islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тобиъийлар давридаги мактаб ва мадрасалар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва салавотлар бўлсин.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврлари ва хулафои рошидинларнинг замонларида турли мамлакатлар фатҳ қилинди. Саҳобаи киромлар волийлар, амирлар, вазирлар, қозилар ва муаллимлар сифатида дунёнинг турли бурчакларига йўл олдилар.

Уларнинг барчалари ҳам ўзлари билан ҳадис, тафсир ва бошқа илмларни элтдилар. Уларнинг атрофларига тобиъийлар йиғилишиб, илм ўрганишиб, кейин ўзларидан кейингиларга етказдилар. Натижада, турли шаҳарларда илмий мактаблар юзага келди. Бу мактабларнинг устозлари саҳобаи киромлар, шогирдлари эса тобиъийлар эдилар. Илмий мактабларнинг баъзилари тафсир билан шуҳрат топди.

Шундай қилиб, Макка тафсир мактаби, Мадина тафсир мактаби ва Ироқ тафсир мактаби вужудга келди. Ушбу уч тафсир мактаблари бошқа шаҳарлардаги тафсир мактабларининг энг каттаси ва машҳури эди.

Макка тафсир мактаби

 Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу  ҳузурларида ташкил бўлди. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу  тобиъий шогирдларига Аллоҳнинг Китобини тафсир қилиб, баъзи оятлардаги мушкул мафҳумни равшанлаштириб берардилар. Шогирдлар Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ўрганган тафсирларни бошқаларга тушунтириб берардилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг маккалик шогирдлари орасида Саъид ибн Жубайр, Мужоҳид, Икрима — Ибн Аббоснинг мавлоси, Товус ибн Кайсон Ал-Яманий ва Ато ибн Абу Рабоҳ энг машҳурлари эдилар.[1]

Мадина тафсир мактаби

 Мадинаи Мунавварада жуда кўп саҳобалар истиқомат қилардилар. Улар ўзларининг яқинларига Аллоҳнинг каломи ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан таълим берар эдилар. Натижада, машҳур саҳобалардан таълим оладиган тобиъийларнинг сони ҳам кўпайиб борди ва Мадинада алоҳида тафсир мактаби вужудга келди. Бу мактаб асосан Мадина аҳлининг энг улуғларидан ва тафсир илмининг билимдонларидан Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳуга қарашли эди. Убай ибн Каъбнинг шогирдлари беҳисоб эди.

Уларнинг орасида тобиъийлардан чиққан уч шогирд тафсир бобида алоҳида эътиборга молик олимлар саналиб, улар — Зайд ибн Аслам, Абул Олия ва Муҳаммад ибн Ал-Қуразийлар эдилар.

 Ироқ тафсир мактаби

 Ироқнинг Куфа шаҳрида бир неча саҳобалар истиқомат қилиб, одамларга Қуръон ва Ҳадисдан таълим бераётган бўлсаларда, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг ҳузурларига жам бўлиб, илм ўрганувчилар беҳисоб эди. Чунки, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг ҳурмат ва шуҳратлари юқори эди.

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Куфага Аммор ибн Ёсирни волий қилиб юборганларида, у киши билан бирга Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳуни муаллим ва вазир қилиб юборган эдилар. Халифа юборган муаллимдан Куфа аҳли илм ўрганар ва бундан фахрланар эдилар.

Ироқ тафсир мактабининг Макка ва Мадина тафсир мактабларидан ажралиб турадиган жиҳати шуки, Қуръони Каримни тафсир қилишда Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Қуръон ва Ҳадисдан ташқари ижтиҳод ва раъй билан ҳам тафсир қилишга, хусусан, уламолар орасида ихтилофли бўлган масалаларни ижтиҳод ёрдамида ҳал қилиб беришга уринган эдилар. Шунинг учун уламолар: “Ибн Масъуд ихтилофли масалаларда ижтиҳод ва раъй билан ҳукм қилиш йўлига асос солган, кейинчалик бу йўл Ироқ уламолари ўртасида оммалашиб кетган”,— дейдилар. Шубҳа йўқки, ихтилофли масалаларда ижтиҳод ва раъй билан ҳукм қилинадиган бундай йўл кейинчалик тафсирга ҳам ўз таъсирини ўтказди, натижада, ижтиҳод ва раъй билан тафсир қилиш ҳам кучайиб кетди.

