islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аббосийлар даврида ҳанафий мазҳаби уламоларининг илмий фаолияти

Аббосийлар даврида, ҳижрий иккинчи-учинчи асрда яшаган ҳанафий мазҳаб уламолари кўплаб асарлар ёзиб қолдирганлар. Улардан баъзиларини қуйида келтирамиз.

Муалло ибн Мансурнинг “Наводир” асари. Бу асар мазҳабдаги имомлар (Абу Ҳанифа, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад)дан ривоят қилинган нодир масалалардан иборат бўлиб, унинг тартибланиб, бобларга тақсимланиши мазҳабдаги таниқли китоблардан фарқ қилади. Асарнинг бошланиша даъво бобидан бошланиб қул озод қилиш боби билан ниҳояланган.

Асарнинг далил келтириш ва ихтилофли масалаларни зикр қилиш услуби қуйдагича:

Асардаги масалалар кўп ўринда имом Абу Юсуфдан ривоят қилинган масалалардан бошланади. Баъзи ўринларда имом Абу Юсуфнинг имом Абу Ҳанифадан қилган ривояти ва имом Муҳаммаднинг айтган масалалари биринчи келтирилади. Бу имомлардан бошқаларнинг фикрлари камдан-кам ҳолатларда келтирилади. Далилларни эса зарурат бўлгандагина келтирилади.

Абу Жаъфар Таҳовийнинг “Мухтасар” асари. Бу асар ҳанафий мазҳаби фиқҳида қисқа ва лўнда баён қилинган мухтасарларнинг муқаддам ёзилганларидан ҳисобланади. У мазҳабдаги энг керакли ва мўътабар масалаларни ўзида жамлаган. Уни ўқиган киши бошқа мухтасарларда учрамайдиган нодир масалаларни топади. Таҳовий бу асарини эллик уч бобга ажратган. Таҳорат бобидан бошлаб кароҳият боби билан тамомлаган. Имом Таҳовий мазҳабдаги катта имомлар (Абу Ҳанифа, имом Абу Юусуф ва имом Муҳаммад) ўртасидаги ихтилофларни кўпинча ўзи устун деб билганларини танлаб баён қилади. Камдан-кам ҳолатда далилларни ва ҳанафийдан бошқаларнинг фикрини айтиб ўтади .

Имом Таҳовий бу асарининг муқаддимасида шундай деган: “Бу китобимда фиқҳнинг шундай турларини жамладимки, уни билмаслик ва билишдан ортда қолиш дуруст бўлмайди. У ҳақида (фиқҳий масалалар) бериладиган жавобларни имом Абу Ҳанифа, имом Абу Юусуф ва имом Муҳаммадларнинг сўзлари асосида баён қилдим”.

“Аш-шурут ас-сағир” асари. Имом Таҳовий бу асарида муомалат масалаларини баён қилган. Уни ўттиз уч сарлавҳада жамлаган ва савдо-сотиқ масалаларидан бошланган. Бу асар мазҳабдаги муҳим манбалардан ҳисобланади .

“Шарҳи мулкил осор” асари. Таҳовий бу китобида бир-бирига зид бўлиб кўринган ҳадислар ўртасини мувофиқлаштириб, жамлашга ҳаракат қилган. Таҳовийнинг бу борадаги услуби шундай бўлган. “У ҳар бир бобга зоҳири бир-бирига зид кўринган икки ҳадисни иснодлари, нақл ва ривоятлари билан келтириб, ундан сўнг ундаги хилоф ўринлари ҳақида сўз юритган. Сўнг ҳадисларнинг маъноси бирлаштириб, ундаги хилоф, бир-бирига зидлик кўтарилгунга қадар шарҳ ва таҳлил қилган”.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

395080cookie-checkАббосийлар даврида ҳанафий мазҳаби уламоларининг илмий фаолияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: