Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар бўлсин!
Қуръони Каримда ва Ҳадиси шарифда истиғфор айтиш ва унинг фазилати тўғрисида жуда кўп зикр қилинган. Шайҳ Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратлари “ Ат-Тасаввуф вас-сулукъъ асарларида қалбнинг давоси ва ботиний касалликларга шифо бўлувчи нарсалар қаторида ҳар куни эрталаб ва кечқурун 100 марта истиғфор айтишни ҳам санаб ўтганлар. Нақшбандия силсиласининг машойихлари жоме ва қисқа бўлган сийға билан истиғфор айтадилар. У—“Астағфируллоҳа Роббий мин кулли занбин ва атувбу илайҳ” дир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилиб айтадики:
…ٱسۡتَغۡفِرُواْ رَبَّكُمۡ ثُمَّ تُوبُوٓاْ إِلَيۡهِ …
“…Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг…” (Ҳуд сураси 52-оят)
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло истиғфор айтишга буюради. Шунинг учун Нақшбанд машойихлари кучли надомат билан бу ояти каримага амал қилиб ҳар куни истиғфор айтадилар ва шогиртларини ҳам бу йўлга чорлайдилар .
Нуҳ алайҳи салом ўз қавмларига айтадилар :
فَقُلۡتُ ٱسۡتَغۡفِرُواْ رَبَّكُمۡ إِنَّهُۥ كَانَ غَفَّارٗا (١٠ ) يُرۡسِلِ ٱلسَّمَآءَ عَلَيۡكُم مِّدۡرَارٗا ( ١١) وَيُمۡدِدۡكُم بِأَمۡوَٰلٖ وَبَنِينَ وَيَجۡعَل لَّكُمۡ جَنَّتٖ وَيَجۡعَل لَّكُمۡ أَنۡهَٰرٗا (١٢)
“Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир”, дедим. “У зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир”. (Нуҳ сурси 10-12 оятлар).
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:
وَمَا كَانَ ٱللَّهُ لِيُعَذِّبَهُمۡ وَأَنتَ فِيهِمۡۚ وَمَا كَانَ ٱللَّهُ مُعَذِّبَهُمۡ وَهُمۡ يَسۡتَغۡفِرُونَ
“Модомики, сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчимас”. (Анфол сураси 33-оят)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу оятни тафсирида айтадиларки: “ Мусулмонлар учун иккита омонлик бор эди.
1- Набий с.а.в.
2- Истиғфор
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб кетдилар ва фақат истиғфор қолди”-дедилар.
Аллоҳ таоло айтади:
كَانُواْ قَلِيلٗا مِّنَ ٱلَّيۡلِ مَا يَهۡجَعُونَ (١٧) وَبِٱلۡأَسۡحَارِ هُمۡ يَسۡتَغۡفِرُونَ (١٨)
Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. ( Зарият сураси 17-18 оятлар)
Аллома ибн Касир роҳимаҳуллоҳ истиғфор тўғрисида гапириб қуйидаги ҳадисни келтирадилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан кушойишни насиба қилади. Ҳамда уни ўзи билмаган жойдан ризқлантиради”– дедилар”.
Шундай экан барчамиз истиғфорни лозим тутайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни шукур қилувчи, тавба қилувчи, Ўзини кўп зикр қилувчи ва истиғфор айтувчилардан қилсин!
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Олтинбоев Раҳматулло
АЛЛОХ барчамиздан рози бу́лсин омииййн,