Ироқлик тобиъийлар орасидан ҳам жуда кўп машҳур муфассирлар чиққанлар. Улардан Алқама ибн Қайс, Масруқ, Ал-Асвад ибн Язид, Мурра Ал-Ҳамадоний, Омир Аш-Шаъбий, Ал-Ҳасан Ал-Басрий, Қатода ибн Диъома Ас-Судусийлар энг машҳурлари саналадилар.[2]

 Илк фиқҳ мадрасалари

Саҳобалар даврининг иккинчи ярмига келиб баьзи фиқҳий мадрасалар бўй кўрсата бошлади. Албатта, бу ҳол ислом оламининг қалби бўлган Мадина ва Макка шаҳарларида биринчи бўлиб юзага келди. Исломгача бўлган даврда қақроқ чўл бўлган бу юртларда илм- маьрифатга нисбатан ҳам тақроқлик бор эди. Бу ерлар ўз тарихида ўқиш, ёзиш ёки бирор илмий баҳс ила машҳур бўлмаган эди. Аммо ислом дини билан бирга бу диёрга ҳам илм-маьрифат, фан-маданият кириб келди. Қурони Каримнинг айни шу тупроқларда нозил бўлиши, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламнинг ва саҳобаларнинг айни шу ерларда яшашлари бу ҳолнинг асосий омили эди.[3]

Маккаи Мукаррама Мадрасаси

Ҳаммага маьлумки, Макка Исломнинг асл ватани бўлиб, Набий саллолоҳу алайҳи васаллам шу ерда туғилиб ўсганлар, Қурьони Карим дастлаб шу ерда нозил бўлган ва диннинг аввалги ўн уч йилги босқичи ҳам шу ерда кечган эди. Дастлабки мусулмонлар ҳам айни шу шаҳарнинг аҳолисидан эди.

Кейинчалик ҳам бу Мадрасага катта илм эгалари раҳбарлик қилдилар:

1. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу.

Ўша пайтда тобеьинлардан бўлган энг машҳур олимлар етишиб чиқди. Уларнинг ичида оламга машҳур бўлган фақиҳлардан:

2.Мужоҳид разияллоҳу анҳу.

3.Ато ибн Абу Рабоҳ.

4.Товус разияллоҳу анҳу. 

5.Икрима разияллоҳу анҳу. ва бошқалар бор эди.

Мадийнайи Мунаввара Мадрасаси

Мадинаи Мунаввара Набий саллолоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратгоҳлари бўлди, бу пок шаҳарда Қурьони Каримнинг фиқҳий аҳкомларига оид оятлари нозил этилди. Айни шу шаҳарда ислом дининг тарихига оид кўплаб ҳодисалар бўлиб ўтган. Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг кўпларини шу ерда айтганлар. Мадинаи Мунаввара Ислом давлатининг пойтахти, бош шаҳари илмий ва фиқҳий маркази саналган. Саҳобаларнинг катталари, халифаларнинг рошидлари яшаган жой.

Мадинаи Мунавварада илмга мутахассис бўлган ва фиқҳий мадрасага асос солган саҳобаларнинг номларини тарихчиларимиз  алоҳида тилга оладилар. Уларнинг ичида Зайд ибн Собит ибн Заҳҳоқ Ансорий ва Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо  ўзларига хос манзилага  эгалар.

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 2630 та ҳадис тўплаб, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан кейинг ўринни эгалладилар.

Мазкур саҳобалардан таьлим олган тобеьинлар ичидан катта фақиҳлар етишиб чиқди. [4]

Басра Мадрасаси

Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг амрлари ила Басра шаҳри қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Шаҳарнинг қурилишига Утба ибн Ғазвон раҳбарлик қилди.

Куфа ва Басра шаҳарлари битгандан кейин Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу  ўша пайтда “Ироқ” номи ила аталган исло давлатининг шарқий бўлагини иккига бўлди.

Бирига Куфани марказ Саьд ибн Ваққос разияллоҳу анҳуни валий этиб тайин қилди. Иккинчисига Басрани марказ ва Утбани валий қилиб тайин қилди. Шу билан бирга, илм ўргатиш учун у ерларга устозлар ҳам юборди.

