islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ислом қадриятларида бағрикенглик тамойилларини шакллантириш асослари

Бағрикенглик гўзал инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Бағрикенгликнинг луғавий маъноси ўзганинг сизга унчалик ёқмайдиган жиҳатига сабр ва тоқат қилишдир.

“Бағрикенглик” (“тoлeрaнтлик”) сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб “бағрикенглик” чидaмлилик, бардошлилик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, муруввaтлилик, ҳиммaтлилик, кeчиримлилик, мeҳрибoнлик, ҳaмдaрдлик каби маъноларга эга дейиш мумкин.

Республикамизда фаолият юритаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари бошқа диний ва жамоат ташкилотлари қатори жамиятда динлараро ва маданиятлараро бағрикенглик   тамойилларини шакллантириш ишларда фаол иштирок этиб, жамият маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик, умумбашарий анъана ва қадриятларимизга садоқат, бой миллий-маънавий меъросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Таълим муассасалари ўқув режа ва фан дастурлари диний ходимларга қўйилаётган замонавий талаблар билан бир қаторда, асрлар давомида юртимизда шаклланган бағрикенглик анъаналари, ҳанафий мазҳаби ва мотуридий таълимотига мувофиқ янада такомиллаштириб, амалиётга жорий этилди келинмоқда.

Ислом қандай дин экани хусусида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев: Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Муқаддас ислом динимиз бизга айнан шуни ўргатади. Бундай ёндашув – давр талабидир, дея таъкидлайди.

Ислом шундай динки, нафақат мусулмонлар, айни пайтда бошқа динлар вакилларига ҳам ширинсуханлик билан чиройли муомалада бўлишга ундайди. Аҳмад Яссавий ҳазратлари бу мавзуда шундай дейди:

Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,

Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,

Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,

Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано,

Ислoм жисмoний зўрaвoнлик вa вaҳшийликнинг бaрчa кўринишлaрини, oдaмлaргa нисбaтaн ҳар қандай ғoявий бoсим ўткaзишни мaн этaди. Бу борада Аллоҳ таоло ўзининг Каломи шарифида марҳамат қилиб айтадики: “Дингa зўрлaш йўқдир. Зeрo, ҳaқ йўл зaлoлaтдaн aжрaб бўлди” (Бaқaрa сураси, 256-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бағрикенглигининг энг яхши ифодаси Мадина «Саҳифаси» – Мадина  Конституцияси дейиш мумкин.

Шартноманинг биринчи бандида Мадина аҳолиси дини, ирқи ва келиб чиқишидан қатъи назар, “бошқа одамлардан ажралиб турадиган ягона жамоа (уммат)” эканлиги айтилган.

Бошқа эътиқодга эга бўлганларни мусулмонлар каби ҳимоя қилишди: “Бизга эргашган яҳудийларга зарар етказилмайди ва уларнинг душманларига ёрдам берилмайди”. Бошқа дин вакилларининг ҳаёти ҳам ҳимоя мақомига эга бўлди: “Кимки мусулмонлар билан битим тузган одамни ўлдирса, ҳеч қачон жаннат ҳидини сезмайди” (Саҳиҳ Муслим).

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан жаноза ўтаётган эди. Расулуллоҳ ўрниларидан турдилар. Шунда кимдир: “Ё Расулуллоҳ, бир яҳудийни дафн қиляптилар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У инсон эмасми?!” деб жавоб бердилар. Демак, Ислом ҳар бир кишига ҳурмат-эҳтиром кўрсатади ва алоҳида ўрин беради (Аҳмад ва Термизий ривояти).

Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларида ҳам диний бағрикенглик тарғиб қилинган ғояларни учратамиз. Жумладан, аллома Абу Мансур Мотуридийнинг “Тиловат аҳли сунна” асарида Қуръони карим оятларидан бирини тафсир этиб, Черков ва синогогларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам мусулмон ўлкаларда шу давргача улар сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир, деган фикрни билдирган.

Машҳур шарқ мутафаккири Шайх Саъдий шундай ёзади:

Бани Одам аъзоий бир бадандир,

Ҳаммаси бир моя, бир гавҳардандир.

Танангда бир аъзо гар бўлса бемор,

Бошқасида қолмас сабр ила қарор.

Ўзгалар ғамини емаса одам,

Анга нолойиқдир инсон деган ном.

Бағрикенглик тамойили “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ҳам ўз ифодасини топган. Унда халқимизнинг маънавий қадриятлари – тақводорлик, меҳр-оқибат, ўзаро ёрдам, яқинни севиш каби фазилатлар ўз ифодасини топган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги халқаро стандартларга тўла мос келадиган мазкур қонун фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қондириш, манфаатларини ҳимоя қилишда ишончли ҳуқуқий асос бўлди.

Мустақиллик йилларида масжид ва мадрасалар, черков ва синагогалар диндорларга қайтарилди. Ислом, насроний ва бошқа динларнинг меъморий ва ёзма мероси қайта тикланди. Биз бир умумий, меҳмондўст уйда, жонажон Ўзбекистонда яшаймиз. Эътиқод одамларда диний бағрикенглик ва динлараро тотувликнинг энг ёрқин туйғуларини тарбиялашга ёрдам беради. Буни Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мусулмон бўлмаганларга нисбатан бағрикенгликнинг кўплаб мисоллари билан тўла ҳаётлари тасдиқлайди.

Ўзбекистонда давлатнинг диний ташкилотлар ва диндорлар билан муносабатлари “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас”, “Инсон эътиқодсиз яшай олмайди” тамойилларига асосланади.

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан диний соҳада кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар, хусусан миллий анъана ҳамда қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, аждодларимиз хотирасини улуғлаш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва масжидларни ободонлаштириш борасида бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Диний ходимларга қўйилаётган замонавий талаблардан келиб чиқиб, диний ва дунёвий фанларни чуқур ўзлаштирган, мафкуравий хуружларга қарши тура оладиган, турли оқимларнинг ёт ғояларига раддия бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари, диний ташкилотлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида узвийликни  таъминловчи янги узлуксиз тизим шакллантирилди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида талабаларни диний бағрикенглик, умумбашарий анъана ва қадриятларимизга садоқат, бой миллий-маънавий меъросимизга ҳурмат руҳида изчил ва тизимли шаклда тарбиялаб бориш, дунё ва минтақада юз бераётган туб ижтимоий-сиёсий ва дин билан боғлиқ мураккаб жараёнлар моҳиятини теран идрок этиш ҳамда бугунги кун талабларига ҳозиржавоб етук диний соҳа мутахассиси сифатида тайёрлаш энг муҳим масала бўлиб қолмоқда.

Тошкент ислом институти ректори

Уйғун Тўлқинович Ғафуров

342440cookie-checkИслом қадриятларида бағрикенглик тамойилларини шакллантириш асослари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: