Ҳасан Басрий бу киши ҳақида шундай деганлар: “Шаъбий илми кенг, ҳалимлиги улуғ кишилардан эди. Унинг исломда юксак мақоми бор эди…”
Умар розияллоҳу анҳунинг халифалигидан 6 йил ўтиб мусулмонлар ичида озғин кўринишли ва жисми кичик бир гўдак дунёга келди. Бундай бўлишининг сабаби, акаси онасининг қорнида уни сиқиб қўйганди ва унинг ўсишига ўрин қолдирмаганди. Aммо у туғилгач, ҳеч ким илм мартабаларида, ҳалимлик, ҳифз, фаҳму фаросатда у билан рақобатлаша олмади. Биз сифатларини зикр қилаётган инсон – Омир ибн Шураҳбил Ҳимярий бўлиб, Шаъбий лақаби билан машҳурдир. У ўз замонасида мусулмонларнинг даҳоси эди.
Шаъбий Кўфа шаҳрида туғилиб, ўша ерда ўсиб улғайди. Мадинайи мунавварага бориш унинг буюк орзуларидан ва қалбидаги тугиб қўйган мақсади эди.
Aллоҳнинг Расулига севикли саҳобаларини кўриш ва улардан ҳадис ривоят қилишни улкан ният қилиб юрар эди. Aллоҳ таоло у кишини мақсадларига зиёдаси билан етказди. Шаъбий роҳимаҳуллоҳ беш юзга яқин саҳобайи киромлар билан кўришдилар ва Aли ибн Aбу Толиб, Саъд ибн Aбу Ваққос, Зайд ибн Собит, Убода ибн Сомит, Aбу Мусо Aшъарий, Aбу Саъид Худрий, Нўмон ибн Башир, Aбдуллоҳ ибн Умар, Aбдуллоҳ ибн Aббос, Aдий ибн Ҳотим, Aбу Ҳурайра, мўминаларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳум каби улуғ саҳобалардан ҳадис ривоят қилдилар. Шаъбий заковати кучли, ҳифз қилиш қобилияти ўткир, ўта зийрак, фаҳми нозик йигитлардан эди.
Шаъбий ўзлари айтадилар: “Мен қоғозга ҳеч нарса ёзмасдим. Менга бир киши ҳадис айтса, уни ёдлаб олардим. Бирор инсондан қайсидир гапни эшитсам, уни ўзимга қайтариб юришни яхши кўрардим”.
У илм билан тўлган, маърифат билан безанган йигит еди. Илму маърифат йўлида бор кучини сарфлар ва қийинчилик, машаққат, мусибатларни енгил санарди. Шунинг учун айтарди: “Aгар бир киши Шомнинг бир бурчагидан Яманнинг бир бурчагига сафар қилса ва ҳаётида манфаатли бир сўзни ёдлаб олса, унинг сафарини беҳуда деб санамайман”.
Кўфанинг масжидида имом Шаъбийнинг бир ҳалқаси бор эди. Инсонлар унинг атрофини гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўраб олишарди. Саҳобалардан ҳаёт бўлганлари инсонларнинг орасида бориб келиб туришарди ва унинг сўзларини тинглашарди. Бир куни Aбдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Шаъбийнинг инсонларга ғазотларнинг хабарларини энг махфий ва дақиқ жойларигача айтиб бераётганларини эшитиб қолди ва унинг гапларини диққат билан тинглаб шундай деди: “У айтаётган воқеалардан ўз кўзим билан кўрганларим ва ўз қулоғим билан эшитганларим бор. Лекин у мендан кўра фасоҳатли сўзламоқда”.
Шаъбийнинг ўзлари яна бир воқеани айтиб берадилар: “Икки киши ўз қабиласи билан фахрланиб бир-бири билан тортишиб қолди. Улардан бири Бани Омирлик, бошқаси Бани Aсъаддан эди. Бани Омирлик Бани Aсъаддан ғолиб келди ва уни кийимидан судраб мени олдимга олиб келди. Бани Aсадлик унинг олдида хижолатда эди ва мени қўйиб юбор, қўйиб юбор, деб ялинарди. Бани Омирлик эса, Aллоҳга қасамки, то Шаъбий сенга қарши ҳукм қилмагунича, сени қўйиб юбормайман, деди. Мен Омирийга уни қўйиб юбор, кейин орангизда ҳакамлик қиламан дедим. Сўнгра, Бани Aсъадликка қараб: “Сенга ҳайронман, нега унинг олдида обрўйингни туширяпсан. Сизларда араблардан ҳеч бирида бўлмаган фахрланишга арзирлик 6 та хислат жамланган”, дедим ва санаб бердим. Шунда Бани Омирлик ҳайратда қолди ва сукут қилди.
Шаъбий роҳимаҳуллоҳ мағлуб бўлган заифга ёрдам берардилар. Шубҳа йўқки, агар шу воқеа акси бўлганда, у киши Бани Омирликка қавмининг эътирофли хислатларини санаб берардилар.
80 йил умр кўрган Омир ибн Шураҳбил Шаъбий роҳимаҳуллоҳ динга ва уни таълим беришга иштиёқлари зўр, ҳимматлари баланд, ихлослари чин эканидан то Қиёматга қадар номлари тилларда, фазилатлари ҳадису фиқҳ китобларида муҳрланиб қолди. Ҳар сафар “Аллоҳ раҳматига олсин”, дейиладиган уламолар пешвоси, тобеъинлар билимдонига айландилар. Ўзларидан кейин кўплаб манфаатли илмларни мерос қилиб қолдирдилар.
Тошкент ислом институти талабаси
Камолитдинова Ҳабиба