 Ибн Саьд Абул Асвад ад-Дуалийдан ривоят қилинади:

“Басрага борсам, Имрон ибн ҳусайн Абу Нажид разияллоҳу анҳу бор экан. Уни Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу аҳли Басрага фиқҳ ўргатиш учун юборган экан”.

Абу Мусо Ашьарий разияллоҳу анҳу.

Басра фиқҳ мадрасасининг катта устозларидан бири улуғ саҳобий Абу Мусо Ашьарий разияллоҳу анҳу бўлганлар.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу.

Басра фиқҳ мадрасасининг катта устозларидан яна бири улуғ саҳобий Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу эдилар.

Анас ибн Молик ибн Назр ал-Ансорий ал-Хазражий ан-Нажжорийнинг кунялари – Абу Ҳамза, оналари-машҳур саҳобия Умму Сулайм бинти Милҳон разияллоҳу анҳо.

 Басра фиқҳ мадрасасида етишиб чиққан шахслардан энг машҳурлари :

Имом Ҳасан Басрий.

Ҳижрий 110-санада вафот этганида, аҳли Басранинг ҳаммаси жанозага эргашиб, масжидда намоз ўқийдиган одам қолмаган.

Муҳаммад ибн Сийрийн.                                         

У киши ҳам ҳижрий 110-санада вафот этганлар.[5]

 Куфа Мадрасаси

Куфага кўпгина саҳобалар келиб яшаганлар. Уларнинг ичида илм билан нашҳурларидан Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масуд разияллоҳу анҳум бўлган.

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу.

Албатта, бу ишларнинг бошловчиси сифатида ҳазрати Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу катта фазлга эгадирлар.

Абдуллоҳ ибн Масуд разияллоҳу анҳу.

Абдуллоҳ ибн Масуд разияллоҳу анҳу ўзларининг Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган яқинликларидан, асосан, Қурон ва илм ўрганишда фойдаланар эдилар, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Куфа фиқҳ мадрасасининг машҳур кишиларидан олтитаси Абдуллоҳ ибн Масуд разияллоҳу анҳунинг шогирдларидир. Улар Алқама, Асвад, Масруқ, Убайда, Хорис ибн Қайс, Амр ибн Шураҳбийлдир. Бошқа саҳобалардан дарс олган Куфаликлар ҳам бўлган.

Кейинчалик бу мадрасадан Шурайҳ ибн Ҳорис Киндий, Иброҳим ибн Язид Нахаий, Саид ибн Жубайр каби машҳур фақиҳлар етишиб чиқди.

Басра ва Куфа фиқҳ мадрасаларининг илмий гултожи Имом Абу Ҳанифа бўлдилар.

Шом Мадрасаси

Шом қадимдан илм-маьрифат маркази бўлиб келган. У ерда кўплаб Анбиёлар яшаган. Бу ўлканинг одамлари исломга кирганларидан кейин уни шавқу завқ билан ўргана бошладилар. Уларга машҳур саҳобалар устозлик қилди.

Ибн Саьд, ал-Ҳоким ва имом Бухорий “тарихи сағир”да мухтасар қилиб Муҳаммад ибн Каьб ал-Харозийдан ривоят қиладилар:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида Ансорлардан беш киши: Муоз ибн Жабал ибн Амр Ансорий ал-Хазражий, Убода ибн Сомит, Убай ибн Каьб, Абу Айюб ва Абу Дардо разияллоҳу анҳу жамланишган эдилар”.

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу томонидан ташкил қилинган ва мазкур саҳобаи киромлар устозлик қилган Шом мадрасасидан Абу Идрис Ҳавлоний, Макҳул ибн Абу Муслим Димашқий, Умар ибн Абдулазиз, Ражо ибн Ҳайва Киндий, Абдурроҳман Авзоий каби машҳур илм соҳиблари етишиб чиқдилар.[6]

              4-курс талабаси Аминжонов Асадуллоҳ

 

[1] «Қуръон, Тафсир ва Муфассирлар».54- бет

[2] «Қуръон, Тафсир ва Муфассирлар».61- бет

[3] «Фиқҳий йўналишлар ва китоблар». 60- бет

[4] «Фиқҳий йўналишлар ва китоблар».76 – бет

[5] «Фиқҳий йўналишлар ва китоблар». 82- бет

[6]  «Фиқҳий йўналишлар ва китоблар». 98- бет

278700cookie-checkТобиъийлар давридаги мактаб ва мадрасалар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: