Қуръони каримда тарих, тиббиёт, табиат, ҳайвонот, кимё, ҳандаса, ҳисоб (математика), психология, педагогика ва яна кўплаб илмларга оид инсонни лол олдирадиган даражада маълумотлар бор. Шу фанлар билан Ислом уламолари орасида Қуръони карим қайси сифатлари билан мўжизалиги ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзи олимлар Қуръонда келган ғайб ҳақидаги хабарлар ва бир қаторда уламоларимиз Қуръони карим оятларини балоғат ва фасоҳат билан нозил бўлишини ҳам мўжизалардан бири деб ҳисоблайдилар. Зеро бу ҳар бир пайғамбарга берилган мўъжизалар, ўша даврда энг ривожланган, тарақиёт чўққисини забт этган фан ёки соҳага монанд равишда Аллоҳ томонидан берилган эди. Бунга сеҳр ривожланган даврда Мусо алайҳиссаломга берилган асо, тиббиёт ривожланган замонда Ийсо алайҳиссаломга берилган даъволаш мўъжизасини мисол қилиш мумкин.
Балоғат, шеърият, фасоҳатда энг юқори мақомга чиққан арабларга ҳам ўзларининг иқтидорларидан бир неча ўн барорбар, яна ҳам аниқ айтсак, инсониятни қудрати ҳеч қачон етмайдиган даражадаги етук балоғат билан нозил бўлган Қуръони карим ҳеч муболағасиз мўъжизадир. Ўқиш ва ёзишдан бехабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юксак балоғат ва фасоҳатли Қуръонни нозил бўлишини ўзи ҳам бир мўжиза эди.Балоғатнинг сўзловчига қўядиган талабига кўра, сўзловчи ҳар қандай мавзудаги фасиҳ гапни ҳолат тақозосига мослаштириб етказиш малакасига эга бўлиши энг муҳим омилдир. Сўзловчи фикрини турли бадиий бўёқлардан фойдаланиб ифодаласа-ю, ҳолатга мослай олмаса, у балоғат малакасига эга эмас – балиғ деб ҳисобланмайди. Шу ўринда тўтиқуш фасоҳат талабларига жавоб берадиган гапни гапира олишини, аммо у вазиятни ҳисобга олишни билмагани учун доимо дуч келган жойда такрорлайвериши билан балиғ бўла олмаслигини aytish мумкин. Балоғат илмида эса “Ҳар бир жойнинг ўз гапи бор” деб ҳисобланади.
Абдулқоҳир Журжоний ва Маҳмуд Замахшарийнинг хизматлари туфайли балоғат илми уч таркибий қисм: баён, маъоний ва бадиъга ажратилди.
Баёни илми тропларни, яъни сўзларнинг кўчма маънода ишлатилиши – ўхшатиш ва мажознинг барча турларини ўрганади.
Маъоний (маънолар) илми ўзбек тили стилистикасидаги стилистик синтаксис мавзусига мос келади. Ундa фикрни тўлиқ ифода этиш учун грамматика лексик воситалардан фойдаланиш қонун-қоидалари ўрганилади.
Бадеь илми фигуралар, ҳар хил шеърий-шаклий (қофия) санъатлар ҳакидаги илмдир. Демак, баён ва бадиъ илмлари адабиётшунослик соҳаси мавзуларига, маъоний илми эса филологик илмларнинг тилшунослик қисмига тўғри келади.
Тибоқ мутобақа деб ҳам номланади. Бу бир-бирига карама-карши бўлган икки сўз ўртасини жамлашдир. Бу икки сўз гохида иккита исм бўлади. Масалан: Kahf surasining 18-oyati
(وتحسبهم أيقاظا وهم رقود) (١٨ الكهف)
“Ухлоқ бўлсаларда, (кўзлари очиқ бўлгани учун) уларни уйғоқ деб ўйлайсан.” Булар икки бир-бирига қарама-қарши бўлган исмлар бўлиб, бир жумлада жамланяпти. Уларни уйғоқ деб ўйлайсан, ваҳоланки, мудроқдирлар. Уйғоқ ва мудроқ сўзлари бир жумлада келди, шунинг учун мутобақа бўлди. Кўриб турганимиздек, иккала лафз ҳам исм сўз туркумидандир.
Иккинчиси салбий тибоқ – бу икки зид калима ижобий ва салбий жихатдан аралашган гап. Гоҳида битта масдардан хосил бўлган икки феъл бир гапда жамланади. Улардан бири бир марта мусбат формада бўлади ва иккинчи марта уни инкор килиб келади. Бунга мисол:
يعلمون ظاهرا من الحياة الدنيا وهم عن الخرة هم غافلون (الروم-7 )
Улар охиратдан гофил (бехабар) бўлган ҳолларида факат (шу фоний) дунё ҳаётининг зоҳиринигина билурлар.
Бу оятда икки зид феъл “билурлар” ва о “бехабар” бир гапда жамланган.
قل هل يستوي الذين يعلمون والذين لا يعلمون(الزمر- 9)
Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”
Бу оятда хам икки зид феъл “биладиганлар” билан U “билмайдиганлар” бир гапда жамланган.
Шулардан келиб чиқадики, Қуръони каримдаги барча оятлар балоғат ва фасоҳат билан нозил қилинган. Ҳар бир оятда фикр юритишимиз учун ҳар томонлама ибрат бор. Хоҳ у илмий жиҳатдан бўлсин, хоҳ имловий сўз ишлатиш маҳоратидан бўлсин ҳар жиҳатдан Қуръони каримда ўринли ўрнак бор.
Тошкент ислом институти 4 курс
талабаси Убайдуллаева Нилуфар