islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аббосийлар даврида фиқҳий мазҳаблар

“Фиқҳ” сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади.

Шариат истилоҳида эса шаръий далиллардан фаръий далиллларни чиқаришга “фиқҳ” деб айтилади.

Ушбу таърифдаги “шаръий далил” истилоҳидан асосан Қуръони Карим оятларини ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини тушунамиз.

“Фаръий ҳукмлар” эса луғатда аслийнинг тескариси, яъни шоҳобча, кичик аҳамиятли деган маънони англатади.

Шариатда эса ибодат ва муомалотларни ўз ичига олувчи ҳукмлар фаръий ҳукмлардир”

“Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фиқҳни алоҳида мадҳ қилганлар. Мисол учун, қуйидаги ҳадисни олишимиз мумкин.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар” (Тўртовлари ривоят қилишган).

Тўртинчи ҳижрий асрга келиб уламолар ўзлари тақлид қилаётган мазҳабларини қўллаб қувватлаб, уни оммага ёйишга ҳаракат қилдилар. Мазҳабларнинг ривожланишида, уларнинг кенг тарқалишида сиёсий ва ижтимоий омиллар ҳам ўз таъсирини кўрсатган.

Ҳанафий мазҳаби иккинчи ҳижрий асрдан шарқу ғарб, шимолу жанубга ўз нуфузини ўтказа бошлади ва биринчи босқичда Аббосийлар давлати худудида тарқалди, сўнгра кўп ўлкаларда барча халқларнинг ичига кириб бориб, улар томонидан қабул қилинди.

Ҳанафий мазҳаби асосан Аббосийлар халифалиги даврида гуркираб ривожланди. Бунда ўша даврнинг қозиси, Абу Ҳанифанинг катта шогирди Имом Абу Юсуфнинг хизматлари катта. У киши халифалик ҳудудидаги қозилик лавозимларига фақат ҳанафий мазҳабидаги олимларни тайин қилдилар. Ҳанафий мазҳаби асосчиси Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан таълим олган фақиҳлар жуда кўп бўлиб, улардан Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад, Имом Зуфар сингари фақиҳлар шуҳрат қозонган.

Имом Молик Мадиналик бўлганлари учун Ҳижоз аҳолиси у кишининг мазҳабларини тутишди. Шунингдек, ҳаж зиёратига келган кишилар Имом Молик ва у кишининг мазҳабидаги олимлар билан музокаралар олиб бориши натижасида Африка қитъасидаги давлатларга Моликий мазҳаби кириб борди. Моликий мазҳаби асосчиси Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Ҳижоз аҳли ва ҳадис йўлини тутган фақиҳларнинг етакчиси эди. Бу мазҳаб аббосийлар даврида Африка шимоли ва Андалусгача тарқалди. Мазҳаб имомининг асосий китоби “Муватто” ҳисобланади.

Шофеий мазҳабининг ёйилишида аҳли ҳадисларнинг таъсири катта бўлди. Чунки, Шофеий ишончли суннатни Қуръондек маҳкам ушлаган, оҳод ҳадисларни ҳужжат қилишни қаттиқ туриб ҳимоя қилар эдилар. Бу эса, аҳли ҳадислар учун айни муддао эди. Шофеий мазҳаби Миср ва Африкада тарқалди.

Ҳанбалий мазҳаби асосчиси Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдир. Ҳанбалий мазҳаби Аббосийлар устига келган мўғуллар босқинидан кейин кўлами пасая борди. У пайтгача ҳанбалий мазҳаби салкам асосий мазҳаб эди. Мўғуллар эса ҳанбалийларни ўзларининг ашаддий душманлари деб билдилар ва қандай бўлмасин улардан қутулишга интилдилар.

Ҳанбалий мазҳаби эса фақатгина XIX асрга келиб Саудия ҳукуматининг юзага келиши асносида ривож топди.

Ҳижрий иккинчи-учинчи аср бошларида халифалик қилган Маъмуннинг ҳукмронлик муддати узлуксиз исёнлар ва қўзғолонлар даврига тўғри келган бўлишига қарамай, халифа дам олиш учун ҳам, қурилиш ишлари ҳамда халифаликнинг илмий марказларида машғулот олиб боришга ҳам вақт топар эди. Айнан унинг ҳукмронлиги даврида мусулмон маданияти Ўрта Ер денгизи атрофига ёйилди. Маъмуннинг ўтган подшоҳлиги қисқа бўлса ҳам, тарих унинг буюк аҳамиятга эга бўлганлигини эътироф этади. У дорул фунунга асос солди. Ҳамма жойдан китоблар тўплаб, қобилиятли кишиларни йиғади ва уларга зарур илмий шароит ҳозирлаб берди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

357770cookie-checkАббосийлар даврида фиқҳий мазҳаблар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: