islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Марказий Осиё мутафаккирларининг илмий-маънавий ва диний-маърифий меросининг ёш авлод тарбиясидаги ўрни

“…шу ишларимиз, ислоҳотларимизнинг барча-барчаси улуғ ва ягона бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, халқимизнинг тинчлиги, осойишталигини асраш, аҳоли фаровонлигини ошириш, фарзандларимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялашдан иборат”[1].

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда ҳар жиҳатдан етук ва баркамол шахсни тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб келган. Шу маънода, бугун амалий ишлар доирасида ёш авлодни ҳаётга қатъий эътиқод ва қарашлар руҳида тарбиялашга ва менталитетимизга ёт бўлган зарарли ижтимоий иллатларга қарши тура оладиган, миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар асосида камолга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти марҳум Ислом Каримов “Биз мутафаккирларимизнинг қутлуғ меросидан бутун халқимиз, жумладан, ёшларимизнинг ҳам бахраманд бўлишига, уларнинг маънавий муҳитда камол топишига, ислом динининг инсонпарварлик фалсафаси, буюк ғоялари ёш авлод юрагидан ҳам жой олишига шароит яратмоқдамиз. Бошқача айтганда, биз фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган Ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий Ҳикматлари асосида тарбия қилмоқдамиз”, – деб таъкидлаган эди.

Мазкур эзгу ишларнинг мантиқий давоми сифатида қисқа муддат ичида мамлакатимизда улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан халқимизнинг маънавий меросини қадрлаш, маърифий ислом динини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий, Қашқадарё вилоятидаги Абу Муин Насафий мақбаралари, Навоий вилоятидаги Нурота зиёратгоҳи ва бошқа қадамжолар қайтадан тўлиқ таъмирланди.

Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида фиқҳ мактаби, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактаби ташкил этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти – ISESCOнинг Махсус кафедрасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.

Мазкур ташаббус ислом маърифатини ёшлар онгига сингдириш, умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали илмий-маънавий, диний-маърифий меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилиши таъкидланган эди.

Бугун мазкур таклиф ижроси ўлароқ, Ҳалқаро ислом академияси тизимида Таълим, фан ва маданият масалалари  бўйича ислом ташкилоти –  ISESCOнинг  Махсус кафедраси фаолият юритмоқда.

Биз қуйидаги йўналишлар бўйича фаолиятни янада ривожлантириш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз:

– ёшларимизни маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказувчи нохолис ахборотлар таҳдидидан ҳимоя қилиш;

– Марказий Осиё мутафаккирларнинг асарларидаги толерантлик (бағрикенглик) муҳитини афкор оммага янада кенгроқ ёритиш;

– муқаддас ислом динини пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтиришда заминимиздан етишиб чиққан алломаларимизнинг тарбиявий ўгитларидан кенг фойдаланиш;

– экстремистик оқимлар томонидан тарғиб қилинаётган ақидавий даъволарига улуғ алломаларимизнинг дин соҳасидаги асарларидан фойдаланиб, асосланган илмий раддиялар бериш;

– мутафаккирлар асарларининг жамият ҳаётига фойдаси, унинг замиридаги улкан бунёдкорлик, баркамол авлод тарбияси каби улуғ мақсадларини ёритиш, уларнинг асарларини тарғиб қилишга қаратилган ишланмаларни кенг аҳоли оммасига етказиш;

– алломаларининг ислом динининг эзгулик, тинчлик ғояларини тарғиб қилувчи асарлари мазмунини оммабоп нашрларда мунтазам равишда чоп этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш.

Шунингдек, ёшларда дин хақида ҳолис дунёқарашни шакллантиришда Марказий Осиё мутафаккирларининг меросидан унумли фойдаланиш ҳам самарали натижа беради. Бинобарин, уларнинг беқиёс маънавий меросини ёшларимизга таълим бериш орқали илм соҳаларига бўлган қизиқишларининг янада орттиришга сабаб бўлади.

Зеро, Шарқ мутафаккирларининг қарашларида инсоннинг маънавияти,  комиллиги, хулқи, ахлоқи, соғлом турмуш тарзи каби масалалар ўрганилиб келиши баробарида, бу фазилатлар ислом дини хусусан, унинг манбалари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларда ҳам яққол кўзга ташланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: “Айтинг: Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар тенг бўлурми?!” (Зумар сураси, 9-оят) Албатта улар тенг бўлмайдилар. Биладиганлар элу юртига манфаат келтиради, яхши-ёмонга ажрата олади, аниқ маълумотларга таяниб иш тутади. Мазкур оятдан бизга аён бўладики, илм аҳли бўлган уламолар, олимлар, буюк мутафаккирлар Аллоҳ наздида улуғ бўлиб, тўғри йўлга бошловчи кишилардан ҳисобланади.

Уламолар, Аллоҳнинг шариатини билувчилар, Унинг динининг фақиҳлари ва ҳидоят ҳамда аниқ ҳужжат узра ўз илмларига амал қилувчилардир. Улар ҳикмат эгаларидирки, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: “Кимга ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди” (Бақара сураси, 269-оят).

(Ҳикмат билан тассаввур қилган инсон ҳар бир ишни ўз ўрнига қўйиб, меъёрида амалга оширади, адолат билан иш юритади. Умуман, ҳикматли бўлишлик унга жуда кўп яхшилик келтиради).

Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” китобида:

Улуғ зотлардан бири айтади: “Олимлар замона чироқларидир. Ҳар бир олим замонасининг чироқлари бўлиб, ўша замондаги кишилар уларнинг нуридан фойдаланади”.

Ҳасан Басрий ҳазратлари эса: “Олимлар бўлмаганида, инсонлар чорва моллари каби бўлиб қолардилар”. Яъни олимлар инсонларга илм ўргатиш йўли билан ҳайвонлик даражасидан инсонлик мартабасига кўтаради.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Инсонларга яхшиликни ўргатувчи муаллим ҳаққига барча нарсалар, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади”.

Демак, ёшларимиз чин маънода мазкур қадриятлардан қанчалик кўп сабоқ олса, уларга ишонса ва уларга амал қилса, ёшларнинг тафаккури шунчалик бойиб, маънавий баркамоллиги юксалиб боради.

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадилар: “Икки кунини бир хил ўтказган киши зарар кўради” дедилар.

Мусулмон киши ҳар куни олдинга (келажакка) қараб ҳаракат қилувчи ва доимо ўзини камол топтирувчи инсондир. Кўп ўқиган, кўпроқ меҳнат қилган ҳамда кўпроқ изланган инсон ўзига, жамиятига ва динига фойда келтиради.

Қуръони каримнинг яна бир сурасида олимларга эргашиш, улардан таълим олиш ҳақида кўрсатмалар келган. Ҳусусан, Аллоҳ таоло айтади: “Бас, агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўранг!” (Анбиё сураси 7-оят).

Буюк ва олий бўлган Аллоҳ бизларни билмаган пайтда уламолардан сўрашга йўлламоқда ҳамда уларни “зикр аҳли” деб номламоқда. Демак, ана шу уламоларнинг хусусияти, уларнинг Қуръон, суннат ва замон билимларини энг яхши билган инсонлар бўлганлигидандир.

Шундай экан, улуғ аждодларимизнинг илмий-маънавий, диний-маърифий меросини тарғиб қилиш, ҳозирги кунда яратилаётган моддий ва маънавий мулкни авайлаб-асраш бўйича тарбиявий ишларни кучайтиришимиз зарур.

[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  2017 йил 15 июнь. “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги диний соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган анжуманда сўзлаган нутқидан.

 

Маънавият, маърифат ва иқтидорли

талабалар билан ишлаш бўлими

бошлиғи Ўткир СОБИРОВ

 

36790cookie-checkМарказий Осиё мутафаккирларининг илмий-маънавий ва диний-маърифий меросининг ёш авлод тарбиясидаги ўрни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: