islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳадислар қайси мақсадда айтилган?

Қуръони Карим оятларини яхши тушуниш учун ўша оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билиш жуда зарурлиги маълум ва машҳур ҳақиқат! Ҳудди шу нарса ҳадиси шарифларга ҳам таълуқлидир. Баъзи ҳадиси шарифларнинг айтилиш сабаблари бор. Ана ўша сабабаларни ўргангандагина ҳадисдан кўзланган мақсадни аниқ англаб етиш мумкин. Шунингдек, баъзи ҳадиси шарифларда маълум бир шахсга, замонга, маконга, шарт-шароитга тегишли муаммолар муолажа қилинган бўлади. Ушбу зикр қилинган ва яна бошқа баъзи зикр қилинмаган сабабларга кўра ҳадиси шарифларни тўғри тушиниш учун етарли илм, дақиқ назар, шариатимиз мақсадларини идрок қилиш, динимиз таълимотларидан тўла хабардорлик зарур бўлaди. Ана шундагина ҳадиси шарифларда келган ҳукмларнинг қайси бири умумий, қайси бири маълум шахслар учун хусусий, қайси бири вақтинча, қайси бири доимий, қайси бири жузъий ва қайси бири куллий эканини тушуниб оламиз.

Бир мисол келтирайлик, Имом Абу Довуд ва имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен учун, мушрикларнинг ичида яшайдиган ҳар бир мусулмон бегонадир”-деганлар.

Агар ҳадиси шарифнинг сиртқи маъносига қаралса мусулмон бўлмаган жамиятда битта ҳам мусулмон турмаслиги керак. Агар ким ғайридин жамиятда яшаса мусулмонлиги қолмайди. Чунки, ундай одамни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “менга бегоналар”, демоқдалар. Лекин, қадимдан бундай бўлмаган. Бугунги кунда ҳам кўплаб мусулмонлар бошқа юртларда яшамоқдалар. Уларга ҳеч ким, хатто насиҳат юзасидан ҳам танбеҳ бераётгани йўқ. Баъзи уламоларнинг ўзлари ҳам ғайридин ўлкаларда яшамоқдалар. Бунинг сабаби мазкур ҳадиснинг ҳақиқий маъноси юзаки маъносидан тамомила фарқ қилишидадир. Уламолар мазкур ҳадисни ўрганиб чиқсалар, унинг айтилишича ўша даврдаги аянчли бир воқеа сабаб бўлган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хасъам қабиласи томон бир гуруҳ жангчи саҳобаларни юборибдилар. Улар ўша жойда намозда сажда қилиб турганларида душман кўпларини ўлдириб юборибди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида улар хунининг ярмини беришга буюрибдилар ва: “Мен учун мушриклар ичида яшайдиган ҳар бир мусулмон бегонадир” дебдилар. Бу – ўша мусулмон у ерда ўлдирилса мен учун унинг хунини тўлаш бегонадир, деганлари экан. Чунки, мазкур ҳодисага учраган кишилар хавф-хатарни кўра-билиб туриб, бепорволик қилганлар. Душманга ўзларини ўлдиришга шароит яратиб берганлар. Шунинг учун ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга нисбатан юқоридаги муомалани қилганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имомлар Қурайшдан бўлур”-деганлар. Бу ҳадиси шарифга биноан Имомлар (Ислом давлатининг бошлиқлари) Қурайш қабиласи аъзоларидан бўлиши шарт. Баъзи кишиларнинг Ислом давлатига бошлиқ бўлиши мумкин эмас. Уламоларимиз бу масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифни ўз замонларини эътиборга олиб айтганлар, деган хулосага келганлар. Чунки, ўша пайтда Қурайш қабиласи бошқалардан кўра дават бошлиғи тайёрлаш талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган қабила эди.

Саҳобаи киромлар ҳадисларнинг сабаблари ва мақсадларига қараб амал қилишда ҳаммага ўрнак бўлишган. Чунки, улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганлар, улар орасида ҳадиси шарифларни нима учун, қандоқ, қай тарзда, нима мақсадда айтилганини биладиганлар кўп бўлган.

Тошкент ислом институти талабаси

Саидасрор Нақибхонов

365720cookie-checkҲадислар қайси мақсадда айтилган?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: