islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу

«Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен ҳаё қилмас эканманми?!»

(Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)

Асҳобларнинг улуғларидан, Ашарайи мубашшаранинг бирлари. Хулафойи Рошидинларнинг учинчилари. Насаблари : Усмон ибн Афон ибн Абул Осс ибн Умайя ибн АбдушШамс ибн Абдуманноф ибн Қусойдир. У киши асли қурайш тоифасидан бўлганлар, насаблари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларига Абдуманноф орқали бирлашади. Усмон розияллоҳу анҳу фил йилининг олтинчи санасида, яъни энг тўғри райъга кўра Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларидан олти йил кейин Тоиф шаҳрида тугилганлар.

Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон келтириб, у зот учун ҳар қандай фидокорликка тайёр турганлар, бутун сарватларини дин йўлига вақф этган бу зот Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Руқийя розияллоҳу анҳо исмли қизларига уйланадилар. Руқийя розияллоҳу анҳо вафот этганларидан сўнг Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир қизлари Умму Гулсум розияллоҳу анҳони никоҳларига олдилар. Шу боис, икки нур соҳиби- “Зиннурайн” номи билан тарихга кирганлар.

Табиатан ғоятда ҳалим, сокин, ҳақиқатпараст, умриларида ҳеч кимга озор бермаган ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Ҳақ таолонинг ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чин ошиғи эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан чексиз муҳабатлари ва Ислом йўлидаги жидду жаҳдлари боис ҳали ҳаётлик вақтиларидаёқ жаннат билан муждаланган эдилар.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинанинг боғларидан бир боғда эдим. Бас, бир киши келиб, эшикни очишни сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга эшикни оч ва жаннатни башоратини бер», дедилар. Эшикни очсам, Абу Бакр розияллоҳу анҳу эканлар. У кишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган башоратларини айтдим.

У зот розияллоҳу анҳу Аллоҳга ҳамд айтдилар. Сўнгра яна бир киши келиб, эшикни очишни сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга эшикни оч ва жаннатни башоратини бер», дедилар. Эшикни очсам, Умар розияллоҳу анҳу эканлар» У зот розияллоҳу анҳуга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган башоратларини айтдим. У зот розияллоҳу анҳу Аллоҳга ҳамд айтдилар. Сўнгра яна бир киши келиб, эшикни очишни сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга эшикни оч ва етадиган бало учун жаннатни башоратини бер», дедилар. Эшикни очсам, Усмон розияллоҳу анҳу эканлар. У зот розияллоҳу анҳуга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган башоратларини айтдим. У зот розияллоҳу анҳу Аллоҳга ҳамд айтдилар ва сўнгра: «Аллоҳнинг ўзи ёрдам берсин», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَعِدَ أُحُدًا وَأَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ وَعُثْمَانُ فَرَجَفَ بِهِمْ فَقَالَ اثْبُتْ أُحُدُ فَإِنَّمَا عَلَيْكَ نَبِيٌّ وَصِدِّيقٌ وَشَهِيدَانِ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлар билан Уҳуд тоғига чиқдилар. Шунда у қимирлади. У зот: «Эй Уҳуд, собит тур! Устингда набий, сиддиқ ва икки шаҳид турибди!» дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаганлар.

Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлган даврларидаги юксак маданий ишларидан бири Қуръони карим нусхаларини кўпайтириш масаласи бўлди. Шунда Қуръон Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврларида тўпланган равиш ва асосда бир неча нусхада кўпайтирилди.

Усмон розияллоҳу анҳу давриларида бажо келтирилган ишлардан бири Қуръон, ҳадис ва фиқҳ – қонуншунос олимлар тўпланиб тартиб-қоидалар ишлаб чиқилди.

У кишининг олижаноб хислатлари рақиблари томонидан тескари тарғибот юритишга сабаб бўлди, давлат хазинаси молини ўз моли сифатида бекорга сарф этаётган қилиб кўрсатишгача боришди. Милодий 655 йили, халифа Усмон розияллоҳу анҳу ҳукмронлигларининг эса ўн иккинчи йили рақиблари исён кўтариб уйларини ўраб оладилар. Булар мисрлик, куфалик ва басраликлар бўлиб, сон жиҳатдан ўн икки минг қадар эдилар. Улар гўё ҳаж қилиш учун келган ҳожилар эди. Усмон розияллоҳу анҳу уйларини қуршаб оладилар . Исёнчилар режа тузиб келган бўлишиб, шунга асосан уй теграсига халифа тарафдорларидан ҳеч кимни йўлатмасликка ҳаракат қиладилар. Ҳатто халифага чучук сув ичишга ҳам изн бермайдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу рўза тутган ҳолда намозгоҳларида Аллоҳнинг муборак китобини ўқиб ўтирган жойларида фитначилар томонидан қатл этиладилар. У кишининг муборак қонлари, ўқиб ўтирган саҳифанинг устига сочилади. Халифалигларининг 12-йили зулҳижжа ойининг саккизинчи кунида Ибни Саъба қавми фитначилари томонидан 83 ёшларида шаҳид этиладилар. Мазкур қонга бўялган саҳифа, ушбу китоб нусхаси ҳозирги кунда ҳам мавжуд. Бу муборак китобни қонга бўяган қотиллар ўшанда Исломиятни ҳам қонга бўяган эдилар….

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севимли куёвлари, дўстлари ва йўлдошлари, икки нур эгаси ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳудан Аллоҳ Таоло рози бўлсин.

ТИИ 101-гуруҳ талабаси

Бурҳониддинов Шамсиддин

303360cookie-checkҲазрати Усмон розияллоҳу анҳу
1 та фикр мавжуд
  1. Робия

    Уй теграсига(чегарасига*, електронный хато чиройли мавзуни бузиб койишга сабаб болиб колмасин, мени айбга буюрманг..

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: