Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Совет Иттифоқи давридаги фаолияти (1943-1989) ва Муфтий Бобохоновлар сулоласи” мавзуида илмий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда ректор Уйғун домла Ғафуров, “Муфтий Бобохоновлар” жамғармаси директори Жамолхон Бобохонов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедра мудири, тарих фанлари доктори Неъматулла Муҳамедов, ТИИ фахрий ўқитувчиларидан Мўминжон домла Сайдалиев, Бобохоновлар сулоласи вакиллари ҳамда устозлар ва талабалар иштирок этдилар.
Тадбирни Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров очиб берди. Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” кафедраси мудири Неъматулло Мухамедов “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг ташкил этилиши” мавзусида сўзга чиқди. Юртимиз мўмин-мусулмонлари томонидан катта эҳтиром билан ёдга олинадиган Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиллари ўта машаққатли йилларда юртимиздаги диний-маърифий соҳа ривожи йўлида беқиёс хизматлар қилган.
СССР Олий Совети Президиумининг 1943 йил 31 июль 55-сонли қарорига биноан Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг Диний бошқармаси ташкил этилади. Муфтий Эшон Бобохонга Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний идорасини ташкил этиш ва уни йўлга қўйишда ўғиллари Зиёвуддинхон қори, Камолиддинхон қори, Бадриддинхон ва Носирхон каби уламолар яқиндан ёрдам беришди. Улар орасида айниқса, Зиёвуддинхон қори муфтий ибн Эшон Бобохоннинг яқин елкадошлари ва сафдошлари бўлдилар.
“Муфтий Бобохоновлар” жамғармаси директори Жамолиддинхон Бобохонов “Қайта қуриш даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг фаолияти” тўғрисида сўзга чиқди ва мусулмонлар идораси асосчилари, марҳум муфтийлар – Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ва Шамсиддинхон Бобохоновлар фаолияти шўролар давлатида қалтис бир даврда минтақамиздаги бешта республика мусулмонларининг муфтийси бўлиб, бу муҳим ва масъулиятли вазифани масъулият билан бажарганлари, Собиқ иттифоқ даврида диний уламолар таъқибга учраб, турли тазйиқларга қолган дамларда ҳам у зотлар ёпилган масжидларни очиш, қаровсиз қолганларини таъмирлаш, диний тадбирларни ўтказиш, фуқароларнинг ҳаж сафарларига рухсат олишга эришганлари ҳақида гапириб берди.
Тадбир давомида Тошкент истом институти ректори Уйғун Ғафуров Муфтий Бобохоновлар сулоласи даврида диний таълим тизими ҳақида сўзга чиқиб, Муфтий Бобохоновларнинг улкан хизматларидан бири 1946 йил Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкентда ислом олий маъҳади, яъни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг очилиши бўлди.
Бу илму фан ўчоқлари нафақат Ўрта Осиё ва Қозоғистон, балки Россиянинг Европа қисми ва Сибир, Кавказорти, Шимолий Кавказ диний муассасалари учун ҳам диний кадрлар тайёрлади. Мазкур таълим даргоҳларини битиртирганлар орасида таниқли дин арбоблари етишиб чиқди. Муфтий Бобохоновлар халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга ҳам эътибор берди. Биринчидан, турли мусулмон мамлакатларида ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этиб, ўша даврларнинг долзарб масалалари юзасидан маъруза қилган бўлсалар, иккинчидан, кўплаб дин ва давлат арбоблари билан алоқа ўрнатган. Муфтий Бобохоновлар иштироки билан ўша даврларда араб мамлакатлари ва Ислом дини тарқалган 80 та давлат билан мамлакатимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб, диний алоқалар кенгайди.
Тадбир давомида кейинги йилларда ҳукуматимиз кўмагида Муфтий Бобохоновлар сулоласи ҳақида, китоб, оммабоп рисола ва туркум мақолалар чоп этилиб, уларнинг динимиз ва юртимиз равнақи йўлида қилган ишларини кенг оммаган тарғиб қилинаяпти. Бу эса у зотларнинг ёрқин хотирасига ҳурмат-эҳтиром ва уларнинг хайрли амаллари доим эл ёдида эканлигини билидиради.
Тадбир доирасида “Шамсиддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уюшмаси ва “Ўзбекистон” нашриёти билан ҳамкорликда китоб кўргазма-савдоси ташкил этилди. Муфтий Бобохоновлар жамғармаси директори Жамолиддинхон Бобохонов энг яхши мақола кўрик танлови ўтказиш бўйича таклифлар бердилар ва инситут АРМ фондига бир қанча қимматбаҳо китоблардан совға қилдилар.
Тадбир бошланишидан олдин институт устозлари ва талабалари, “Муфтий Бобохоновлар” жамғармаси директори Жамолхон Бобохонов, Бобохоновлар сулоласи вакиллари “Қаффоли Шоший” мақбарасини зиёрат қилдилар.
Тадбир доирасида Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров ва “Муфтий Бобохоновлар” жамғармаси директори Ж.Бобохонов илмий-маърифий ишлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида “Англашув меморандуми”ни имзоладилар.
“Илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш”
бўлими муҳандиси М.Мавлянкулов