Аллоҳ таоло охирзамон умматини умматлар ичида энг афзали қилди. Уларнинг афзаллиги ҳар бир ишда васатий бўлганларидандир. “Васатий” сўзи “ўрта”, “мўътадил” ва “афзал” каби маъноларни англатади. Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “…сизларни ўрта уммат қилдик” (Бақара сураси 143-оят).
Дарҳақиқат, бу умматнинг ҳар бир иши мўътадиллик устига қурилган. Исроф – ижтимоий иллатлардан бири. Бу сўз “ҳаддидан ошиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса ҳар бир нарсада Аллоҳ таоло белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зот берган неъматларни ўз ўрнига сарф этмаслик исрофдир. Урфда эса мол-давлатни зое қилишга исроф дейилади. Ўзбек тилида “исроф” сўзи билан бирга “увол қилиш” ва “неъматни қадрламаслик”, “нест-нобуд қилиш” каби ифодалар ҳам қўлланади.
Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди! Лекин унинг маъносини тушунтириш учун олимлардан бири қуйидаги мисолни келтиради: “Коса тагида ортиб қолган таомни тоза емаслик ҳам исрофдир”. Энди бир ўйлаб кўрайлик, коса тагида ортиб қолган озгина таомни еб қўймаслик исрофгарчиликка кирса-ю, ҳаётимиздаги кераксиз дабдабабозликларни нима деб баҳолаш мумкин?!
Барча уламолар исрофнинг ҳаром ва гуноҳи кабира эканига иттифоқ қилганлар.
Аллоҳ таоло исрофгарни суймайди.
Бу ҳақида Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидининг Анъом сураси 141-оятида бундай марҳамат қилади: “Ва исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилгувчиларни севмас”.
Исрофгар шайтоннинг дўстидир.
“Исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси 27-оят).
Исроф деганда, кўпчилик емоқ-ичмоқнинг ортиб қолишини тушунади, холос. Лекин исрофнинг жуда кўп турлари бор. Уларнинг энг кўп тарқалган кўринишларидан бири озиқ-овқатдаги исроф.
Аллоҳ таоло емоқ-ичмоқда исрофга берилишдан қайтаради. Бу ҳақида Ўз Китобида бундай марҳамат қилади: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф сураси 31-оят).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исроф ва такаббурлик қилмаган ҳолда енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар!” дедилар” (Имом Насоий ривоятлари).
Емоқ-ичмоқдаги исроф нафс хоҳлаган ҳар нарсани еявериш, ҳаром ва шубҳали нарсаларни истеъмол қилиш ҳамда тўйгандан кейин еб-ичиш билан бўлади.
Миқдом ибн Маъдийкариба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган луқмалар етарлидир. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир”, дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Тиббиёт олимларининг таъкидлашича, аксарият касалликлар нотўғри ва кўп овқатланишдан келиб чиқади.
Шу ўринда сув исрофи ҳақида ҳам бир оз тўхталсак. Сув Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан бири бўлиб, инсон ҳаётини сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Ер юзида чучук сув захираси жуда оз. Дунёда ичишга яроқсиз қарийб 98 фоиз сувни уммон ва денгизларнинг шўр суви ташкил қилади. Шундан ичишга яроқлиси фақатгина 2 фоиз чучук сувдир.
Ўз бандаларига ўта меҳрибон Парвардигори олам Қуръони каримда бутун инсониятга қарата бундай марҳамат қилади: “Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдиргувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?” (Воқеа сураси 68-70-оятлар).
Кўча-кўйда ичимлик сув исроф бўлаётганига кўп гувоҳ бўламиз. Уйда баъзан эҳтиёжимиздан ортиқча сув сарфлаймиз, тежамаймиз. Шуни унутмаслик керакки, ҳатто таҳоратда бўлса ҳам, сувни исроф қилиш ярамайди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган Саъд розияллоҳу анҳунинг олдидан ўтдилар ва: “Бу қандай исрофгарчилик?!” дедилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, гарчи оқар дарё олдида бўлсангиз ҳам, исроф бўлади!” дедилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратларига бир мудд (0,688 литр), ғуслларига эса бир сў (2,752 литр) сув ишлатардилар. Биз ҳам мана шуларга амал қилсак, сув билан боғлиқ муаммолар ечимига ҳисса қўшган бўламиз. Келажак авлодга бебаҳо неъматни етказа оламиз.
Исроф масаласи кийим-кечакка нисбатан ҳам қўлланади. Инсон ўзига керакли либосларнигина кийишга одатланиши лозим. Мода ортидан қувиб, сон-саноқсиз кийим-кечак ва турли либосларни сотиб олиш ҳам исроф.
Муҳтож кишиларга эҳсон ва садақа қилиш марғуб амаллардан ва бунинг учун бандага улкан савоблар ваъда қилинган. Аммо бу борада ҳам меъёрдан ошилса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади. Саховат гўзал фазилатлардан бири бўлса-да, бу борада хасислик ва исрофгарчилик ўртасидаги меъёрни тутиш муҳимдир.
“Қўлингни бўйнингга боғлаб олма! Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма! Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин!” дейилади Қуръони каримнинг Исро сураси 29-оятида.
Ушбу ояти каримада мол-давлатнинг сарфи аслида қандай бўлиши кераклиги баён қилинмоқда.
“Қўлингни бўйнингга боғлаб олма!”, яъни бахил бўлма! Ояти каримада бахиллик жуда ҳам ажойиб ўхшатиш билан васф қилинмоқда. Қўлини бўйнига боғлаб олган одам ҳеч қачон ҳамёнига қўл сола олмайди ва ундан пул олиб, бировга эҳсон қилмайди. Шунинг учун бахил қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда.
“Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма!”, яъни қўлингни бир йўла ёзиб, бор-йўғингни бошқаларга бериб, тугатиб ҳам қўйма!
“Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин!” Ўйламасдан, борини беҳуда сарфлаб, сариқ чақасиз қолган одам маломатга учрайди. Уни ҳамма маломат қилади. Нотўғри ва ноўрин тасарруфини қоралайди. Шунингдек, вақт ўтгандан кейин унинг ўзи ҳам қилган ишига пушаймон бўлиб, ҳасрат-надомат чекади.
“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, тутган йўллари бунинг ўртасида – мўътадилдир”, дейилади Қуръони каримнинг Фурқон сураси 67-оятида.
Хайр-эҳсонда исрофгарчилик қилиб, турли тадбир ва маросимларда кимўзарга, дабдабаларга берилиш ортида кибр ва риё иллатлари ётади. Бундай иллатлар инсонни дунё ва охиратда ҳалокатга олиб боради.
Юқорида моддий неъматлар исрофи ҳақида эслаб ўтилди. Лекин исрофнинг энг ёмон кўриниши маънавий исрофгарчиликдир. Улардан бири ибодатдаги исрофдир.
Буни қарангки, ҳамма нарсани тартиб-интизом билан адо этишга чақирган динимиз ибодатларда ҳам мўътадил бўлишга ва исрофга йўл бермасликка чорлайди!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, бу дин – енгилдир! Бирор киши динни қийинлаштирса, уни мағлуб қилади. Шундай экан, тўғри бўлинг, яқинлашинг, башорат беринг, енгиллаштиринг ва эрталаб, заволдан кейин ҳамда туннинг бир қисмида ибодат билан ёрдам сўранглар!” деб марҳамат қилдилар” (Имом Насоий ривоятлари).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирганларида икки устунга тортилган арқонни кўрдилар ва “Бу нима арқон?” дедилар. “Бу Зайнабнинг арқони. Агар у ибодат қилиб чарчаса, унга осилади”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Уни ечинглар! Ҳар ким ўз қувватига қараб намоз ўқисин. Агар чарчаса, ётсин!” дедилар” (Муттафақун алайҳ).
Бугунги кунда баъзи инсонлар ҳаддан ошиб, шахсий имкониятларини ҳисобга олмай, ибодатга қаттиқ киришиши натижасида ўзини машаққатга қўймоқда. Бу ҳолат динимиз кўрсатмаларига зиддир. Тананинг ҳам ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини бериш лозим. Ибодатларда мўътадилликка амал қилмаслик ортида шайтоннинг ўша ибодатлардан бездириб, уларни тарк қилдириш режаси ётади.
Бу борада юқоридаги ҳадиси шариф бизларга дастуруламал бўлади.
Умр Аллоҳ таолонинг бандага берган энг улуғ неъматларидан биридир. Умрнинг бошқа неъматлардан фарқи шундаки, бошқа барча неъматлар қўлдан кетгач, яна унга эришиш мумкин, аммо умр бундай эмас. Умр инсонга бир маротаба берилади. Ўтиб кетгач, ортга қайтмайди. Умр шу даражада улуғ неъмат бўлишига қарамай, афсуски, уни беҳуда ишларга сарфлаб, жуда ҳам кўп исроф қилиб юборамиз.
Илм ва истеъдоднинг ҳам исрофи бор. Илм-маърифат ҳосил қилиш – энг улуғ фазилатлардан. Илм соҳиби бўлгач, аввало, илмига амал қилиш ва уни бошқаларга ҳам ўргатиш ҳар бир зиё аҳлининг зиммасидаги вазифасидир. Акс ҳолда, амал қилинмаган ва ўзгаларга ўргатилмаган илм исроф ҳисобланади. Бунинг охиратдаги жавобгарлиги оғир бўлади.
Аллоҳ таоло берган ҳар бир неъматни қадрлаб, шукрини адо этувчи халқлардан бўлишимизни насиб айласин! Исроф ва шунга ўхшаган ножоиз иллатлардан Ўз паноҳида асрасин!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 14-декабрь, 254-сон