islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Яҳудий қори (биринчи қисм)

Бизнинг мусулмон халқимиз азалдан ўзининг ҳушмуомалалиги,  меҳмондўстлиги билан ажралиб туради. Бу чиройли хулқлар миллий-диний қадрятларимизга асосланган. Халқимиз барчага ўрнак, ҳаттоки, бошқа миллат ё бошқа динга мансуб бўлсин, уларга очиқ юз, гўзал муомалада бўлади. Шу сабаблими, кўплаб инсонлар юртимизда тинч-тотув яшашган ва Аллоҳнинг ҳидоятига эришганлар. Шундай кишилардан бири яҳудий қори Иброҳим бўлган. Биз уларнинг ҳаётларида бўлиб ўтган бир неча ибратларни сизлар билан бўлишмоқчимиз.

 1943 йил Совет Иттифоқи ҳудудида динга бўлган муносабат бироз юмшаб, жойларда диний ташкилот ва масжидлар очилишига рухсат берилди. Жумладан, Марғилонда «Ҳонақоҳ» масжиди ҳам очилди ва унга Мушаррафхон Охун домла имом этиб тайинланди. Қурбон ҳайити куни ийд намози масжидда ўқиладиган бўлди. Одамлар эрталабдан масжидга намоз ўқиш учун тўплана бошладилар. Айрим кишилар Ислом одоби ва одатига кўра болаларини ҳам етаклаб олишган эди. Марғилонга яқиндагина кўчиб келган Исмоилович Тошпўлатнинг тўнғич ўғли Илюш эшик олдига чиқиб мусулмонларнинг байрам кайфиятларини ақл ва меҳр кўзи билан кузатар эди. Бирдан унинг қалбида бир ҳис пайдо бўлди, кўнглига ҳақиқат шуъла сочди. У ўзининг яҳудий фарзанди бўлгани учун масжидга боришдан маҳрум эканини ўйлаб, қалбини «Қани энди, мен ҳам мусулмон фарзанди бўлганимда, ҳозир намоз ўқиш учун масжидга кетаётган бўлар эдим», деган ўксиклик қамраб олди. Ўшанда у 12 ёшда эди. Бу унинг қалбига экилган иймон уруғи эди. Шундан сўнг унинг Ислом динига бўлган қизиқиши ва муҳаббати ортиб борди. Дўстлари мусулмон болалари эди. Бундан ташқари маҳалладаги косибларнинг  анча-мунча юмушларига қарашиб турарди.

Шуларнинг таъсири ва бошқа сабаблар биланми, орадан бир неча йиллар ўтиб, Аллоҳ таоло Илюшнинг қалбидаги иймон нурини юзага чиқарди. Ўшанда у 16 ёшда эди. Келинг, унинг иймон қиссасини ўз тилидан эшитайлик. У ҳаётини ўзгартириб юборган бу воқеани шундай ҳикоя қилади: «1947 йил март ойи эди. Ўзим ишлайдиган цех раҳбарига: «Тоға, мен бир ошга харажат қилсам, шу бугун тушликка бўлса, ҳамма корхонадагиларни таклиф қилсак», дедим. У киши менга: «Сен яҳудий бўлсанг, ошингни ким ейди», деди. Мен: «Сиз индамай чақираверинг, қалбимда бир гап бор, шуни айтаман», дедим. У “Хўп”, деб тушликка ҳаммани таклиф қилди.

Ҳамма таомланиб бўлгач, бошлиқ: «Ошни шу бола қилиб берди, қалбида сизларга айтадиган гапи бор экан», деди. Шу онда мени ўзгача ҳаяжон чулғаб олган эди. Ичимдан ўтаётган туйғуларни сўз билан ифодалаб бера олмасдим. Тилим зўрға калимага келиб: «Бу ошни қилишдан мақсадим Исломни қабул қилганимни билдириш эди», дея олдим, холос. Сўнг уларнинг олдида иймон калималарини айтиб мусулмон бўлганимни эълон қилдим, улар гувоҳ бўлдилар. Уларнинг баъзилари хурсанд бўлишди, баъзилари эса, “Ота-онанг нима деркин”, дейишди. Чунки ўша вақтларда партиячилик ҳам авж олган эди. Мен уларга ота-онамни кўндиришимни айтдим.

 Мусулмон бўлганимни билиб, ота-онам кўп қаршилик қилишди. Онанинг фарзандга муҳаббати отага нисбатан зиёдароқ бўлар экан. Менинг бошқа динга ўтганимдан, айниқса, онам кўпроқ ташвишга тушдилар. Мен уларга: «Мусулмон бўлганим билан сизларни ташлаб қўймайман, сизлардан доим хабар олиб тураман», дедим».

Ёш яҳудий йигитнинг мусулмон бўлганидан, иймон-у эътиқодидан хабар топган айрим аҳли илм кишилар у билан қизиқа бошладилар. Марғилоннинг Чўқмозор маҳалласида иккинчи жаҳон уриши қатнашчиси бўлган Собир қори деган ўзига яраша илмли, тақволи, аҳли тариқат, шижоатли инсон бор эди. У мазкур йигитни ўзи истаб топиб, унинг таълим-тарбияси билан шуғиллана бошлади, унинг исмини Иброҳимжон деб ўзгартирди ва уни ўзига ўғил қилиб олди. Унга ҳарф танитди ва дарс ўқитди.

Иброҳимжонни ўз қарамоғига олиб, унга таълим берган асосий устозлари юқоридаги Мирза ҳожи Муҳаммад домла ўғли Собир қори ака ва Қувалик Амр ҳожи бувалар бўлишган. Лекин Иброҳимжон бу билан кифояланмай, шаҳардаги оқсоқол Муҳаммад Амин қори бувадан унинг уйида истиқоматда бўлиб таълим олган. Шунингдек, у Тошкентдаги Охун домладан ва Қирғизистондаги аҳли илмлар ҳузурида ҳам илм талабида бўлган.

 Бироқ Иброҳимжоннинг бу юриши ҳаммага ҳам бирдек ёқавермасди. Қариндошлари ва қавмдошлари уни динидан қайтаришга кўп бора ҳаракат қилишди, яхши гапиришди, бойлик ваъда қилишди, дўқ-пўписа қилиб қўрқитишди, хатто ўлдирмоқчи ҳам бўлишди, лекин бу ишларнинг ҳеч бири унинг иродасини бука олмади. У пул ваъда қилганларга: «Мен бу динга Аллоҳнинг розилиги учунгина кирдим, дунё учун эмас, менинг бу пулларингизга эҳтиёжим йўқ», деб жавоб берди ва Аллоҳга таваккул қилди. Уни Роббул-оламиннинг Ўзи ҳийла ва зарарлардан асради, азизу мукаррам қилди.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти

 4-босқич талабаси Мухторов Мавлонбек

393220cookie-checkЯҳудий қори (биринчи қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: