islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Намозга ухлаб қолган ёки унутиб қўйган кишига доир ҳадислар

19:11:51

Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири  Ҳ.Нурбаев томонидан Модуль таълим тизими 2-курс талабаларига “Намозга ухлаб қолган ёки унутиб қўйган кишига доир ҳадислар шарҳи”  мавзусида очиқ дарси бўлиб ўтди. Ушбу очиқ дарс таҳлилида институт устозларидан С.Примов, И.Аҳроров, Ш.Шаджалилов, Ф.Жўраев, А.Мирзамиддинов,  С.Аҳмедов, Х.Юсупов, Т.Азимов, С.Аҳмедов, С.Жўраев, И.Жўрабоевлар иштирок этдилар. Очиқ дарс интерфаол услубда, савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Шунингдек  мавзуга доир ҳадислар шарҳланиб, ҳадислар санади ва ровийлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Ҳадисларни фиқҳий далиллик жиҳатлари алоҳида ўрганилди.

Дастлаб, ўтган дарсда ўтилган “Намоз вақтларига оид ҳадислар” мавзусидаги билимлар синовдан ўтказилди.

وَقْتُ الصُّبْحِ مِنَ الْفَجْرِ الْمُعْتَرِضِ فِي الْأُفُقِ إِلَى الطُّلُوعِ. وَالظُّهْرِ مِنَ الزَّوَالِ إِلَى بُلُوغِ ظِلِّ كُلِّ شَيْءٍ مِثْلَيْهِ، سِوَى فَيْءِ الزَّوَالِ، وَفِي رِوَايَةٍ: مِثْلهُ. وَالْعَصْرِ مِنْهُ إِلَى الْغُرُوبِ. وَالْمَغْرِبِ مِنْهُ إِلَى غَيْبَةِ الشَّفَقِ: هُوَ الْحُمْرَةُ، وَبِهِ يُفْتَى. وَالْعِشَاءِ مِنْهُ، وَالْوِتْرِ بَعْدَهُ إِلَى الْفَجْرِ لَهُمَا

Бомдоднинг вақти уфқда кўндаланг бўлган фажрдан бошлаб, то қуёш чиққунчадир. 

Пешиннинг вақти заволдан то ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча. Завол пайтидаги соядан бошқа. Бир ривоятда бир баробар, дейилган. 

Асрнинг вақти ўшандан қуёш ботгунча. 

Шомники ундан то шафақ ғойиб бўлгунча. У қизғишликдир ва бунга фатво берилгандир. 

Хуфтон ва ундан кейин витр – иккиси ҳам мазкур вақтдан то фажргачадир.  

Мустаҳаб вақтлар

وَيُسْتَحَبُّ لِلْفَجْرِ الْبَدَاءَةُ مُسْفِرًا، بِحَيْثُ يُمْكِنُهُ تَرْتِيلُ أَرْبَعِينَ آيَةً، ثُمَّ الْإِعَادَةُ إِنْ ظَهَرَ فَسَادُ وُضُوئِهِ

وَيُسْتَحَبُّ تَأْخِيرُ ظُهْرِ الصَّيْفِ وَتَأْخِيرُ الْعَصْرِ مَا لَمْ تَتَغَيَّرْ، وَالْعِشَاءِ إِلَى ثُلُثِ اللَّيْلِ. وَالْوِتْرِ إِلَى آخِرِهِ، لِمَنْ يَثِقُ بِالْاِنْتِبَاهِ. وَتَعْجِيلُ ظُهْرِ الشِّتَاءِ وَالْمَغْرِبِ. وَيَوْمُ غَيْمٍ يُعَجَّلُ الْعَصْرُ وَالْعِشَاءُ وَيُؤَخَّرُ غَيْرُهُمَا

Бомдодни субҳ оқарганда бошлаш мустаҳабдир. Токи қирқ оятни тартил қилишга ва таҳорати йўқлиги зоҳир бўлиб қолса, яна қайтаришга имкон бўлсин.

Ёзда пешинни кечга суриш мустаҳабдир. Асрни ҳам, модомики қуёш ўзгармаса. Шунингдек, хуфтонни кечанинг учдан биригача ва уйғонишга ишончи борлар учун витрни (кечанинг) охиригача (суриш мустаҳабдир).

Қишда пешин ва шомни эрта ўқиш мустаҳабдир. Булутли кунда аср ва хуфтонни эрта ўқилади. Иккисидан бошқани кеч ўқилади.

Макруҳ вақтлар

وَلَا يَجُوزُ صَلَاةٌ، وَسَجْدَةُ تِلَاوَةٍ، وَصَلَاةُ جِنَازةٍ عِنْدَ طُلُوعِهَا وَقِيَامِهَا وَغُرُوبِهَا، إِلَّا عَصْرَ يَوْمِهِ

وَتُكْرَهُ إِذَا خَرَجَ الْإِمَامُ لِلْخُطْبَةِ

وَيُكْرَهُ النَّفْلُ فَقَطْ بَعْدَ الصُّبْحِ إِلَّا سُنَّتَهُ، وَبَعْدَ أَدَاءِ الْعَصْرِ إِلَى أَدَاءِ الْمَغْرِبِ

وَمَنْ هُوَ أَهْلُ فَرْضٍ فِي آخِرِ وَقْتِهِ، يَقْضِيهِ فَقَطْ، لَا مَنْ حَاضَتْ فِيهِ

Қуёш чиқаётганда, қиёмда турганда ва ботаётганда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш ва жаноза намози ўқиш жоиз эмас. Фақат ўша куннинг асри бундан мустасно. Мазкурлар имом хутбага чиққанда ҳам макруҳдир.

Субҳдан кейин унинг суннатидан бошқа нафл макруҳдир. Шунингдек, аср адо қилинганидан кейин, то шомни адо қилгунча ҳам шундай.

Ким намознинг охирги вақтида аҳли фарз бўлиб қолса, фақат ўша намозни қазо қилади. Охирги вақтда ҳайз кўрган қазо қилмайди. 

Мана, «Мухтасар»да келган матннинг таржимаси билан танишиб олдик. Келинг, энди унинг шарҳини ва ҳар бир ҳукм қайси шаръий далилдан олинганини ўрганиб чиқайлик.

  1. Бомдоднинг вақти уфқда кўндаланг бўлган фажрдан бошлаб, то қуёш чиққунчадир.

Тонг отиб, янги кун бошланиши билан биринчи фарз бўладиган намоз бомдод бўлгани учун, гап айни шу намознинг вақтини баён қилишдан бошланмоқда.

Бу жумладаги «уфқда кўндаланг бўлган фажр»дан мурод субҳи содиқдир. Бундан олдин узунасига, бўрининг думига ўхшаб кўринадиган субҳи козиб ҳақиқий фажр эмаслигини шундан билиб оламиз.

عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدُبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ   قَالَ: لَا يَغُرَّنَّكُمْ مِنْ سَحُورِكُمْ أَذَانُ بِلَالٍ وَلَا بَيَاضُ الْأُفُقِ الْمُسْتَطِيلُ هَكَذَا حَتَّى يَسْتَطِيرَ هَكَذَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ. وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: لَا يَمْنَعَنَّكُمْ مِنْ سُحُورِكُمْ أَذَانُ بِلَالٍ وَلَا الْفَجْرُ الْمُسْتَطِيلُ، وَلَكِنِ الْفَجْرُ الْمُسْتَطِيرُ فِي الْأُفُقِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Саҳарликларингиздан Билолнинг азони ҳам, уфқда бундай бўлиб кўтарилган оқлик ҳам сизни алдаб қўймасин. Токи мана бундай бўлиб ёйилгунча (бўлаверади)», дедилар». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Термизийнинг лафзида: 

«Саҳарликларингиздан сизни Билолнинг азони ҳам, баландга кўтарилган фажр ҳам ман қилмасин. Лекин уфққа ёйилган фажр бўлса (бўлади)», дейилган.

Тонг отиш пайти икки босқичдан иборат бўлади.

Биринчи босқичда ёруғлик пастдан юқорига кўтарилади, буни «субҳи козиб» ёки «фажри козиб» дейилади. Яъни «ёлғончи тонг» дегани. Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳукмига кўра, ўша субҳи козиб вақтида саҳарлик вақти ҳали тугамаган бўлади.

Иккинчи босқич эса ёруғликнинг уфқ бўйлаб кўндалангига тарқалиши билан бўлади. Буни «субҳи содиқ» ёки «фажри содиқ», яъни «рост тонг» дейилади. Ана шунда оғизни беркитиш вақти кирган бўлади. Ундан кейин саҳарлик қилиш мумкин эмас. Чунки шунда бомдод намозининг вақти кирган бўлади.

Бомдод намозининг охирги вақти қачонлигига далил:

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида:

وَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ قَبْلَ طُلُوعِ الشَّمْسِ

«…Қуёш чиқишидан олдин… Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт», деган (130-оят).

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  عَنْ وَقْتِ الصَّلَوَاتِ، فَقَالَ: «وَقْتُ صَلَاةِ الْفَجْرِ مَا لَمْ يَطْلُعْ قَرْنُ الشَّمْسِ الْأَوَّلُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас, у зот: 

«Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча…» дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

  1. Пешиннинг вақти заволдан то ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча. Завол пайтидаги соядан бошқа. Бир ривоятда бир баробар, дейилган.

Пешиннинг аввалги вақтини белгилашда уламолар ушбу оятдан далил олганлар:

أَقِمِ الصَّلاَةَ لِدُلُوكِ الشَّمْسِ إِلَى غَسَقِ اللَّيْلِ

«Қуёш оғишидан то тун қоронғисигача намозни тўкис адо эт» (Исро сураси, 78-оят).

Кўпчилик тафсирчи уламоларимиз: «Ушбу ояти каримадаги «Қуёш оғиши» заволга кетишини билдиради ва бу билан пешин намози вақти киради», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас, у зот:

«Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча, пешин намозининг вақти қуёш осмон қорнидан заволга кетгандан», дедилар.

Заволни билиш учун текис жойдаги бирор нарсанинг соясига назар солиш керак. Агар соя қисқариб борса, заволдан олдинги вақт бўлади. Агар соя тўхтаб турса, қиём вақти бўлади. Агар соя узая бошласа, завол вақти бўлади.

Пешиннинг охирги вақтини белгилашда уламоларимиз икки хил ижтиҳод қилганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Завол пайтидаги сояни ҳисобга олмай, ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча», деганлар.

Имом Абу Юсуф, Муҳаммад ва Зуфар раҳматуллоҳи алайҳим: «Завол пайтидаги сояни ҳисобга олмай, ҳар бир нарсанинг сояси ўзига бир баробар бўлгунча», деганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг далили имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ   قَالَ: إِذَا اشْتَدَّ الْحَرُّ فَأَبْرِدُوا بِالصَّلَاةِ، فَإِنَّ شِدَّةَ الْحَرِّ مِنْ فَيْحِ جَهَنَّمِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳарорат шиддатли бўлган пайтда намозни совутиб ўқинглар. Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир», дедилар».

ТИИ Матбуот хизмати

 

381410cookie-checkНамозга ухлаб қолган ёки унутиб қўйган кишига доир ҳадислар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: