islom-instituti@umail.uz | 71-227-42-37
islom-instituti@umail.uz | 71-227-42-37

Валийлик ва каромат кимларга берилади?

Кароматнинг зоҳир бўлишидаги ҳикмат – каромат содир бўлганидан сўнг валийнинг ишончи яна ҳам зиёда бўлиб, дунёдаги зуҳди-тақвоси кучайиб, ҳавойи нафс даъвоси йўқолишидир.

Кароматларнинг ростлигига далил:

  1. Аллоҳ таолонинг Биби Марям қиссасидаги ушбу ояти:

فَتَقَبَّلَهَا رَبُّهَا بِقَبُولٍ حَسَنٖ وَأَنۢبَتَهَا نَبَاتًا حَسَنٗا وَكَفَّلَهَا زَكَرِيَّاۖ كُلَّمَا دَخَلَ عَلَيۡهَا زَكَرِيَّا ٱلۡمِحۡرَابَ وَجَدَ عِندَهَا رِزۡقٗاۖ قَالَ يَٰمَرۡيَمُ أَنَّىٰ لَكِ هَٰذَاۖ قَالَتۡ هُوَ مِنۡ عِندِ ٱللَّهِۖ إِنَّ ٱللَّهَ يَرۡزُقُ مَنيَشَآءُ بِغَيۡرِ حِسَابٍ٣٧

“Закариё ҳар сафар унинг олдига – меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди”[1].

  1. Қуръони Каримдаги Каҳф – (ғор) соҳибларининг узун қиссаси.
  2. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг икки “Саҳиҳ” китобларидаги кирган ғорларининг оғзига харсанг тушиб қолган уч кишининг қиссаси.
  3. Қуръони Каримдаги қуйидаги оят:

 وَمَن يَتَّقِ ٱللَّهَ يَجۡعَل لَّهُۥ مَخۡرَجٗا٢…

“Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур”[2]

  1. Ва ушбу оят:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِن تَتَّقُواْ ٱللَّهَ يَجۡعَل لَّكُمۡ فُرۡقَانٗا وَيُكَفِّرۡ عَنكُمۡ سَيِّ‍َٔاتِكُمۡ وَيَغۡفِرۡ لَكُمۡۗ وَٱللَّهُ ذُو ٱلۡفَضۡلِ ٱلۡعَظِيم٢٩

“Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон қилиб беради”[3].

Ушбу икки оятда валийликнинг шарти бўлмиш тақво зикр қилинди. Сўнгра тақводор валийнинг каромати зикр этилди. Бу унга ҳамма мусибатлардан кушойиш берилиши, ризқининг ўйламаган, билмаган томондан берилиши ва ҳақ билан ботил орасини фарқловчи нурнинг берилишидир (Иқтибос тугади).

Ушбу иқтибосга қўшимча сифатида айтишимиз лозимки, тасаввуфга кириш, унда шайх бўлишдан асосий мақсад каромат кўрсатиш эмас. Балки руҳий тарбия ила шуғулланиш ва мўмин-мусулмонларни тарбия қилишдир. Кароматнинг маъноси икром қилишдир. Аллоҳ таоло Ўзига тақво ва зоҳидлик ҳамда кўп ибодат ила қурбат ҳосил этган бандаларига икром кўрсатиб, баъзи бир оддий одамлар қила олмайдиган нарсаларни улар орқали юзага чиқариб, дуоларини қабул қилиб, олий даражадаги илму ирфон ҳамда фаросат бериб, уларни мукофотлайди. Кўпчилик аҳли тасаввуфнинг «Валий ўзининг кароматини ўзи билмаслиги шарт», деган гаплари бор.

Шу билан бирга, валийларга ва уларнинг кароматларига Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича эътиқод қилмоғимиз лозим.

Яъни ҳар бир мўмин-мусулмон содиқ иймони туфайли Аллоҳ таолонинг ҳимоясига киради, дўстига – валийсига айланади. Иймонларининг, ибодатларининг, ихлосларининг тадрижига кўра Аллоҳ азза ва жалла ҳар бир мўмин-мусулмонга маълум даражада икром кўрсатади.

Тақвоси, эҳсони кучли бўлган валийларга оддий одамлар қила олмайдиган одатдан ташқари ҳолатлар ато этилиши ҳам рост.

Сувда юрувчи, осмонда учувчи, бир неча лаҳзада кўз илғамас жойларга бориб келувчи, балиқлар унга итоат этувчи, ўзгаларнинг ҳолидан хабар берилган, ўзининг кўргиликларидан огоҳ этилган каромат соҳибларининг борлиги ҳам рост.

Қиёмат қоим бўлгунча турли валийлардан ҳар хил кароматлар содир бўлиши ҳам инкор этилмайдиган башоратдир[4].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам комил мўмин кишиларга бериладиган кароматлардан бирини шундай баён қилганлар:

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар, чунки у Аллоҳнинг нури билан назар солади”, – дедилар сўнгра “Албатта, бу(ҳодиса)да фаросатли кишилар учун аломатлар бордир”[5], оятини ўқидилар”[6].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам комил ва мухлис мўмин банданинг Аллоҳ таоло томонидан иззат-икром қилинишини, унга ҳақ билан ботил орасини ажратиш фаросати берилишини хабар бермоқдалар. У зотнинг: “Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар”, дея буюришларидан қуйидаги маънолар ирода қилинган: маъсиятларнинг ошкорасидан ҳам, махфийсидан ҳам сақланинглар, эҳтимол, мўмин киши халойиқдан яшираётган нарсаларингизни билиб турар, натижада унинг олдида шарманда бўласизлар. Чунки комил мўмин киши сизлар яшираётган нарсага Аллоҳ таоло чароғон қилган қалб кўзи билан назар солади ва ҳақиқатни ҳис этади.

ТИИ Модуль таълим шакли

битирувчиси Азизов Мансур

[1] Оли Имрон сураси, 37-оят. “Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири”. Таржима ва тафсир муаллифи. А.Мансуров. “Тошкент ислом университети нашриёт матбааси бирлашмаси”. Т-2004, Б:135.

[2] Талоқ сураси, 2-3-оятлар. “Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири”. Таржима ва тафсир муаллифи. А.Мансуров. “Тошкент ислом университети нашриёт матбааси бирлашмаси”. Т-2004, Б:285.

[3] Анфол сураси, 29-оят. “Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири”. Таржима ва тафсир муаллифи. А.Мансуров. “Тошкент ислом университети нашриёт матбааси бирлашмаси”. Т-2004, Б:168.

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. –Т.: Мовароуннаҳр, 2004. –Б.98..

[5] Ҳижр сураси, 75-оят. “Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири”. Таржима ва тафсир муаллифи. А.Мансуров. “Тошкент ислом университети нашриёт матбааси бирлашмаси”. Т-2004, Б:295.

[6] Абу Исо Муҳаммад Термизий. Сунани Термизий. Ж.5. –Байрут. Дору иҳёуит туросил арабий. -Б.298.

328210cookie-checkВалийлик ва каромат кимларга берилади?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: