islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳафс қироатининг тарқалиши

Имом Ҳафс қироатларининг бутун ислом уммати ичида жуда кенг тарқалишига сабаблардан бири у кишининг ғўзал овозлари бўлган. У кишининг овозлари ўша даврдаги ислом диёрларига етиб бориб, инсонлар у кишининг қироатларини эшитиш учун сафар қилиб, Куфага келганлар. Айтиб ўтганимиз каби имом Ҳафснинг қироатларини бутун дунёга тарқалишига сабаб у кишиннинг ширин овози бўлган-ки, ўша замонда Ямандан, Шомдан, Маккадан, Мадинадан, Мисрдан одамлар бири эшитса, бирига хабар бериб, туяларда, ҳачирларда, отларда ўша замон уловларида ойлаб юрганлар.
Одамлар бир ҳафтани ният қилиб борган бўлса бир ойга, бир ойни ният қилган борган бўлса, олти ойга сафари чўзилган, у кишини оғизларидан Қуръони Каримни, қироатни ўрганиб, юртларига келиб бу қироатни тарқатишган. Шу билан у кишининг қироатлари бутун дунёга тарарқалган. Ҳозирда имом Ҳафс қироатида ислом умматининг 95 фоизи Қуръони Каримни ушбу қуроатда ўқийди. Ислом диёрларидан Мағриб, Тунис ва Ливиянинг баъзи чеккаларидан бошқа ҳамма ислом давлати ва диёрларидаги мусулмонлар имом Ҳафс қироатида ўқийди.
Даставвал ҳар бир имомнинг қироати ўз даврида ўзи яшаган ҳудудда тарқалган. Лекин тарихий жараёнлар натижасида қироатларнинг тарқалиш харитаси ўзгарди. Натижада, бугунги кунда Ҳафс ибн Сулаймоннинг Осим ал-Куфийдан қилган ривояти энг машҳур ва оламда энг кенг тарқалган қироат ҳисобланади. Жумладан, Марказий Осиё, хусусан юртимизда асрлар давомида Қуръони Карим айнан Ҳафс қироати қоидалари асосида ўқилади.
Ҳафс қироатидан сўнг Варшнинг Нофеъ ал-Маданийдан қилган ривояти кенг тарқалган. Ушбу қироат Мағриб диёрлари, Африканинг ғарби ва Миср, Ливия, Тунис ҳамда Чад мамлакатларининг баъзи ҳудудларида тарқалган.
Варш қироатидан сўнг Абу Умар ад-Дурийнинг Абу Амр ибн ал-Ало ал-Басрийдан қилган ривоятидаги қироат Сомали, Судан, Чад, Нигерия ва Африканинг бир қанча ҳудудларида кенг тарқалган.
Мазкур қироатлардан сўнг Қолуннинг Нофеъдан қилган ривоятидаги қироат Ливия ва Туниснинг аксар ҳудудларида тарқалган.
1. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра Усмонийлар халифалиги дунёнинг аксар қисмини бошқарган вақтида мусҳафларни Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятидаги қироатга таяниб нашр қилган ва уларни тарқатган. Шу қироат асосида таълим бериш ва таълим олишни йўлга қўйган. Натижада, ушбу қироат кенг тарқалган. Усмонийлар халифалиги парчалангандан сўнг бошқа мусулмон мамлакатларида ҳам айнан Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятидаги қироат асосида мусҳафлар нашр этиш давом этган. Натижада, баъзи бошқа қироатлар кенг тарқалмагани сабабли фақатгина шу қироталарга мутахассис қориларнинг ўзидагина қолган. Лекин, Қуръон ходимлари бу қироатлар илмини қайта тирилтиришга киришдилар ва талабалар ўртасида кенг тарқата олдилар. Бугунги кунда қироатларни ёдлаган ва уни билиб, унда мутахассис бўлганлар сони кўпайиб кетди.
2. Имом Ҳафс роҳматуллоҳи алайҳ Қуръон таълимида бошқалардан илғор бўлган, у зот фақат Куфанинг ўзида таълим бериш билан чегараланмасдан, бошқа ислом ўлкаларида ҳам кўпчиликка Қуръондан дарс берган.
3. Ҳафс ривоятидаги қоидалар содда ва осонлиги билан эътиборлидир. Мад, идғом ва бошқа шу каби қоидаларда бу ривоят анча жўн бўлиб, шу боис уни ўрганиш осон. бу эса, ўз навбатида, уни ўрганувчилар сонининг ортишига сабаб бўлган.
4. Бошқа қироатлардаги қоидаларни ўрганиш ва ижро этиш кўпроқ малака талаб этади. Мусулмонлар ичида араблардан кўра ажамлар кўпайиб, кишиларда илмга бўлган рағбат ҳаракат пасайиб, мазкур қироатларни ўзлаштиришда кўпчилик машаққатга тушганини, энг ёмони уларни хато ўқишга ўтишганини кўрган уламолар оммани энг осон қироат – Ҳафснинг Осимдан қилган ривояти асосида ўрганишга тарғиб қилишган, бошқа қироатларни мутахассислар ўрганиб, сақлаб боришса, фарзи кифоя учун шу етади, дейишди.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَقْتُلُوا الصَّيْدَ وَأَنْتُمْ حُرُمٌ وَمَنْ قَتَلَهُ مِنْكُمْ مُتَعَمِّدًا فَجَزَاءٌ مِثْلُ مَا قَتَلَ مِنَ النَّعَمِ يَحْكُمُ بِهِ ذَوَا عَدْلٍ مِنْكُمْ هَدْيًا بَالِغَ الْكَعْبَةِ أَوْ كَفَّارَةٌ طَعَامُ مَسَاكِينَ أَوْ عَدْلُ ذَلِكَ صِيَامًا لِيَذُوقَ وَبَالَ أَمْرِهِ عَفَا اللَّهُ عَمَّا سَلَفَ وَمَنْ عَادَ فَيَنْتَقِمُ اللَّهُ مِنْهُ وَاللَّهُ عَزِيزٌذُو انْتِقَامٍ
Эй, имон келтирганлар! Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасддан ўлдирса, (жазоси) худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробар жазодир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолатли киши ҳакамлик қилур ёки (жазоси) каффорат: мискинларни овқатлантириш ёки ўша баробарида рўза тутишдир. (Буларнинг ҳаммаси) қилмишининг уволини тотиб кўриши учундир. Аллоҳ ўтган (ов жиноятлари)ни кечирди. Кимки (яна овга) қайтса, Аллоҳ ундан ўч олур. Аллоҳ қудратли ва интиқом эгасидир.

Моида сурасининг 95-оятидаги «Фажзаау мисли» ояти Имом Нофеъ, Ибн Касир, Ибн Омир, Абу Амр ибн Аъла ва Абу Жаъфар ибн Язид ибн Қаъқаъ қироатига мувофиқ. Лекин, бошқалар “Фажазааун мислу” деб, жаза сўзига танвин киритган ҳамда мисли сўзини мислу деб рафъ, яъни у билан ўқиган.
وَهُوَ الَّذِي يُرْسِلُ الرِّيَاحَ بُشْرًا بَيْنَ يَدَيْ رَحْمَتِهِ حَتَّى إِذَا أَقَلَّتْ سَحَابًا ثِقَالًا سُقْنَاهُ لِبَلَدٍ مَيِّتٍ فَأَنْزَلْنَا بِهِ الْمَاءَ فَأَخْرَجْنَا بِهِ مِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ كَذَلِكَ نُخْرِجُ الْمَوْتَى لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
“У ўз раҳматининг даракчиси сифатида шамолларни юборувчи зот бўлиб, (шамоллар) оғир булутларни кўтариб олгач, уни ўлик (чанқоқ) шаҳар (усти)га ҳайдаймиз. Бас, унга сув (ёмғир) ёғдириб, у сабабли меваларнинг ҳар туридан чиқарурмиз. Ўликларни ҳам (қабрларидан) шу тарзда чиқарурмиз, шояд (улардан) эслатма олсангиз.
Қуйидаги ояти каримадаги “бушрон” сўзи, уч хил қироат қилиниши бор. Биринчи, “нушрон” маъноси ёмғирни тарқатувчи. Иккинчи “нашрон” маъноси тарқалувчи, ёйилган, тирилтирувчи. Учунчи “нушурон” маъноси тарқатилган, ёйиб юборилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса, ўшандоқ ҳолида Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. У зотга Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олишни Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан Қуръони Каримни эшитиб ўрганиш билан бирга, у кишига ўқиб ҳам берар эдилар. У зот ҳар йили Рамазон ойида бир марта Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломга бошидан охиригача ўқиб берар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари вафот этадиган йиллари Қуръони Каримни бошдан охиригача икки марта ўқиб берганлар.
Ўз навбатида саҳобаи киромлар ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса, ўшандоқ ҳолида қабул қилиб олар эдилар.
Аста-секин саҳобаи киромларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошладилар. Улар бошқа саҳобаи киромларга Қуръони Карим қироатидан дарс ҳам берадиган бўлдилар.
Ўша қироатда устоз бўлган саҳобаи киромлардан ҳазрати Усмон, ҳазрати Али, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Дардо, Ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумни мисол тариқасида зикр қилишимиз мумкин.
Катта саҳобийлар кичикларига ва кейинроқ Исломга кирганларга қироатни ўргатар эдилар.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб ва бошқа саҳобаи киромларга қироатдан устоз бўлганлар.
Ўз навбатида саҳобаи киромлардан кейинги авлод тобеъинлар ҳам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса ўшандоқ ҳолида қабул қилиб олдилар. Аста-секин тобеъинларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошладилар. Улар бошқаларга Қуръони Карим қироатидан дарс берадиган бўлдилар.

ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси

ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов

391530cookie-checkҲафс қироатининг тарқалиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: