан.

Қолаверса, ундоқ киши дўзахга тушишлари аниқ бўлган ўнта қариндошига шафоатчи бўлиб, уларни ўзи билан жаннатга олиб кирар экан.

Аллоҳ таоло ҳар кимга ҳам бунга ўхшаш катта имконни ваъда қилган эмас. Шундан ҳам Қуръони Каримни ёдлаш ва унга амал қилиш қанчалар улуғ иш эканини билиб олаверсак бўлади.

Бас, иш шундоқ бўлгандан кейин Қуръони Каримни ёд олайлик ва унга амал қилайлик.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: مَا أَذِنَ اللهُ لِعَبْدٍ فِي شَيْءٍ أَفْضَلَ مِنْ رَكْعَتَيْنِ يُصَلِّيهِمَا وَإِنَّ الْبِرَّ لَيُذَرُّ عَلَى رَأْسِ الْعَبْدِ مَا دَامَ فِي صَلاَتِهِ وَمَا تَقَرَّبَ الْعِبَادُ إِلَى اللهِ بِمِثْلِ مَا خَرَجَ مِنْهُ يَعْنِي الْقُرْآنَ.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қи­ли­­нади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ ҳеч қачон бандага у ўқиган икки ракъат намозда қулоқ солганидек қулоқ солмайди. Модомики банда намозда экан, унинг бошидан яхшилик сочилиб турур.

Бандалар Аллоҳга ундан (Қуръондан) чиққанда бўлгандек қурбатда бўлмайдилар», дедилар»[11].

Бу ҳадиси шарифда банданинг Аллоҳ таолога энг яқин бўладиган ҳолатлари ҳақида сўз кетмоқда.

«Аллоҳ ҳеч қачон бандага у ўқиган икки ракъат намозда қулоқ солганидек қулоқ солмайди».

Шунинг учун ҳам банда намозда Аллоҳ таолодан сўрайдиган нарсасини сўраб олмоғи керак. Айниқса, саждада бўлган ҳолдаги дуо жуда ҳам мақбулдир.

«Модомики банда намозда экан, унинг бошидан яхшилик сочилиб турур».

Шунинг учун ҳам банда намозни қўпроқ ўқимоғи лозим.

«Бандалар Аллоҳга ундан (Қуръондан) чиққанда бўлгандек қурбатда бўлмайдилар».

Бу жумланинг маъноси «банда Қуръони Каримни хатм қилиб ҳаммасини ўқиб чиққанида Аллоҳ таолога яқин бўлганидек, ҳеч ҳам яқин бўлмайди» деганидир.

Бас, шундоқ бўлганидан кейин кўпроқ Қуръони Карим ўқимоқ, уни хатм қилмоқ зарур. Зотан, дуо энг тез ва осон қабул бўладиган вақтлардан бири ҳам Қуръон қироатидан кейинги вақтдир.

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ أَيُّ الْعَمَلِ أَحَبُّ إِلَى اللهِ؟ قَالَ: الْحَالُّ الْمُرْتَحِلُ قَالَ: وَمَا الْحَالُّ الْمُرْتَحِلُ؟ قَالَ: الَّذِي يَضْرِبُ مِنْ أَوَّلِ الْقُرْآنِ إِلَى آخِرِهِ كُلَّمَا حَلَّ ارْتَحَلَ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қи­линади:

«Бир одам:

«Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал Аллоҳга энг маҳбуб?» деди.

«Тушиши билан қайта жўнайдиган», дедилар.

«Тушиши билан қайта жўнайдиган нима?» деди.

«Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб келиб, тушиши билан яна бошдан жўнаб кетадиган», дедилар»[12].

Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатлардан кейинги энг афзал ибодат Қуръони Карим тиловатидир. Шунинг учун Қуръони Каримни аввалидан ўқиб охирига етиб, хатм қилган одам яна аввалидан бошласа, ушбу ҳадисда мадҳ қилинган сифатга эга бўлар экан. У Аллоҳга энг маҳбуб бўлган амални қилган бўлар экан. Тушиши билан қайта жўнайдиганган бандалар сафидан ўрин олар экан.

Ким Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлган амални қилишни истаса, Қуръони Каримни тиловатини пухта ўргансин. Уни аввалидан тажвид билан ўқиб келиб хатм қилишга ва яна дарҳол бошидан тиловат қилишни бошлашга одатлансин.

Шунинг учун ҳам уламоларимиз ва машойихларимиз ўз шогирд ва муридларига худди шу ишни доимий қилишга одатланиш тарбиясини берадилар.

Шунинг учун ҳам қориларимиз Рамазони шарифда таровеҳ намозларида Қуръони Каримни хатм қилиб бўлганларида, Нас сурасини ўқигандан кейин, дарҳол Бақара сурасидан бир оз тиловат қилиб якунига етказадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ­дан қуйидагилар ривоят қилинади:

«У киши раҳматуллоҳи алайҳ тушда Аллоҳ таолони бир неча марта кўрган экан. Бир марта агар яна Роббимни тушда кўрсам, бандани Роббисига муқарраб қиладиган нарсани сўрайман, дебдилар. Бас, у киши Аллоҳ таолони тушида кўриб:

«Эй Роббим, банда Сенга нима ила муқарраб бўлади, деб сўрабди.

«Каломимни тиловат қилиш билан, эй Аҳмад!» дебди.

«Маъносини тушунсами ёки тушунмаса ҳамми?» деб сўрабди.

«Маъносини тушунса ҳам, тушунмаса ҳам», дебди Аллоҳ[13].

Барчамизга шунақанги олий мақом насиб қилиб, Аллоҳ Таоло барчамизни Ўзининг муқарраб бандаларидан қилсин!

 ТИИ “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси ходими  Қодиров Абдулвали

[1]. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Тафсири ҳилол 5-жуз .-Т.: Ҳилол-нашр 2018 . –Б.60.

[2]. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Тафсири ҳилол 5-жуз .-Т.: Ҳилол-нашр 2018 . –Б.62.

[3]. Имодуддин Исмоил Ибн Касир. Тафсири Қуръони Азим 1-жилд. Қоҳира.Дору ҳудат ан-нашр1426ҳ. –Б. 494

                  [4] العرف الشذي شرح جامع الترمذي.المجلد الثاني ٣٣٠ صحيفة. كراتشي باكستان ٢٠١٠ أنورشاه الكشميري

                    [5] العرف الشذي شرح جامع الترمذي.المجلد الثاني ٣٣٠ صحيفة. كراتشي باكستان ٢٠١٠ أنورشاه الكشميري

[6] العرف الشذي شرح جامع الترمذي.المجلد الثاني ٣٣٠ صحيفة. كراتشي باكستان ٢٠١٠ أنورشاه الكشميري

[7]  العرف الشذي شرح جامع الترمذي.المجلد الثاني ٣٣٠ صحيفة. كراتشي باكستان ٢٠١٠ أنورشاه الكشميري

[8] علي بن (سلطان) محمد، أبو الحسن نور الدين الملا الهروي القاري .فيض المعين على جمع الأربعين في فضل القرآن المبين ٢٨ صحيفة ..مكتبة المنار، الزرقاء – الأردن  ١٩٨٧ م

[9]  الفتح الرباني لترتيب مسند الإمام أحمد بن حنبل الشيباني. الجزء الثامن عشر ٦٩ صحيفة.  أحمد بن عبد الرحمن الساعاتي دار إحياء التراث العربي ٢٠٠٩ م

[10]  العرف الشذي شرح جامع الترمذي.المجلد الثاني ٣٣٠ صحيفة. كراتشي باكستان ٢٠١٠ أنورشاه الكشميري

[11]  العرف الشذي شرح جامع الترمذي.المجلد الثاني ٣٣٠ صحيفة. كراتشي باكستان ٢٠١٠ أنورشاه الكشميري

[12]  العرف الشذي شرح جامع الترمذي.المجلد الثاني ٣٣٠ صحيفة. كراتشي باكستان ٢٠١٠ أنورشاه الكشميري

[13] Шайх Муҳаммад СодиқМуҳаммад Юсуф  Ҳадис ва Ҳаёт ( Қуръон фазилатлари) .Т.: Шарқ нашр. 2007. –Б.29.

269890cookie-checkҚуръони каримни ёдлаш фазилати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: