islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Собиқ иттифоқ даврида мадрасаларни очилиши

Тошкентдаги Бароқхон мадрасаси Бухородаги Мир Араб мадрасасидан мадраса биноси билим юрти учун яроқли бўлмаганидан бир неча йилдан сўнг 1958-1959 йилларда ишга туширилади. Ишга туширилгунча мадраса биноси кўрлар жамиятига қарашли бўлиб, 24 оила истиқомат қилган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати томонидан мазкур оилалар яшаши учун янги турар жой биноси қуриб берилади. Бунгача фармойиш[1] билан Тошкентда диний таълим муассасаси очиш учун берилган рухсат бекор қилинади. 1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкил қилингандан кейин ташкилот иттифоқ ҳукуматидан тарихий диний аҳамиятга эга бўлган мозорларни диндорларга қайтариб беришни сўраб мурожаат қилади. Муқаддас жойлар, масжидлар сингари ташкилотлар СССР ХКС рухсати билан очилар эди. Бошқарманинг аризаси асосида ЎзССР Халқ Комиссарлар Совети раиси 1944 йил 19 сентябрда СССР ХКС ҳузуридаги диний ишлар бўйича кенгашга қўйидаги мазмундаги хатни юборган: “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ва мусулмон диндорлари илтимоси муносабати билан ЎзССР ХКС мусулмон диндорларига қўйидаги диний арбоблари мозорларини мусулмон диндорларига зиёрат қилиш учун ибодат қиладиган бинолари билан қайтариб бериш мумкин деб ҳисоблайди:

  1. Ҳазрати Баҳоуддин — Бухоро вилоятида,
  2. Шоҳизинда – Самарканд шаҳри Когон туманида,
  3. Ҳаким Термизий — Термиз шаҳрида,
  4. Султон бобо – Қорақалпоғистон АССРда,
  5. Шоҳимардон – Фарғона вилоятида,
  6. Муҳаммад Каффол Шоший – Тошкент шаҳрида,
  7. Полвон-ота – Хива шаҳрида.

СССР ХКС ҳузуридаги Диний ишлар бўйича кенгаши 1945 йил 29 январда Ўзбекистон ХКС ҳузуридаги ишлар бўйича кенгаши вакиллигига йўлланган хатида ЎзССР ХКС еттита мозорни Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси фармойиши[2] билан қолдирилганлиги хабар қилинади. 1950-йилларнинг иккинчи ярмида ва 60-йилларда дин ва динга муносабат билан боғлиқ бир қатор қарорлар қабул қилинди. КПСС Марказий Комитети 1960 йил 13 январда “Диний маросимлар ҳақидаги совет қонунларининг диндорлар томонидан бузилишини тугатиш тартиблари тўғрисида” қарор қабул қилган. Бу қарорни амалга оширишга қаратилган қарорида[3] диндорларга хизмат қиладиган аппаратни ортиқча кўпайтириб юборган, ибодатхоналарни кенгайтирган ва асоссиз таъмирлаган, деб танқид қилинади .

Муқаддас жойларга, уларни зиёрат қилишга қарши кураш КПСС МКнинг 1958 йил 28 ноябрдаги “Муқаддас жойларни зиёрат қилишни тугатиш бўйича чоралар тўғрисида”ги қароридан кейин айниқса кучайди. Бу қарорга асосан, барча муқаддас жойлар ёпилиши керак эди. Ўзбекистон диний ишлар бўйича кенгаш вакилининг маълумотига кўра, республикада 1959 йил 30 майгача ҳисобга олинган “Муқаддас жойлар” 176 та эди. Шулардан 138 та муқаддас жой ёпилган эди. Ўзбекистон диний ишлар бўйича вакилининг 1962 йил 4 февралдаги маълумотига мувофиқ, 1960 йил   1 январда республикада фаолият кўрсатган муқаддас жойлар 295 та бўлган. 1960-1961 йилларда кўрилган чоралар туфайли 245 та муқаддас жойлар ёпилган. 1962 йил 1 январда республикада фақат 49 та муқаддас жойлар фаолият кўрсатган.

1970 йили Ғарб мамлакатлари жаҳонга советларнинг динсиз эканини, диндорларнинг барча диний эътиқодлари чегараланганлигини айтаётганинини инобатга олиб, совет ҳукумати “виждон эркинлиги таъминланганини” кўрсатиш мақсадида тезлик билан Уфа, Боку, Бўйнакск ва, хусусан, Тошкентдаги диний идораларнинг фаолиятини кенгайтиришга ва улар воситасида Тошкент шаҳрида ҳам Ислом олий маҳадини[4]  очишга, 1969 йили диния назорати қошида халқаро алоқалар бўлими ва тўрт тилда журнал[5] чоп этишга, Қуръони каримни ва “Ал- Жомеъ ас-саҳиҳ” ва “Ал-Адаб ал-муфрад”[6] асарларини араб тилида нашр қилишга, Иттифоқ бўйича йигирма беш нафар мусулмонларни ҳажга юборишга ва халқаро анжуманлар ўтказишга рухсат этилди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги рўйхатга олинган масжидлар сони 1978 йилда 70 та, 1979 йилда 71 та, 1980 йилда 74 та, 1981 йилда 78 та, 1982 йилда 80 та, 1983 йилда 80 та, 1984 йилда 82 тага кўпайтирилган. Шу давр ичида рўйхатга олинмаган ва фаолият кўрсатаётган масжидлар сони 90 тадан 46 тага камайган. 1978-1984 йиллар мобайнида рўйхатга олинган диний маросимларни бажаришга рухсат берилган диний арбоблар микдори 221 нафардан 299 нафарга кўпайган. Рўйхатга олинмаган норасмий фаолият кўрсатаётган диний арбоблар сони ўша даврда 1300 нафардан 518 нафарга камайган. 1978-1984 йилларда расмий масжидлар миқдори 12 тага кўпайган бўлса, норасмий масжидлар сони 44 тага камайган. Расмий диний арбоблар сони 78 нафарга ортган бўлса, норасмий диний арбоблар 782 нафарга камайган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Совет давлатининг ислом дини ва Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар идораси таркибига кирувчи муассасалар иш фаолиятига муносабати сиёсий вазият тақозоси билан доимий тарзда ўзгариб турган. 1944 йилдан архив ҳужжатларига кўра,совет давлатининг дин соҳасидаги сиёсати.[7] мусулмонларга берилган “виждон эркинлиги”нинг кўриниши сифатида намоён бўлди. Аслида эса уларга нисбатан танқидий муносабатда бўлинган. Жумладан, Совет тузумининг тазйиқ ва кескинликлари Диний бошқараманинг ички ва ташқи фаолиятига таъсири, диний бошқарма таркибидаги муассасаларнинг мустақил иш олиб боришларига тўсқинлик қилган. Совет ҳукумати уруш йилларида расман диний идора таркибига кирувчи муассасалар очишга рухсат берган, лекин амалда уларнинг фаолиятини имкон қадар чеклаган. Муассасалар диндонларнинг аризасига асосан республика ҳукуматининг қарори, совет ташкилотлари ва Диний назорат хулосалари асосида диний ишлар бўйича кенгаш тавсияси билан СССР Министрлар Совети қарори билан очилган. Архив манбаларига кўра, 1960 йиллардан кейин совет ҳукуматининг чекловлари диний муассасанинг молиявий иқтисодиётига катта зарар келтирган. Шунинг учун кўпгина исломий муасасалар мустақиллик йилларигача қаровсиз қолиб кетган. Айтиш мумкинки, совет давлати диний муассасаларга нисбатан турлича сиёсат олиб борган бўлсада, Диний бошқарма томонидан олиб борилган тадбирлар ўз замонасига хос ислом маданиятининг сақланиб қолишига улкан сабаб бўлган.

Тошкент ислом институти талабаси

Сулейманов Шамсиддинходжа

Фойдаланилган адабиётлар.

  1. Юлдуз Бобокуловна Турсунова, Ўтмишга назар 3 жилд, 10 сон. Т.,2020.
  2. Ғафуров У. Тошкент ислом институти: Бароқхондан Имом Бухорийгача // Тошкент Ислом университети илмий-таҳлилий ахборотномаси. 2002, 1- сон. – Б. 8-13.
  3. Салмонов А.“Ўзбекистонда совет ҳокимиятининг диний сиёсати: уйдирма ва тарих ҳақиқати” – Тошкент: Тафаккур, 2015.
  4. “Ҳидоят” ойлик диний- ижтимоий, илмий- адабий нашр 2003 й. 9 сон.
  5. Пўлатов F.Эътиқодлар кураши. – Т., 1964.

[1] 1949 йил 15 августда СССР ХКСнинг № 12800-р

[2] СССР ХКС нинг 1945 йил 28 январдаги фармойиши

[3] 1960 йил 4 февралдаги Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг “Диний маросимлар тўғрисидаги совет қонунларини бузиш фактлари тўғрисида”

[4] Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти.

[5]  “Совет Шарқи мусулмонлари”

[6] Имом Бухорийнинг асарлари.

[7] Диний тузилмаларнинг ташкил этилиши,масжид – мадраса, муқаддас қадамжолар, босмахона ва бошқалар.

347140cookie-checkСобиқ иттифоқ даврида мадрасаларни очилиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: